Спорт | 20:10 / 27.10.2021
43240
2 дақиқада ўқилади

Бокс бўйича ЖЧ. Шоҳжаҳон Абдуллаев илк жангдаёқ нокаутга учради

Сербия пойтахти Белградда бокс бўйича жаҳон чемпионати давом этмоқда. 27 октябрь кунги жангларда ўзбекистонлик бир боксчи иштирок этди.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

-86 кг вазн тоифасида ҳаракат қиладиган Шоҳжаҳон Абдуллаев 1/32 финал доирасида бельгиялик Виктор Шелстритга қарши рингга кўтарилди.

Биринчи раунднинг дастлабки дақиқасидаёқ ўзбекистонлик спортчи нокдаун ҳолатига тушиб қолди. Лекин Абдуллаев қолган вақт давомида устунликни қўлга олиб, раундни ўз фойдасига ҳал қилди.

Лекин иккинчи раунд сўнгида бельгиялик боксчи кучли ўнг қўл зарбаси билан Абдуллаевни нокаутга учратди.

Шу тариқа, ўзбекистонлик яна бир боксчи чемпионатдаги юришини илк босқичдаёқ тўхтатди.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси
Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатининг биринчи кунги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси шарафини -67 кг вазн тоифасида ҳимоя қилаётган Асадхўжа Мўйдинхўжаев 1/32 финал доирасида ирландиялик Брендон Маккиверни 5:0 ҳисобида мағлуб этган ҳолда 1/16 финалга йўл олганди.

Иккинчи кунги баҳсларда -80 кг вазнда Одилжон Аслонов автоматик равишда 1/16 финалга йўлланма олган бўлса, -51 кг вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов 1/8 финал доирасида қозоғистонлик Сакен Бибоссиновга мағлуб бўлиб турнирни тарк этди. -75 кг вазн тоифасида Саиджамшид Жаъфаров 1/32 финалда словакиялик Лукас Фернэтсадан устун келиб, кейинги босқичга ўтди.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси ушбу мусобақага янгиланган таркибда йўл олган. 13 та вазн тоифасида мамлакат шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар орасидан Токио Олимпиадасида иштирок этган таркибдан фақат икки боксчи - Шаҳобиддин Зоиров (-54 кг) ва Миразизбек Мирзахалилов (-57 кг) қолган.

28 октябрь кунги баҳсларда жамоанинг уч вакили иштирок этади:

–57 кг. Миразизбек Мирзахалилов — Жамал Ҳарвей (АҚШ) (16:10дан сўнг)

+92 кг. Лазизбек Муллажонов — Пурия Амири (Эрон) (19:30дан сўнг)

–67 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев — Аҳмед Ҳарара (Фаластин) (21:50дан сўнг)

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид