Ўзбекистон | 14:17 / 15.10.2018
91672
4 дақиқада ўқилади

Қизиқ факт: тўлов-контракт қимматлашгани айрим талабалар учун фойдали бўлди

Тўлов-контракт қачондан ошади?

Давлат қабул комиссиясининг 2018 йил 4 июлдаги 2-сон баёнининг 12-иловаси билан 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ОТМларда битта талабани тўлов-контракт шаклида бир йиллик ўқитиш миқдорлари тасдиқланган эди. Илк марта тўлов-контрактлар энг кам иш ҳақи миқдорига боғлаб қўйилганди.

Демак, энг кам иш ҳақи ошса, контракт ҳам худди шунча фоизга ошади.

Фақат кўпчилик бир қоидадан бехабар. Худди шу ҳужжатнинг иловасида изоҳ сифатида айтилганки, республикада энг кам ойлик иш ҳақи миқдорлари оширилганда мос равишда тўлов-контракт қиймати миқдорлари навбатдаги семестр бошидан ошириб борилади.

Бу нима дегани?

Бу шуни англатадики, контрактлар баҳорги семестрдан, яъни март ойидан ошади, кузги семестрга тўланган контракт учун қўшимча тўлов тўлаш шарт эмас.

Агар кимдир контрактини олдиндан 1 йиллик тўлаб қўйган бўлса ҳам, барибир 2-семестр учун юзага келган фарқни қўшимча тўлов қилишига тўғри келади.

Ҳисоб-китоб қандай бўлади?

Ҳисоб-китоб қандай бўлишига қуйида бир мисол келтирамиз.

Айтайлик, ОТМда тўлов-контракт ЭКИҲнинг 45 баробари, яъни бугунги кунда 8 млн 293 минг 500 сўм. Кейинги семестрдан худди шу контракт 9 млн 122 минг 850 сўм бўлади.

Демак, талаба 1-семестрда 8.293.500 сўмнинг ярмини, яъни 4.146.750 сўм тўлайди. 2-семестрда эса 9.122.850 сўмнинг ярмини, яъни 4.561.425 сўм тўлайди. Натижада ушбу талаба учун 1 йиллик контракт миқдори 8 млн 708 минг 175 сўмга тўғри келади. Бу дегани контракт миқдорлари 10 фоизга эмас, балки 5 фоизга ошади.

ОТМларда тўлов-контракт қийматининг семестрлар кесимида миқдори (бакалавр, кундузги мисолида):

Кимгадир фойда, кимгадир зиён

Бир қарашда контракт миқдорининг ошиши барча учун моддий зарар келтирадигандек кўринади. Ахир контракт ошади-ю, чўнтакка зиён бўлмайдими?

Бироқ математик ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, стипендия ва контрактлар ошиши талабаларнинг 4 ёки 5 баҳо оладиган қатлами учун фойдали бўлган.

Ҳозир тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Стипендиялар ноябрь ойидан ошади, контракт эса кейинги семестрдан (март ойидан). Демак, талабалар ўртада бир неча ой оширилган стипендия олиб, эски нархдаги контракт билан ўқишади. Бундай вазият юқори қийматдаги стипендия оладиган талабалар учун айни муддао. Улар йиллик контракт миқдоридан 5 минг сўмдан 200 минг сўмгача фойда қилишади (контракт нархи ва стипендия қийматига боғлиқ).

Лекин гарчи стипендия ва контракт бир хил – 10 фоизга ошга бўлса ҳам, талабаларнинг аксарият қисми зарар кўргани ҳам рост. Улар аввалгидан кўпроқ контракт тўлашига тўғри келади. Чунки 500 минг сўмлик стипендия 50 минг сўм ошса, 10 млн. сўмлик контракт 1 млн сўм ошади.

Контрактлар ошишидан энг кўп зарар кўрадиган қатлам, бу сиртқи ва кечки таълимдаги талабалардир. Чунки улар стипендия олишмайди, лекин контракти стипендия оладиган бакалавр босқичи талабалариники билан бир хил. Ушбу масалани аввалроқ Телеграм каналимда кўтариб чиққан эдим, лекин ҳозирча расмийлардан бу ҳолатга муносабат билдирилмади.

Қуйидаги жадвалда стипендия ва контракт миқдорларининг ошиши йиллик ҳисобда қайси талабаларга фойда, қайсиларига зиён келтиргани ҳақида маълумотни кўришингиз мумкин (бакалавр, кундузги мисолида):

Хуллас, 2-семестрдан контракт миқдорлари қуйидагича бўлади (агар март ойигача яна ЭКИҲ ошиб қолмаса):

БАКАЛАВР (кундузги, сиртқи ва кечки)

1-тоифа: 45 баробар – 9 млн 122 минг 850 сўм

2-тоифа: 46 баробар – 9 млн 325 минг 580 сўм

3-тоифа: 50 баробар - 10 млн 136 минг 500 сўм

4-тоифа: 55 баробар - 11 млн 150 минг 150 сўм

5-тоифа: 60 баробар - 12 млн 163 минг 800 сўм

МАГИСТРАТУРА

1-тоифа: 49 баробар – 9 млн 933 минг 770 сўм

2-тоифа: 51 баробар – 10 млн 339 минг 230 сўм

3-тоифа: 55 баробар – 11 млн 150 минг 150 сўм

4-тоифа: 61 баробар – 12 млн 366 минг 530 сўм

5-тоифа: 66 баробар – 13 млн 380 минг 180 сўм

Хушнудбек Худайбердиев, ҳуқуқшунос

Мавзуга оид