Бугун Ҳўрмуз ва ҳусийчилар таъсири остидаги Боб ал-Мандеб бўғози атрофидаги вазият тобора кескинлашиб бормоқда. Бу икки муҳим денгиз йўли орқали дунё нефтининг катта қисми ташилади. Шу сабаб бу ҳудудларда юзага келадиган ҳар қандай можаро фақат минтақа билан чекланиб қолмайди. Агар тўқнашув кучайса, бу глобал иқтисодиётга, энергия нархларига ва умумий хавфсизликка жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Мавзу муҳокамаси – Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида.

Ҳусийчилар расман урушга кирди, Исроил уларга қарши навбатдаги фронтни очадими?

Зокир Юсупов: Яна тарихий ва ижтимоий омилларга эътибор қаратишимиз керак, ҳусийчилар ҳаракати Ямандаги зайдийлар орасида муҳим ўрин тутади ва мамлакат аҳолисининг тахминан учдан бир қисмини ташкил этади. Бу масала яна Эроннинг минтақавий сиёсатига бориб тақалади.

Эроннинг асосий стратегияси прокси кучлар орқали таъсир ўтказишдир. Яъни у бевосита урушдан кўра, ўзига яқин гуруҳлар орқали геосиёсий мақсадларига эришишга ҳаракат қилади. Аслида, барча давлатлар ресурслар ва таъсир учун курашади, аммо бу кураш турли шаклларда олиб борилади. Айрим давлатлар ҳамкорлик ва иқтисодий ривожланиш орқали таъсирини оширса, Эрон кўпроқ прокси воситаларга таянади.

Ҳозирги вазиятда ҳусийчилар ҳаракатининг можарога тўлиқ жалб қилингани ҳақида аниқ хулоса йўқ. Айрим таҳлилларга кўра, Эрон уларни фаолроқ ҳаракат қилишга ундаётган бўлиши мумкин. Бу эса можаронинг кенгайиш эҳтимолини оширади.

Агар янги фронт очилса, можаро янада кенгайиб, бошқа давлатлар ҳам унга тортилиши мумкин. Бу эса эскалацияни кучайтиради. Айниқса, Боб ал-Мандиб бўғози орқали ўтадиган нефт ва газ йўллари хавф остида қолади. Натижада энергия нархлари кескин ошиб, глобал иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бошқа томондан, агар Эронда ички сиёсий тизим ўзгарса, бу бутун минтақага таъсир қилади. Ироқда ички кескинлик камайиши мумкин, Ливанда прокси тўқнашувлар сусаяди, Ямандаги уруш ҳам пасайиши эҳтимоли бор. Шунингдек, Баҳрайнга нисбатан хавф ҳам камаяди. Умуман олганда, Эрондаги сиёсий ўзгаришлар Яқин Шарқдаги кўплаб можароларнинг камайишига олиб келиши мумкин.

Шавкат Икромов: Ҳусийчилар ҳаракати вакиллари “Агар Эрон бизни чақирса, урушга киришга тайёрмиз”, деган баёнот берди. Яъни бу ташаббус ҳусийчиларнинг ўзидан бўлган.