Ўзбекистон | 14:03 / 10.12.2021
15672
3 дақиқада ўқилади

Парламент ялпи мажлиси 48 дақиқагина тўғридан тўғри эфирга узатилди. Ҳолат жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди

Видеодан кадр

2021 йил 10 декабр куни бошланган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси тўғридан тўғри эфирга 48 дақиқагина узатилди. Аслида, ушбу жонли эфир ҳам Қонунчилик палатаси ёки бошқа масъул давлат ташкилоти эмас, “Ўзрепорт” телеканали томонидан ташкил этилди.

“Ўзрепорт” телеканали мухбирининг билдиришича, аввалдан режалаштирилган бокс бўйича чемпионат дастурини соат 11:00дан эфирга узатиш мақсадида ялпи мажлисни эфирга узатиш тўхтатилган.

Шундан сўнг, жамоатчиликда Қонунчилик палатаси ялпи мажлисини жонли эфирда кузатиш имконияти йўқолди. Ҳолат президент фармонига риоя қилинмаётганини кўрсатди.

Хусусан, фармонда МТРК ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 2021 йил 1 декабрдан бошлаб Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессияларини телеканаллар ва интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилишини таъминлаш вазифаси юкланган.

Ушбу воқеа жамоатчиликнинг такрорий эътирозларига сабаб бўлди.

Парламент қуйи палатасининг ялпи мажлиси тўғридан тўғри эфирга бор-йўғи 48 минут кетди. Унда бирор-бир масала кўрилмади, балки баландпарвоз гаплар, пахталар янгради. Гимн мақталди, инсон ҳуқуқлари мақталди, коррупция мақталди ва 48:48 дақиқада эфир узилди. Телеканалда кетмаса, интернетда кетавериши керак эди, аммо ундай бўлмади.

Ваҳоланки, депутатлар жиддий масалаларни кўриши керак эди. Масалан, давлат органлари шаффофлигини таъминлашда жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича парламент сўровига молия вазири Тимур Ишметов жавоби, ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳақида яна фильтрланган ахборот ўқишга мажбур бўламиз”, – дея муносабат билдирилди davletovuz телеграм каналида.

Қонунчилик палатаси ҳолат бўйича берган расмий муносабатида жонли эфир “Ўзрепорт” телеканали бокс бўйича чемпионат дастурини узатишни мақсад қилгани туфайли тўхтаб қолганини, палата “мамлакатда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини” билдирган. Муносабатда жонли эфирни давом эттириш масаласи тилга олинмаган.

Фармонда жонли эфирга масъул этиб белгиланган МТРК ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳозирча расмий муносабат билдирмади.

Аввалроқ, Қонунчилик палатасидаги “Ҳукумат соати” президент фармонига зид равишда жонли эфирга узатилмаганди. Палата матбуот хизмати Kun.uz сўровига жавобан Telegram'даги ёзма трансляция ҳам жараённи жонли ёритиш деб ҳисобланишини билдирганди.

Мавзуга оид