Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Курдлар, нефт ва геосиёсат: Сурия раҳбари яна Москвада
Аш-Шаръанинг Москвага уч ой ичида иккинчи бор ташрифи оддий дипломатик маросим эмаслиги аниқ, балки Сурия келажаги бўйича савдолашувдир. Таҳлилчиларга кўра муҳокама столида Россиянинг Тартус ва Хмеймимдаги базалари, курдлар каби муҳим масалалар турибди. Москва минтақада ҳарбий мавжудлигини мустаҳкамлашни хоҳласа, Дамашқ ҳудудий яхлитликни тиклаш ва ташқи босимларни нейтраллаш йўлини қидирмоқда. Мавзу юзасидан сиёсатшунослар Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида сўз юритишди.
Аш-Шаръа уч ой ичида нега иккинчи маротаба Москвага борди?
Анвар Йўлдошев: Асосий масала Россиянинг Суриядаги икки ҳарбий базаси билан боғлиқ. Улардан бири Тартусдаги ҳарбий-денгиз базаси, иккинчиси эса Хмеймимдаги авиа базадир. Москва билан учрашувларда айнан шу базаларнинг келажаги муҳокама қилинган. Ҳозир Аҳмад Аш-Шаръага халқаро қўллаб-қувватлаш ниҳоятда зарур. Москвадаги учрашувда Владимир Путин уни Сурияни бирлаштириш, мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун очиқчасига мақтагани ҳам бежиз эмас. Бу ижобий баҳоларнинг ортида Россиянинг аниқ манфаатлари ётибди, яъни икки ҳарбий базани Сурия ҳудудида сақлаб қолиш истаги. Менингча, бу масалада Россия ҳозирча камида 80 фоиз натижага эришган. Тартус ва Хмеймимда рус базалари қолади. Ушбу базаларда Россиянинг тахминан 15 минг нафар ҳарбий хизматчиси жойлашган. Россия учун Яқин Шарқ устидан стратегик назоратни сақлаб қолиш муҳим вазифалардан биридир.Бу ҳолат Сурия ҳукумати учун ҳам маълум даражада хавфсизлик кафолатини беради.
Россиянинг 15 минг аскари у ерда шунчаки турибди деб бўлмайди. Зарурат туғилса Москва иттифоқчиларини ташлаб кетиши ҳам мумкин, буни бошқа ҳудудлардаги тажриба кўрсатган. Аммо ҳозирги босқичда Аҳмад Аш-Шаръанинг ҳокимиятда қолиши Россия манфаатларига мос келмоқда. Агар Россия ўз базаларини сақлаб қолса, Аш-Шаръанинг кейинги сиёсий ёки иқтисодий қарорлари иккинчи даражали масалага айланади. Келгусида, албатта, иқтисодий масалалар ҳам кун тартибига чиқади. Аммо ҳозирча асосий манфаат битта: Россиянинг Суриядаги ҳарбий мавжудлигини сақлаб қолишдир.
Камолиддин Раббимов: Россия учун бу масала фақат ҳарбий базалар билангина чекланмайди, балки унинг кенгроқ геосиёсий манфаатларига бориб тақалади. Сурия томони учун эса масаланинг бошқа жиҳатлари мавжуд. Сўнгги учрашувда Владимир Путин Аҳмад Аш-Шаръага мурожаат қилиб, унинг ҳокимиятга келгач Сурияни бирлаштириш, ҳудудий яхлитликни тиклаш, халқни жипслаштириш ва сиёсий тизимни мустаҳкамлаш йўлидаги ҳаракатларини алоҳида таъкидлади. Бу билан Путин ўз позициясини ҳам очиқ билдирди. Яъни у шуни назарда тутдики “Россиянинг курдларни қўллаб-қувватлаш имконияти бўлган, аммо Москва бу йўлдан бормади. Агар Сурия Россиянинг ҳарбий базаларини сақлаб қолишга рози бўлса, Россия ҳозирги сиёсий курсини давом эттиради”.
Бу баёнот бевосита Суриянинг шимоли-шарқий ҳудудларига тааллуқли. Мазкур ҳудуд Туркия, Ироқ билан чегарадош бўлиб, йирик нефт конларига эга ва у ерда курдлар истиқомат қилади. Курдлар Яқин Шарқдаги энг йирик миллатлардан бири бўлиб, уларнинг сони 40 миллион атрофида. Асосан Туркия, Сурия, Ироқ ва Эронда яшашади. Шу пайтгача Суриянинг шимоли-шарқидаги курд ҳудудлари марказий ҳокимиятдан деярли мустақил эди. Башар Асад даврида Дамашқ бу ҳудудларни назорат қила олмади. Бунинг биринчи сабаби нефт ресурсларининг курдлар қўлида бўлгани, иккинчи сабаби эса АҚШ ва Европа Иттифоқининг, хусусан Франциянинг уларни қўллаб-қувватлаганидир. Франция Сурия масаласида тарихий таъсирини сақлаб қолишга уриниб келади. Шу сабабли Сурия атрофидаги сиёсий жараёнларда Париж доим фаол позиция эгаллайди. Ҳозирги пайтда Франция президенти Эммануел Макрон билан Аҳмад Аш-Шаръа ўртасидаги муносабатлар совуқлашган.
Франция курдларга автономия берилишини талаб қилмоқда, Аш-Шаръа эса бу шартларни қабул қилмаяпти. Чунки курдлар шу пайтгача йирик давлатлар томонидан Дамашққа қарши сиёсий босим воситаси сифатида ишлатиб келинган. Энди вазият ўзгармоқда. Сурия шимоли-шарқдаги ҳудудлар устидан назоратни қайта қўлга ола бошлади. Бу эса нафақат ҳудудий, балки иқтисодий устунликни ҳам англатади. Нефт конлари устидан назорат Дамашққа молиявий ресурслар яратади. Башар Асад даврида эса аксинча, курдларнинг ташқи кучлар томонидан қўллаб-қувватланиши Сурияни босқичма-босқич заифлаштирди ва охир-оқибат сиёсий тизимнинг қулашига олиб келди. Ҳозирги янги сиёсий даврда курдларни давлат тизимига интеграция қилиш жараёни кетмоқда. Президент фармони билан уларга фуқаролик берилди. Авваллари уларнинг катта қисми Сурия фуқароси ҳам ҳисобланмас эди. Бу жараёнда Туркиянинг роли алоҳида аҳамиятга эга.
Анқара Сурияда курдлар устидан марказий назорат кучайишини қўллаб-қувватлайди. Сабаби Туркия учун энг катта хавф — сепаратизм. Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб курд сепаратистик ҳаракатлари Туркияда кўплаб террорчилик ҳужумларига сабаб бўлган. Айниқса, Абдулла Ўжалан бошчилигидаги марксистик-социалистик оқимлар давлатга қарши жиддий таҳдид солган. Эрдўған ҳокимиятга келгач, миллатчиликдан кўра диний бирдамликка асосланган сиёсий ёндашувни илгари сурди. Бу орқали курдлар билан зиддият маълум муддат юмшади. Аммо Ғарбдаги айрим кучлар ҳануз Туркиядаги курд сепаратизмини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Туркия Сурияда курд автономияси пайдо бўлишидан қатъий хавотирда. Чунки бундай ҳолат занжирли тарзда Ироқ, Эрон ва охир-оқибат Туркияга ҳам тарқалиши мумкин. Шу сабабли минтақадаги тўртта давлатнинг ҳеч бири ҳудудий парчаланишни истамайди. Ҳозирча энг кенг ва институционал автономия фақат Ироқда сақланиб қолмоқда.
Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
15:33
🔴 LIVE: Трампни танқид қилган Макрон ва Москвага борган Пашинян | “Геосиёсат”
15:24 / 02.04.2026
🔴 LIVE: Хитойнинг таклифи ва НАТОдаги парчаланиш | "Геосиёсат"
15:05 / 31.03.2026
🔴 LIVE: Трампга қарши намойишлар ва Эрон атрофида кескинлик | "Геосиёсат"
15:05 / 30.03.2026