Жаҳон | 20:56 / 11.06.2025
5936
3 дақиқада ўқилади

Шимолий Африкадан Ғазога бирдамлик карвони йўлга чиқди

Жазоир, Тунис, Ливия ва Мисрдан ўтувчи карвон Рафаҳ пунктигача бормоқчи. Автобуслар ва енгил машиналарда йўл босаётган фаоллар, ҳуқуқшунослар, шифокорлар ва бошқа соҳалар вакиллари шу орқали Ғазо халқига бирдамлик изҳор қилмоқда. Бир неча кун олдин денгиз орқали ҳам марш уюштирилган – бортида 12 нафар европалик, хусусан швециялик экофаол Грета Тунберг бўлган кема Исроил томонидан қўлга олинганди.

Тунисдаги Габес шаҳри / Фото: AP

9 июн, душанба куни жамоатчилик фаолларини ўзида жамлаган автобуслар ва енгил автомобиллардан иборат карвон Тунис пойтахтидан Ғазога қараб йўлга чиқди. Фаоллар бу марш орқали бўлғага инсонпарварлик ёрдами кириб боришига Исроил томонидан бўлаётган тўсқинликка урғу қаратмоқчи.

9 июнга ўтар кечаси бортида таниқли экофаол Грета Тунберг ва бошқалар бўлган, Ғазога инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган кема Ўрта Ер денгизида Исроил кучлари томонидан қўлга олинган эди. Шу куни айни мақсадни кўзлаган бошқа бир акция иштирокчилари Ғазога қараб энди қуруқликдан йўлга чиқди.

8 июн куни Жазоирдан йўлга чиққан карвон – Шимолий Африкада яшовчи ҳуқуқшунослар, шифокорлар, талабалар ва бошқа турли соҳа вакилларини ўзида жамлаган. Улар Тунис, Ливия ва Миср ҳудудларидан ўтиб, Миср–Ғазо чегарасидаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктига етиб боришмоқчи. Бу пункт 2024 йил май ойида Исроил ҳарбийлари қўлига ўтганидан бери деярли очилаётгани йўқ.

Карвонни ташкиллаштирган Тунис фуқаролик жамияти гуруҳларига кўра, улар шу йўл билан “адолатсиз қамалнинг зудлик билан бекор қилиниши”ни талаб қилишмоқда.

Уларнинг таъкидича, араб давлатлари Исроил ва Ҳамас ўртасида 20 ойдан бери давом этаётган урушни тугатиш учун етарлича амалий ҳаракат қилмаган.

Ҳамасга босим ўтказиш учун Ғазони 2,5 ой қаттиқ блокада қилган Исроил ўтган ойда инсонпарварлик ёрдамларининг баъзиларини ўтказа бошлади. Шунга қарамай, экспертларга кўра, Исроил блокадани ва урушни тўхтатмаса, 2 миллиондан ортиқ аҳоли яшовчи Ғазода очликни бартараф этиб бўлмайди.

Шимолий Африка бўйлаб Фаластин давлати байроғини ҳилпиратганча йўл босаётган карвон Жазоир ва Тунис жамиятларида кенг эътибор марказига тушди.

“Карвондан мақсад – Ғазодаги халқимизга тўғридан тўғри мурожаат қилиш ва: “Сизлар ёлғиз эмассизлар, сизнинг оғриқларингиз – бизнинг ҳам оғриғимиз” дейишдир”, – дея ёзган карвоннинг жазоирлик ташкилотчиларидан бири Яҳё Сарри.

Карвон Ливан ҳудудига ўтишдан олдин Тунис жанубидаги шаҳарчаларда тўхтаб, қўшимча тарафдорлар билан сафини узайтиришни кўзламоқда.

Аввалроқ “Озодлик флотилияси” ташаббуси доирасида 12 нафар европалик фаол, хусусан швециялик экофаол Грета Тунберг, Европарламенти депутати Рима Ҳассан ва яна 10 киши Италиянинг Сицилия оролидан Ғазога қараб Ўрта Ер денгизи орқали йўлга чиққан, кемага фаластинликлар учун инсонпарварлик ёрдами ортилган эди.

Ўрта Ер денгизидаги 8 кунлик сузишдан кейин, кема ташаббускорлар таъбирича “халқаро сувликда ҳужумга учради” – Исроил ҳарбийлари уларни қўлга олиб, кейинроқ депортация қилди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид