Жамият | 19:29 / 08.06.2021
25892
2 дақиқада ўқилади

Туркиялик тадбиркорлар халқаро арбитраж судига Ўзбекистонга қарши даъво аризаси киритди

Бир гуруҳ туркиялик тадбиркорлар Жаҳон банки (ICSID) ҳузуридаги Инвестиция бўйича низоларни ҳал қилиш халқаро марказига Ўзбекистонга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилди.

Меҳмет Зеки Обуз бошчилигидаги бир неча туркиялик тадбиркорлар ва ширкатлар Жаҳон банки гуруҳининг Инвестицион баҳсларини ҳал этиш бўйича халқаро марказига (ICSID) Ўзбекистон устидан шикоят киритди. Халқаро низода жавобгар сифатида Ўзбекистон ҳукумати келтирилган.

2021 йил 4 июнь куни рўйхатга олинган шикоят аризасининг предмети «озиқ-овқат маҳсулотлари» савдоси эканлиги ёзилган, лекин даъво суммаси ва ишга доир бошқа маълумотлар очиқланмаган. Ҳозирда иш ташкилот томонидан кўриб чиқилмоқда.

Маълумотларга кўра, Меҳмет Зеки Обуз Ўзбекистонга 1990-йилларда келган, у «Сундус» қўшма корхонаси асосчиларидан бири, 1998 йилда эса унинг бош директори бўлган.

Spot нашрига кўра, Меҳмет Зеки Обуз Ўзбекистонда бир қанча вақт бизнес юритган, кейинроқ контрабанда ва солиқларни тўлашдан бўйин товлаш айби билан қамоққа олинган.

Маълумотларга кўра, бунга қадар халқаро арбитражга Ўзбекистонга нисбатан 8 марта даъво киритилган, шу жумладан, Newmont, Меtal-Теch, Turkuaz, «МTS», Spentex ва бошқалар ишлари мавжуд.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид