Ўзбекистон | 12:32 / 19.08.2023
12609
2 дақиқада ўқилади

«Юнусобод» ва «Туркистон» метро бекатлари профилактик текширув учун 4 ойга ёпилади

​​​​​​​26 августдан Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишидаги «Туркистон», «Юнусобод» бекатлари 4 ой муддатга режали профилактик ишлар амалга ошириш учун ёпилади. Йўловчиларга қулайлик яратиш учун 3 та бекат оралиғида бепул метробус ҳаракати йўлга қўйилади. 

Фото: Президент матбуот хизмати

«Туркистон», «Юнусобод» метро бекатлари 4 ойга профилактик ишлар учун ёпилади. Бу ҳақда «Тошкент метрополитени» ДУК матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, «Туркистон-Юнусобод–Шаҳристон» метро бекатлари оралиғида бепул хизмат кўрсатувчи катта сиғимли автобуслар (метробус) ҳаракати йўлга қўйилади. Автобусларнинг кунлик иш вақти тонги 06:00 дан тунги 00:00 га қадар амалга оширилади.

«Жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, метро поездлар ҳаракати ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида, ер ости метро туннелари ва бекатлари маълум муддат эксплуатация қилинганидан сўнг, режали профилактик ишларни амалга ошириш лозим», – дейилади расмий баёнотда.

Таъкидланишича, метрополитеннинг «Шаҳристон» ва «Минг Ўрик» бекатлари оралиғида поездлар ҳаракати одатидагидек давом этади. Ҳаракат таркибларининг интервали 5 дақиқагача қисқартирилиши қайд этилган. 

Тошкент метрополитени хабарига кўра, Юнусобод йўналиши ишга туширилганидан бери иккинчи марта профилактик текширувдан ўтади. Йўналишнинг биринчи босқичи 2001 йилда фаолиятини бошлаган, шундан сўнг илк режали профилактик ишлар 2002 йил 3 ой давомида олиб борилган.

Мавзуга оид