21:30 / 25.01.2021
10901

ЕОИИ билан ҳамкорлик бўйича 2021 йилга оид «Йўл харитаси» тасдиқланди

Акмал Саидов бошлиқ ишчи гуруҳ ЕОИИ билан ҳамкорлик қилишнинг ҳуқуқий асосларини ўрганади. Шунингдек, миллий техник тартибга солиш меъёрларини ташкилот талабларига мослаштириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Фото: eurasia.expert

25 январ куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масаласини ўрганишни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Ишчи гуруҳнинг асосий мақсади ЕОИИга аъзоликнинг ижобий ва салбий жиҳатларини чуқур таҳлил қилиш, бошқа халқаро ташкилотлар ва давлатлар билан алоқаларга таъсирини ўрганиб чиқишдан иборат бўлиб, ишчи гуруҳга раҳбар сифатида Акмал Саидов белгиланган.

Йиғилишда ташкилотга аъзо мамлакатлар бозорларида тўлиқ иштирок этишнинг ҳуқуқий асосларини ўрганиш, миллий техник тартибга солиш меъёрларини ташкилот талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланган. Шунингдек ,ташкилот билан ҳамкорликни ташкил этиш бўйича 2021 йилга мўлжалланган «Йўл харитаси» тасдиқланган.

Маълумот учун, 2020 йил 11 декабр куни бўлиб ўтган Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)нинг видеоанжуман шаклидаги саммитида Ўзбекистон ва Кубага ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинганди.

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори ўринбосари Дониёр Тўраев Ўзбекистоннинг кузатувчи давлат сифатида ЕОИИ билан ҳамкорлиги Ўзбекистонга ҳеч қандай ҳуқуқий мажбуриятлар юкламаслигини ва ташкилотга аъзо бўлиш мажбурияти йўқлигини маълум қилганди.

Гайдар форумида РФ бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук «Биз Ўзбекистонни Иттифоқ аъзоси сифатида кўришга ишонамиз ва барча аъзолар бунда кўмак беради. Россия ҳам бу масалада Ўзбекистонга ёрдам беради», – дея таъкидлаган эди.

Аввалроқ, ЕОИИ техник регламент талабларини қабул қилиш, ЕОИИ мамлакатларида қабул қилинган 26та техник регламентлар асосида махсус техник регламентларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш режалаштирилаётганлиги ҳақида маълумот берилганди.

Top