Жаҳон | 12:47 / 09.01.2026
1526
3 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Исроил Ғазога яна зарба берди: 13 киши ҳалок бўлди

Ғазода сулҳ кучга кирганидан буён Исроил ҳужумлари оқибатида ўлдирилган фаластинликлар сони 425 нафарга етди.

Фото: Anadolu

Ғазо фуқаролик мудофааси хизматининг маълум қилишича, пайшанба куни Фаластин ҳудудида Исроил ҳужумлари камида 13 кишининг, жумладан беш нафар боланинг ўлимига сабаб бўлди. Бу ҳужумлар сулҳга қарамай юз бермоқда.

The Guardian нашрининг агентлик вакили Маҳмуд Бассалга таяниб ёзишича, Ғазонинг жанубидаги чодирга дрон зарбаси берилиши оқибатида тўрт киши, жумладан уч нафар бола ҳалок бўлди. Шимолдаги Жабалия қочқинлар лагери яқинида эса 11 ёшли қиз ҳалок бўлган, мактабга берилган зарба бир кишининг ўлимига олиб келган. Хон Юнус яқинида дрон зарбаси яна бир эркакни ўлдирган.

Ҳамас назорати остидаги идора яна икки нафар фаластинлик бошқа ҳужумларда ҳалок бўлганини хабар қилди. Исроил ҳарбийлари бу хабарларни текшираётганини айтди.

Фото: Reuters

Пайшанба куни кечқурун эса Исроил ҳаво ҳужуми Ғазо шаҳрининг шарқий қисмидаги бир уйни нишонга олди. Яна тўрт киши ўлдирилди.

Аввалроқ, Исроил армияси «Ғазо шаҳри ҳудудидан Исроил томон снаряд учирилгани», бироқ у Ғазо ҳудуди ичида қолиб кетганини айтганди. «Шундан сўнг ҳарбийлар учириш нуқтасини нишонга олди», дейилади IDF баёнотда.

«Бугун эрталабдан буён Ғазо секторига қилинган Исроил зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 13 нафарга етди — бу сулҳ битимининг очиқдан-очиқ бузилишидир,» деган Маҳмуд Бассал.

10 октябрдан буён АҚШ воситачилигидаги мўрт сулҳ Исроил кучлари ва Ҳамас ўртасидаги жангларни тўхтатди. Бироқ ҳар икки томон тез-тез сулҳ бузилаётганини даъво қилиб келмоқда.

Фото: Reuters

Ғазо соғлиқни сақлаш идораси маълумотига кўра, сулҳ кучга кирганидан бери Исроил кучлари Ғазода камида 425 фаластинликни ўлдирган. Ҳамас вакили Ҳазим Қосим AFP'га пайшанба кунги зарбалар «Исроил босқинининг сулҳга риоя қилиш мажбуриятидан воз кечганини тасдиқлайди», деди.

Исроил армияси эса шу даврда унинг уч нафар аскарини ўлдирганини билдирган.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид