Спорт | 20:42 / 30.12.2020
9004
3 дақиқада ўқилади

10 ёшли шахматчи Спорт вазирлиги ўтказган мусобақада Spark ютиб олди

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Esports Uzbekistan, Full Level Esports ҳамда UZREPORT TV ва FUTBOL TV телеканаллари ҳамкорлигида ташкил этилган «Янги йилга спорт билан!» шиори остидаги оммавий спорт фестивали ўз якунига етди.

Фестивалнинг сўнгги кунида юртдошларимиз йилнинг энг йирик лойиҳалари – шахмат бўйича онлайн Ўзбекистон чемпионати ҳамда киберспорт бўйича «Uzbekistan Online Cup» мусобақаларининг Grand Final баҳслари ғолибларини билиб олишди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан аҳоли ўртасида ташкил этилган «Уйда қол ва ғалаба қозон!» шиори остидаги шахмат бўйича Ўзбекистон иккинчи онлайн чемпионати 2020 йил 20 июлдан 15 ноябрга қадар ўтказилди. Қарийб беш ой давомида шахмат ишқибозларини ҳаяжонда ушлаб турган мусобақанинг Grand Final баҳслари офлайн тарзда ташкил этилди.

Ўтган давр мобайнида шахмат бўйича иккинчи онлайн Ўзбекистон чемпионатининг 50 та саралаш босқичида жами 6 650 нафар иштирокчи қамраб олиниб, улар орасидан 500 нафар сараланган шахматчи бош соврин – Spark автомобилини қўлга киритиш учун шу йил 28-30 декабр кунлари пойтахтимиздаги «Миллий» стадионида ўтказилган Grand Final'да иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Саралаш босқичларида ўртача 800-1000 нафар шахматчи иштирок этди.

Grand Final мусобақасида 2010 йил 7 феврал куни Тошкент шаҳрида туғилган Хумоюн Бекмуродов ғолиб чиқиб, унга Президент совғаси — Spark автомобили топширилди.

Х.Бекмуродов Халқаро шахмат академияси тарбияланувчиси бўлиб, спорт усталигига номзод саналади. У шахмат бўйича 5 карра Ўзбекистон, 9 маротаба Осиё ва 5 бора Жаҳон чемпионати ғолиблигини қўлга киритган.

Шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги фестивал доирасида 2020 йилнинг энг яхшиларини ҳам тақдирлади.

Анчайин мураккаб шароитда кечган 2020 йилнинг «Энг яхши спортчиси» номига оғир жарроҳлик операциясидан кейин юксак матонат кўрсатиб, яна спортга қайта олган ва улкан ютуқларга эришган дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Давлат Бобонов сазовор бўлди.

«Йилнинг энг яхши тренери» номинациясида ғолиблик самбо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Роман Шакировга насиб этди.

Қолган номинациялар ғолиблари билан танишинг:

  • «Йилнинг энг яхши спорт шифокори» – Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази спорт травматологи Суннатилла Йўлчиев;
  • «Йилнинг энг яхши спорт ташкилоти» – Ўзбекистон Оғир атлетика федерацияси.

Тақдирлаш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов ва бошқалар иштирок этишди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати

Тайёрлаган:  Жамшид Рузибаев

Мавзуга оид