16:51 / 28.10.2019
9
29513

Шерматов: «Битирувчиларининг бирортаси ҳам ОТМга ўқишга кирмаган мактаблар биринчи бўлиб аттестация ва аккредитациядан ўтади»

Фото: KUN.UZ

Битирувчиларининг биронтаси ҳам олий таълим муассасасига ўқишга кирмаган мактаб раҳбарияти фаолиятига танқидий баҳо берилади. Бу ҳақда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.

Шунингдек, вазирнинг сўзларига кўра, ушбу мактаблар кейинги йил биринчи бўлиб аттестация ва аккредитациядан ўтади.

Билдирилишича, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги умумий 61 та мактабдан давлат гранти асосида 61 нафар ўқувчи ОТМга кирган бўлса, биргина 15-мактабнинг 25 нафар битирувчиси шулар жумласидан.

61 та мактабдан 8 тасида битирувчиларининг биронтаси ОТМга кирмаган. Ушбу тумандаги 15-мактаб ва бу 8 та мактаб давлатдан бир хил маблағ олади. Лекин 15-мактабда 25 нафар битирувчи давлат гранти асосида, умумий эса 138 нафардан 38 нафар битирувчи ОТМга кирган. Тумандан умумий 225 нафар кирган ОТМга.

«Биронта ҳам битирувчиси ОТМга кирмаган мактабларнинг раҳбарияти ва педагогик жамоаси эса ўз виждонлари олдида ўзларига савол беришлари керак - қанчалик уларга юклатилган вазифаларни инсоф билан бажараётганлари ҳақида.

Тумандаги аҳвол, болаларнинг оилавий шароити, умумий республикадаги бошқа муаммолар юқоридаги мактабларга деярли бир хил таъсир кўрсатади, аммо биттаси шундай яхши натижа кўрсатмоқда, саккизтаси эса умуман натижа кўрсатмаган», - дейди Шерматов.

Республиканинг бошқа ҳудудларидан битирувчиларининг барчаси (100 фоиз) ОТМга кирган мактаблар ҳам талайгина, лекин биронта битирувчиси ОТМга кирмаганлари ундан анча кўп.

«Шунинг учун айнан ушбу масалани вазирлик ҳайъати йиғилишида муҳокама қилиб, қайси мактабдан биронта ҳам битирувчиси ОТМга кирмаган бўлса, уларнинг раҳбарлари фаолиятига танқидий баҳо бериш ва келгуси йилга Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан режалаштирилаётган янги тартибдаги аттестация ва аккредитацияни айнан ўша мактабларда ўтказиб, уларнинг таълим сифатини оширишга ҳаракат қилиш зарурлиги белгилаб берилди.

Келгуси йилда умуман битирувчилари ОТМларга кирмаган мактаблар қолмаслиги чорасини кўриш бўйича туман бўлимлари ва вилоят бошқармаларига ҳам вазифа сифатида белгилаб берилди.

Бу йилги 11-синф ўқувчиларининг келгуси йилда муваффақиятга эришишлари учун мактаблар раҳбарлари ва педагогик жамоалари ўзларининг барча кучларини сафарбар этишлари зарур», - деб ёзади вазир.

Яхши натижаларга эришган мактаблар тажрибасини ўрганиш улар учун жуда фойдали бўлиши айтилади. Жумладан, яхши натижа кўрсатган мактаблар қуйидаги ишларни амалга оширган:

1) Ўқувчиларни ОТМга киришга мотивация қилганлар;

2) 2-3 йил аввалдан ўқувчининг қайси ОТМ йўналишига мойиллиги борлигини аниқлашга ҳаракат қилганлар ва мақсадли равишда тайёргарлик кўрганлар;

3) Ҳар ойда ёки ҳар 45 кунда ОТМга топширадиган фанлари бўйича ички имтиҳон/тест ўтказиб болаларнинг тайёргарлик ҳолатини баҳолаб турганлар. Баъзилари ўз имкониятларидан келиб чиқиб ДТМ билан шартнома ҳам қилиб бундай тестларни ташкил қилганлар;

4) Ҳужжат топширганда 3 та ОТМни танлаганда кириш қийин бўлган ОТМлардан ташқари, битта кириш осонроқ бўлган ОТМни ҳам танлаганлар;

5) Энг кўп дарс соатларини айнан юқори натижа кўрсатган малакали ўқитувчиларга ажратганлар, улардан ортсагина бошқа ўқитувчиларга. Яъни юқори малакали ўқитувчиларнинг билим ва тажрибаларидан кенгроқ фойдаланиш билан бирга уларга энг юқори ойлик ва моддий рағбатлантириш бериш чораларини кўрганлар.

«Мактаблар Кузатув кенгашларидан ҳам ушбу вазифаларни жойларда қандай ижро этилаётганлигини алоҳида назоратга олишларини илтимос қиламиз.

Келгуси йилги мактаб битирувчиларининг сони бу йилгидан 2 баробар кўп бўлишини инобатга олсак, бу бизнинг соҳа вакилларига 2 баробар кўп масъулиятни юклашини ўйлашимиз керак», - дея хулоса қилган Ш. Шерматов.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top