Ўзбекистон | 19:08 / 12.08.2023
15392
4 дақиқада ўқилади

«Агар ўйинни ютсак, буни мўъжиза деса ҳам бўлади» – «Заковат»нинг биринчи Осиё очиқ чемпионати бошланди

Тошкент дунё билимдонларини бир ерга жамлаган мусобақага мезбонлик қилмоқда. Унда 2 кун давомида 14 давлатдан келган 55 та жамоа ўзаро беллашади.

Тошкентда 12 август куни «Заковат» интеллектуал ўйинининг биринчи Осиё очиқ чемпионати старт олди.

Икки кун давом этадиган йирик турнирда Ўзбекистон, Исроил, Кипр, Германия, Арманистон, Қозоғистон, Беларус, БАА, Латвия, Дания, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия каби 14 мамлакатдан 55 та жамоа ғолиблик учун кураш олиб боради.

«Мен бу ерда кўраётган иштирокчилар жаҳон чемпионатларида ғолибликни қўлга киритган. Шунинг учун ҳозирги турнирни мини жаҳон чемпионати десак ҳам бўлади. Чунки очиқ чемпионатга турли мамлакатлардан ўйинчилар ташриф буюрган.

Бу ўйиннинг ўзига яраша қонун-қоидаси бор. Қандайдир мўъжизалар бўлиши қийин, 10 йиллардан бери шу ўйинда қатнашиб келаётган жамоалар бўлганидан кейин тахмин қилиб кўриш, шунга қараб режа тузиш ҳам мумкин. 

Менимча, бу даражадаги жамоаларнинг орасида топ 5-ўринни олиш жуда яхши натижа ҳисобланади, агар 3-ўрин бўлса, совриндорлар қаторига кирсак, олий натижа бўлади, агар бу ўйинда ютадиган бўлсак, буни мўъжиза десак ҳам бўлади», – дейди Ўзбекистон номидан қатнашаётган «Мистерия» жамоаси аъзоси Сардор Аҳмедов.

Маълумотларга кўра, турнир спортча версияси ҳамда брейн-ринг ўйини бўйича олиб борилади. Спортча шакли учун мусобақа 6 та турга ажратилган ва ҳар битта тур учун 15 та савол тайёрланган. 

Бу турнирда қатнашаётган жамоаларнинг энг кучлиси 90 та савол орқали аниқланади дегани. Бундан ташқари, кун тартибимизда «брейн ринг» версияси бўйича ҳам ғолибларни аниқлашни кўзлаганмиз. «Брейн ринг» ўйини шахсан ўзимга ҳам жуда ёқадиган ўйин. 

Бу қисқа вақт ичида тезроқ вариант бериб, тўғри жавобга етиб келинадиган ўйин ҳисобланади. Ўзига хос адреналин беради. Бунда 55 та эмас, 2 та жамоа ўзаро беллашган ҳолда кейинги босқичга чиқади, ютқазгани эса турнирдан тушиб кетади. Шу орқали кучли жамоа аниқланиб, эртанги финал ўйинида ҳам шоу ташкил қилиниши белгиланган»,– дейди «Заковат интеллектуал клуби» ННТ кенгаши аъзоси Умид Валиев.

«2 йилда дунё чемпионатларини ўтказиш даражасига етиб олдик. Шу турнирнинг статусини дунё чемпионати деб қўйсак ҳам бўлади. Осиё очиқ чемпионати дейилишида ҳам бир маъно бор. Мени ҳурмат билан мукофотлашган вақтда айтган эдим: бундай эътиборлар 10 йил олдин бўлмайдимиди? Агар 10 йил олдин бўлганида эди…

Мана 2 йилда биз катта натижаларга эришдик. Президент «Заковат» кўрсатувига келгунча клубда бир неча минг нафар аъзоларимиз бор эди холос. Ҳозир 700 минг нафар бўлган. Ҳамма “ёниб кетди”… 

Тўғри сиёсат, тўғри йўналиш халқни қўзғатди. Менинг бошим жуда ҳам осмонларга етди. 10 йилдан кейин ҳам муваффақиятларни кўриш насиб қилсин, 23 йил кўрдик, бу ерига ҳам насиб қилса яна кўрамиз», – дейди клуб президенти Абдурасул Абдуллаев.

Маълумот учун, «Заковат» ўйинининг спортча версиясида ғолиб жамоалар қуйидаги миқдорда тақдирланади:

1-ўрин: 100 миллион сўм;

2-ўрин: 60 миллион сўм;

3-ўрин: 40 миллион сўм.

Брейн-ринг ўйинида эса жамоага махсус тайёрланган биринчи Осиё очиқ чемпионати кубоги топширилади.

Мавзуга оид