Жамият | 14:29 / 23.07.2022
34804
5 дақиқада ўқилади

“Эришмагунча мақсадимдан қайтмайман” — 14 ёшида АҚШдаги тиббиёт университети бакалаврига айланган ўзбек қизи

Одатда халқаро фан олимпиада қатнашчилари битта фанни ўқиб-ўрганади. 14 ёшли Адиба эса 20дан ортиқ халқаро олимпиадаларда инглиз тили, математика, физика, кимё ва биология фанларидан қатнашиб, совриндор бўлиб келяпти. Қолаверса, у эндигина 8-синфни тугатган бўлишига қарамай, яқинда АҚШнинг Mary Baldwin тиббиёт олийгоҳида ўқишга жўнаб кетади.

Фото: KUN.UZ

“Микрофон қизларда” лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони Адиба Тожимирзаева 2007 йилда Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида туғилган. Адиба яқинда Тошкент шаҳридаги президент мактабининг 8-синфини тамомлади. У Ҳарвардда ўқишни, кейин Ўзбекистон тиббиётига роботлар ва юқори технологияларни олиб киришни хоҳлайди.

“IELTS'дан 8 олдим, лекин ундан юқорироғини кутгандим”

— Онам – инглиз тили ўқитувчиси. Шунинг учун ҳам болаликдан уйимизда тил ўрганиш муҳити бўлган. Инглиз тили иккинчи она тилимга айланган десам ҳам бўлади. 5 ёшимдан шу тил ичидаман. Ҳарф таниганимдан бери шу тилда китоблар ўқийман ва уларнинг маъносини инглиз тилида онамга гапириб бераман. Тил ўрганиш учун биринчи навбатда китоб ўқиш керак.

Бадиий китоблар ўқиш орқали тилни ҳис қилиб, матндан сўз маъноларини тушуниш осонлашади, ўша тил сўзлари, грамматикаси, гап қурилишлари ҳам ўз-ўзидан мияга муҳрланиб қоларкан. Шунинг учун ҳам IELTS имтиҳонидан баллим 8 чиққан бўлса керак. Лекин бу баллдан юқорироғини кутгандим.

“Онам қобилиятимни синаш учун турли тўгаракларга берган”

— Онам бизни қайси соҳада қобилиятимиз борлигини синаш учун кўп тўгаракларга бериб кўрган. Масалан, мен сузиш, теннис, рақсга қатнаганман. Теннис бўйича республика турнирида иккинчи, сузишда эса биринчи ўринни эгаллаганман. Қўл урган йўналишларимда муваффақиятга эришганман, лекин тиббиёт соҳасига бошқача қизиқаман.

Президент мактабида 6-синфдан ўқий бошлаган бўлсам, у ерда корейс тили ўқитувчисидан корейс тилини ҳам ўргандим. Унгача уйда опам ва онамдан рус тилини, Наманганда немис тили курсига қатнаб, немис тилини ўргангандим. Бу тилларни тушуниш ва гаплаша олиш даражасида биламан.

Халқаро фан олимпиадалардаги иштироки

— Илк марта математикадан 5-синфда ўқиганимда халқаро олимпиадага қатнашганман ва олтин медал олганман. Шундан кейин қизиқишим ортиб, бошқа фанлардан ҳам фан олимпиадаларида иштирок эта бошладим. Ҳозиргача инглиз тили, математика, кимё, физика ва биология фанлари бўйича 25та олимпиадага қатнашганман ва уларнинг ҳаммасидан ўрин олдим. AMO (American Mathematics Olympiad), ESB (Eurasian Spelling Bee), WWC (Writing World Cup), OTEC (Online Typing English Competition) кабилардан олтин медал беришган.

Асосий йўналишим кимё ва билогия фанлари, қолган фанларни ҳобби сифатида ўрганиб юраман. Кичиклигимдан шифокор бўлишни орзу қилганман ва ҳозир ҳам шу фикрдаман. Келажакда нейрожарроҳ бўлишни хоҳлайман. Хорижий университетларга ҳам тиббиёт йўналишига топширдим.

Мактабни битирмасданоқ олийгоҳга топширгани сабаби

— Мен 8-синфдалигимда ўзимнинг соҳамга оид кимё, математика фанларининг 11-синфгача дастурини ўқиб тугатдим. Яна уларга 3 йил вақт сарфлашни хоҳламадим. Шунинг учун мени қабул қиладиган олийгоҳларни топиб, уларга ҳужжат топшириб кўрдим.

Улар орасидан Mary Baldwin'ни танладим, чунки бу мендаги вариантлар орасида АҚШдаги ягона дастур. 13-16 ёшдан қизларга 40дан ортиқ йўналишларда бакалавр даражасини беради. Университет 21 минг доллар грант ажратган. Бу ерда 7 кун, 24 соат талабалар университет назоратида бўлади.

“Дунё тиббиёти ривожига менинг ҳам ҳиссам қўшилса дейман”

— АҚШда бакалаврни битирганимдан кейин, магистратурасини Ҳарвард университетида ўқишни хоҳлайман. Бу менинг энг катта орзум. Қолаверса, ҳозир кўп касалликлар ривожланяпти. Ковид ва шунга ўхшаш вируслар. Мен келажакда шуларни сунъий онг, роботлар орқали даволамоқчиман.

Дунё тиббиётига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Шу қаторда Ўзбекистон тиббиётига роботлар ва технологияни олиб кирмоқчиман.

Асосий мотивацияси

Болалигимдан онам мен учун қилган ҳаракатларини кўриб турибман. Ҳам руҳан, ҳам иқтисодий жиҳатдан мени қўллаб турибди. Мен шу ҳаракатларни оқлашим керак, деб ҳисоблайман. Мени асосий руҳлантирувчи нарса шу.

Доим олға юриш ва орзуларига эришишга ҳаракат қиламан. Мен ҳеч қачон мақсадимдан воз кечмаганман. Агар бирор муваффақиятсизликка дуч келсам, буни тўғрилашга ҳаракат қиламан. Эришмагунча мақсадимдан қайтмайман.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.

Мавзуга оид