Пойтахтга мингта янги автобуслар олиб келинди

2023 йилда Ўзбекистоннинг транспорт соҳасига тааллуқли дастлабки янгиликлар жамоат транспорти билан боғланади. Ўтган қиш мавсумининг аномал совуғи сабаб шаҳар кўчаларида енгил автомобиллар ҳаракатлана олмаганди, натижада аҳолининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжи кескин ошиб, автобуслар юкламани кўтара олмаганди.

Муаммонинг ечими сифатида мингта автобус олиб келиш топшириғи берилди. Март ойининг сўнгидан бошлаб автобусларнинг дастлабки партиялари кела бошлади ва 20 апрелдан 400 та янги автобус йўналишларга чиқарилди.

Маълумотларга кўра, ҳозирга келиб автобусларнинг жами сони эски таркиблар билан бирга 1 959 тага, ташиш сиғими эса 155 минг нафарга етган. Янги таркибларнинг 500 таси катта сиғимли Yutong ва 200 таси ўта катта сиғимли (18 метрли “гармошка”) King Long, 302 таси эса Yutong электробуслари ҳисобланади. Улар орасида бир дона “гармошкали” электробус ҳам бор.

Жамоат транспорти сони ошгани яхши, аммо охирги вақтларда улар билан кўплаб ЙТҲлар содир бўлаётгани кўнгилни бироз хира қилади. “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг очиқлашича, салкам бир йил давомида автобуслар билан 94 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, уларнинг 34 таси автобус ҳайдовчиларининг айби билан юзага келган. Kun.uz АЖ матбуот хизмати билан боғланиб, бу ҳалокатларнинг қанча қисми янги ва эски автобуслар билан содир бўлгани, оқибатда қанча ҳаракат таркибларига шикаст етгани-ю, йўлларга чиқа олмаётгани юзасидан сўров жўнатди. Аммо ҳанузгача бу саволларга жавоб берилгани йўқ.