NYT: Исроилдагилар Ҳаага суди Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришидан хавотирда
Исроил ҳукумати вакиллари Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказилишига тўсқинлик қилишда ҳамда Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябридаги ҳужумига «ҳаддан ташқари қаттиқ жавоб қайтариш»да айбланиши мумкин.
Исроиллик ва ғарблик мулозимлар фикрича, Исроил расмийлари Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд Ғазо секторидаги амалиётлар билан боғлиқ айбловлар бўйича қатор юқори мартабали амалдорларни ҳибсга олиш учун ордер беришга тайёрланмоқда деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда The New York Times нашри хабар тарқатган.
Манбаларга кўра, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни ҳам ҳибсга олиш учун ордер берилиши мумкин, бу эса маҳаллий расмийларни қаттиқ ташвишга солмоқда.
Халқаро жиноий суд Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришга тайёрланаётгани тўғрисида аввалроқ Исроилдаги Maariv газетаси ҳам хабар тарқатганди. Нашр маълумотига кўра, бош вазир воқеаларнинг бундай ривожидан «қаттиқ хавотирда» ва сўнгги кунларда «эҳтимолий жиноий жавобгарликни бекор қилиш учун жуда кўплаб телефон қўнғироқлари ўтказган». Жумладан, Нетаняҳу АҚШ президенти Жо Байден билан ҳам қўнғироқлашган.
Суд Нетаняҳудан ташқари Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант ва Мудофаа кучлари штаби раҳбари Герци Халевини ҳибсга олишга ордер бериши мумкин.
Агар суд ҳибсга олиш учун ордер берса, Нетаняҳу Суданнинг ағдарилган президенти Омар ал-Башир ва 2023 йилда Украинадаги болаларни ноқонуний равишда депортация қилишда айбланган Россия президенти Владимир Путин каби чет эл раҳбарлари билан бир тоифага киради.
NYT манбаларининг сўзларига кўра, исроиллик расмийлар Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказилишига тўсқинлик қилишда ҳамда Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябридаги ҳужумига «ҳаддан ташқари қаттиқ жавоб қайтариш»да айбланиши мумкин. Шунингдек, Ҳаага суди Ҳамас етакчиларини ҳибсга олишга ордер бериш масаласини кўриб чиқмоқда, аммо ҳозирча айнан кимлар учун ордер берилиши мумкинлиги ҳақида маълумот йўқ, дейилади мақолада.
Мавзуга оид
10:00 / 31.10.2024
Нетаняҳу: Мисрнинг 48 соатлик оташкесим ҳақидаги таклифи Исроилга тақдим этилмади
09:20 / 31.10.2024
Ироқ ўз ҳаво ҳудуди Исроил томонидан бузилгани юзасидан БМТга шикоят қилди
21:21 / 30.10.2024
«Ҳизбуллоҳ»нинг янги раҳбари Насруллоҳнинг йўлини давом эттиришга ваъда берди
17:04 / 30.10.2024