Иқтисодиёт | 12:13 / 23.04.2020
22963
4 дақиқада ўқилади

Муносабат: Ҳукумат вакиллари пандемия вақтида тадбиркорларга кўмак ва уларнинг халққа ёрдами ҳақида 

Kun.uz пандемия ва унинг ортидан пайдо бўлган иқтисодий инқироз масалалари юзасидан мутахассис ва мутасаддилар билан суҳбатлар ташкил этмоқда. Навбатдаги суҳбатдошлар – Марказий Банк бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Ботир Зоҳидов, Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Жамшид Абрўев, Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Аҳмаджон Суюнов ҳамда Иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги департамент директори Илҳом Маматқулов пандемия даврида хусусий сектор вакилларига кўмак бериш ҳақида гапиришди. Ҳукумат вакиллари «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати масаласига тўхталиб, уни тўғри ташкил этиш бўйича фикрларини билдиришди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

МБ расмийси Ботир Зоҳидовнинг айтишича, хайрия ишлари икки томонга ҳам маъқул бўладиган шартлар асосида бўлса, бу янада кўпроқ самара беради.

«Банклар томонидан бундай тадбиркорларга кўрсатиладиган ёрдам тўғрисида айтиб ўтадиган бўлсак, бу фоизлар компенсациясидир. Ушбу механизм бизда мавжуд. Ҳукуматимиз томонидан охирги фармонда белгилаб берилди. Бу кредитларни Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш фонди томонидан қилинаётган компенсациялар ҳисобланади. Фармон имзолангунга қадар бундай компенсациялар энди олинадиган кредитлар олдиндан келишилган шартлар асосида олиб борилган бўлса, охирги фармондан айланма маблағлар билан олиб бўлинган кредитлар бўйича ҳам компенсация олиш механизмлари яратилди. Бу ўз-ўзидан тадбиркорларимизга енгилликлар яратди», деди у.

У хусусий секторга банк томонидан кўмак беришнинг икки йўналиши – кредит муддатларини пролонгация ва айланма маблағларга йўналтирилаётган кредитлар ҳақида ҳам маълумот берди.

«Президентимиз фармонида жорий йилда тадбиркорлик фаолиятини узлуксиз давом этишини таъминлаш мақсадида 30 триллион сўм револьвер кредит ажратилиши белгиланди. Бугунги куннинг ўзида 5,1 триллион сўм ҳажмда турли кредитлар аллақачон ажратилди. Талабга қараб, яна кредитлар берилади», дейди МБ раиси ўринбосари.

Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Жамшид Абрўевнинг фикрича, айни пайтда солиқ божларини ошириш режада йўқ. Қайтанга Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан бу ишларга 500 млрд сўм ажратилмоқда.

«Шунингдек, Экспортёрларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳам мавжуд. Бунда 200 млрд сўм ресурс бўлиши кўзда тутилмоқда, яъни экспорт билан боғлиқ харажатларни компенсация қилиб бериш мақсадида пуллар ажратилганди.

Давлат харажатлари бўйича гапирадиган бўлсак, нафақа олувчиларни сонини кенгайтириш бўйича, яъни маҳалла орқали берадиган механизм мавжуд бўлиб, бунда кам таъминланган оилаларни ҳам қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Май-июнь ойларига бориб, нафақа олувчилар сони 750 минггача етади. Бу кўрсаткич 30 фоизга ошишини билдиради. Биринчи қарорда 10 фоизга ошириш режалаштирилган эди, кейинчалик автоматик равишда нафақаларни тўлаш оқибатида уларнинг сони яна ошади.

Бюджет томонидан ҳозирга келиб зарар кўрган транспорт корхоналари – «Тошшаҳартрансхизмат», Метрополитен, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» каби корхоналарга бир-икки йилга мўлжалланган молиявий ёрдам кўрсатиш ишлари бошланган. Буларнинг иш фаолияти тўхтаб қолиши мумкин эмас», дейди вазирлик вакили.

Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Аҳмаджон Суюновнинг давлат раҳбари томонидан таклиф этилган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини бошлаш тадбиркорларни саховатли бўлишга мажбурлаш эмаслигини таъкидлади. Айни пайтда қўмита ва тегишли мутасаддилар ҳаракатнинг шаффоф механизмини яратмоқда.

«Бу йўналишда биринчи олдимизга қўйилган масала ҳам шундан иборатки, ташаббус билан чиқаётган тадбиркорларимизнинг кўрсатаётган ёрдамларига кўпроқ эътибор қаратишимиз керак. Бунинг учун тавсия этиладиган тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқилмоқда. Бу борада ҳудудий Халқ депутатлари кенгашлари билан биргаликда ишлар амалга оширилмоқда», деди у.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид