Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Қатарликларнинг Эрондан жаҳли чиққан” – Доҳадаги ўзбек ишчи
Яқин Шарқдаги беқарор вазият фонида Қатар ҳукумати ўз ҳудудига қаратилган ракета ҳужумларини деярли тўлиқ қайтарганини эълон қилди. Мудофаа, ички ва ташқи ишлар вазирликлари биргаликда ўтказган матбуот брифингида мамлакат қуролли кучлари Эрон йўналишидан учган бир нечта ракеталарни муваффақиятли йўқ қилгани, инсонлар қурбон бўлмаганини билдирди. Kun.uz билан гаплашган Доҳада яшовчи юртдошимизга кўра, одамлар саросимада эмас, аксинча, ҳукуматга ишонмоқда.
Расмийлар хавфсизлик тизимининг самарадорлиги ва олдиндан режалаштирилган мудофаа чоралари эвазига Қатар катта зарар кўрмаганини айтмоқда. Фуқароларга ташқарига чиқмаслик, дераза ва очиқ майдонлардан узоқроқ бўлиш каби оддий хавфсизлик тавсиялари берилган, шунингдек, ҳукумат ижтимоий тармоқларда тарқалаётган асоссиз миш-миш ва шубҳали хабарлар ҳақида эҳтиёткор бўлишни сўраган.
“Биринчи кундаёқ ракета келишидан тахминан 10 дақиқа олдин телефонларимизга хабар келди ва фавқулодда ҳолат эълон қилингани айтилди. Ракета товушларини эшитдик, айниқса ҳарбий база яқинидаги ҳудуддан кўп видеолар тарқади. Бугун ҳам ишга келишимдан аввал телефонларимизга билдиришномалар келди ва 10-20 дақиқадан кейин ракетани уриб туширишди”, - дейди Ҳамробек Йўлдошев.
Кескинлик авж олган пайтда Қатар расмийлари ҳаво ҳудудини вақтинча ёпганини билдирди. Бу чора рейслар хавфсизлигини таъминлаш ва шубҳали ракета ҳужумлари хавфини камайтириш учун амалга оширилган эди, натижада Qatar Airways ва бошқа авиакомпанияларнинг парвозлари вақтинча тўхтатилди.
“Бизда фақат огоҳлантириш бор, кўчаларда юришга тақиқ йўқ. Масалан, супермаркетлар 24/7 режимида ишлаяпти, ҳукумат шундай қилишга буйруқ берган. Яъни одамлар қўрқиб овқат ғамлашига ҳеч ҳожат йўқ”, дейди Доҳадаги ҳамюртимиз.
Қатар ҳукумати бу ҳужумларни халқаро ҳуқуқни бузувчи ва суверенитетга таҳдид сифатида қоралаган ҳамда минтақавий тинчликни сақлашни устувор мақсад деб эълон қилган кўплаб Араб давлатлари билан биргалик баёнотига қўшилган. Жумладан, Қатар, АҚШ, БАА, Саудия Арабистони, Кувайт, Баҳрайн ва Иордания каби давлатлар Эроннинг ракета ва дрон зарбаларини кескин қоралаб, бу ҳаракатларни минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни бузувчи амалиёт деб атади. Эрон эса уруш бошланишидан аввал бундай йўл тутиши мумкинлигини айтиб огоҳлантирган эди.
Эслатиб ўтамиз, Қатар узоқ йиллар давомида Яқин Шарқда мураккаб мувозанатли сиёсат олиб борган давлатлардан биридир. Мамлакат расмийлари Эрон билан ҳам тарихан континентал даражада дипломатик алоқаларни сақлаб келган бўлса-да, ҳозирги ҳарбий ҳужумларни қабул қилиб бўлмайдиган ҳаракат деб ҳисоблайди. Бу воқеа Қатар–Эрон муносабатлари нуқтаи назаридан ноқулай ҳолат деб кўрилмоқда.
Мавзуга оид
11:22 / 23.03.2026
Қатарда ҳарбий вертолёт ҳалокати: етти киши вафот этди
20:13 / 19.03.2026
Исроил дунёдаги энг йирик газ конига зарба берди. Газ нархи кўтарилиб кетди
15:44 / 19.03.2026
Украина ва Испания мудофаа соҳасида янги келишувлар имзолади
22:38 / 17.03.2026