Жаҳон | 20:13
19953
6 дақиқада ўқилади

Исроил дунёдаги энг йирик газ конига зарба берди. Газ нархи кўтарилиб кетди

Эрон эса бунга жавобан Қатарга ҳужум қилди – суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги энг йирик кластер зарба остида қолди.

Фото: Vahid Salemi / AP / Scanpix / LETA

Исроил 18 март куни Жанубий Форсга – дунёдаги энг йирик газ конининг Эронга тегишли қисмига (иккинчи қисмидан Қатар фойдаланади) зарба берди. Эрондаги Tasnim ва Mehr давлат агентликларига кўра, Асалуйе номли саноат шаҳри атрофидаги нефт-кимё корхоналарига ҳам ҳужум қилинган.

Жанубий Форс кони захиралари 14,2 триллион метр куб деб баҳоланади. Reuters агентлиги қайд этишича, бу 13 йил мобайнида бутун дунёнинг эҳтиёжларини қондириш учун етарли ҳисобланади.

Жанубий Форс, 2026 йил 18 март
Social Media / Reuters / Scanpix / LETA

Эрондаги газ қазиб олишнинг 70 фоиз қисми Жанубий Форс ҳиссасига тўғри келади. Бу газ асосан ички бозорга етказиб берилади, аммо бир қисми Туркия ва Ироққа ҳам экспорт қилинади. Исроил зарбаларидан кейин газ етказиб бериш тўхтатилган.

Ироы электр станциялари ишлаши учун керак бўлган газнинг учдан бир қисми Эрондан импорт ҳисобига қопланади, дея қайд этади Anadolu. Эрондаги INA агентлиги хабарига кўра, Ироқ энергетика вазирлиги электр станциялар ҳозирча маҳаллий ресурслардан фойдаланаётгани ва вазият «нисбатан барқарорлиги»ни билдирган, шу билан бирга, Эрон гази етказиб берилиши тўхтатилиши «жиддий риск» туғдиришидан огоҳлантирган.

Ироқ ТИВ Жанубий Форс бўйлаб зарбаларни қоралаган ва бу зарбалар «жиддий кескинлашув ҳамда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка тўғридан тўғри таҳдид», шунингдек, «халқаро ҳуқуқнинг фундаментал принциплари ва нормалари бузилиши» эканини қайд этган. БАА расмийлари ҳам Жанубий Форс бўйлаб зарбаларни нафақат глобал энергия таъминотига, балки минтақавий хавфсизликка ҳам тўғридан тўғри таҳдид соладиган «жиддий эскалация» деб атаган. Қатар ҳужумни «хавфли ва масъулиятсизлик билан ташланган қадам» сифатида баҳолаган.

РФ президенти махсус вакили Кирилл Дмитриев Жанубий Форс бўйлаб зарбани «бурилиш палласи» деб атади, Германия ташқи ишлар вазири Йоҳанн Вадефул эса Эрон билан уруш «нафақат бу минтақани, балки бутун дунёни чуқур инқирозга олиб кириши»ни айтди.

Жанубий Форс бўйлаб зарбалардан кейин Эрон бунга жавобан АҚШнинг минтақадаги иттифоқчилари бўлган мамлакатларнинг «ёқилғи, энергетика ва газ инфратузилмалари»га ҳужум қилишини маълум қилди. Эрон телевидениеси жавоб зарбалари учун «қонуний нишонлар» рўйхатига Саудия Арабистони, Қатар ва БАА нефт-газ объектлари киритилганини эълон қилди.

18 март куни кечқурун Эрон Қатардаги Рас-Лаффан комплексига – дунёдаги энг йирик суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқариш кластерига ҳужум қилди ва Pearl GTL газни қайта ишлаш қурилмасига «жиддий зарар» етказди.

19 март тонгида QatarEnergy нефт-газ компаниясининг суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқариш бўйича бир неча объектлари Эрон томонидан такрорий ракета зарбаларига учради. Ҳужум кучли ёнғинлар келтириб чиқарган.

Жаҳонда суюлтирилган табиий газ етказиб беришнинг 20 фоизи Қатар ҳиссасига тўғри келади. Ҳозирда Рас-Лаффан комплекси фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Ҳужумдан сўнг Қатар Эрон элчихонаси ҳузуридаги ҳарбий атташе ва хавфсизлик масалалари бўйича атташени персона нон грата деб эълон қилди ва улардан мамлакатни тарк этишни талаб қилди. Қатар ТИВ  бу қарор Эроннинг «аниқ тажовузи» ва унинг мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини бузган ҳаракатларига жавобан қабул қилинганини таъкидлаган. Саудия Арабистони эса нефтни қайта ишлаш заводларига берилган зарбалардан сўнг, агар зарур деб ҳисобласа, Эронга қарши «ҳарбий чоралар қўллаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши»ни маълум қилди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Жанубий Форс газ конига зарбаларни «Яқин Шарқда бўлаётган воқеаларга жавобан» Исроил йўллагани, аммо АҚШ «бу ҳужум ҳақида олдиндан билмагани», Қатар эса «бунга ҳеч қандай шаклда алоқадор бўлмагани»ни айтди. Трамп Қатар бўйлаб зарбани «асоссиз ва адолатсиз» деб атади.

Аммо Axios нашри журналисти Барак Равид Америкадаги ва Исроилдаги манбаларига таяниб, Трамп Исроилнинг конга ҳужуми ҳақида хабардор бўлгани ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан зарбани мувофиқлаштирганини хабар қилди. Равиднинг суҳбатдошлари версиясига кўра, АҚШ президенти Эрон Ҳўрмуз бўғози орқали нефт етказиб беришни тўсиб қўйганига жавобан Жанубий Форс бўйлаб зарба беришни маъқуллаган.

Трамп Исроил Жанубий Форс бўйлаб бошқа зарба йўлламаслигини ваъда қилган, шу билан бирга, агар Эрон Қатарга яна ҳужум қиладиган бўлса, конни «бутунлай портлатиб юбориши» билан таҳдид қилган.

Жанубий Форс бўйлаб зарбалар ва Эроннинг Қатарга ҳужуми ортидан нефт ва газ нархи кескин кўтарилиб кетди. 19 март куни эрталаб Европа биржаларида газ 25 фоиздан ортиқроққа қимматлаган. Ҳозирда Европада газнинг биржадаги нархи АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши бошланишидан олдинги нархларга қараганда икки баравар юқори бўлиб қолмоқда.

Нефт нархи ҳам ўсмоқда. Brent аралашмасининг нархи савдолар очилганидан кейин бир баррел учун 119 долларга яқинлашди.  Лондондаги ICE биржасида бир баррел учун 114 доллардан сотилган. Уруш бошланишидан олдин Brent нефтининг бир баррели 73 доллар атрофида эди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид