Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ИИВ автомобили жарима майдонига жойлаштирилди. Машина Республика «ГАИ» раҳбарига тегишли экани ҳақидаги хабар рад этилди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида давлат рақами 01 202 VSG бўлган автомобил қарама-қарши йўналишда ҳаракатлангани акс этган видео тарқалди. Бу Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасига тегишли хизмат машинаси бўлиб чиқди.
Фото: Видеодан кадр
ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ижтимоий тармоқда тарқалган, Tracker русумли, 01 202 VSG давлат рақам белгили автомобиль бириктирилган ҳайдовчи ходимга нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётгани ҳақида маълум қилди.
«Ижтимоий тармоқда Traсker русумли, давлат рақами 01 202 VSG бўлган махсус транспорт воситасининг ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги ҳолати акс этган видео тарқалди.
Видео Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўрганилди ва мазкур автомобил ҳайдовчисига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 128/5 моддаси тартибида маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Шу ўринда барча ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларга риоя қилишга чақириб, қоидабузарликларга бефарқ бўлмаган жамоатчилик назорати вакилларига миннатдорчилик билдирамиз», дейилади Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи матбуот котиби маълумотида.

Бунгача нима бўлганди?
Телеграмдаги AvtoblogUz канали 14 декабрь куни Қоидабузар VSG сарлавҳали постида йўлнинг қарама-қарши томонида ҳаракатланаётган Tracker видеосини жойлаштирди.
Кейинроқ ушбу машина Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи Олим Саидовга тегишли экани, шунингдек, мазкур автомобил номида жарималардан 148,4 млн сўм қарздорлик йиғилиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Катта эҳтимол билан, бундай хабарларга AvtoblogUz муаллифининг Олим Чориқуловичга мурожаати сабаб бўлган.
ЙҲХББ мазкур хабарлар юзасидан расмий муносабатида Tracker бош бошқарма бошлиғига эмас, Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси иккинчи минтақавий ҳудуд раҳбари, полковник Иброҳим Ҳасановга бириктирилганини маълум қилган. Автомобилни унинг ҳайдовчиси Одил Сангилов бошқаргани таъкидланган.
Tracker жарима майдонида
ЙҲХББ мазкур автомобил бўйича ўз муддатида бартараф қилинмаган қарздорлик ҳолати юзасидан автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилиб, ушбу ҳолат бўйича Тошкент вилояти ИИББ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилаётганини маълум қилган.
«Жорий йилнинг 14 декабр куни ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти ИИББга тегишли (давлат рақам белгиси 01 202 VSG бўлган Tracker) хизмат автомашинаси ҳайдовчиси қоидабузарлик содир этгани акс этган видео тарқалди ва ушбу ҳолатга қонуний чора кўрилгани ҳақида маълум қилинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича вилоят ИИББ томонидан хизмат текшируви тайинланиб, автотранспорт белгиланган тартибда жарима майдонига қўйилди. Ўрганиш ишлари олиб борилмоқда», дейилади расмий маълумотда.
«Жарима аслида камроқ»
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи матбуот котиби Бобур Туляганов телеграмдаги каналида қўшимча маълумот бериб, Tracker’нинг 148 млн сўмдан ортиқ қарздорлиги борлиги ҳақидаги хабарни рад этди.
«Ижтимоий тармоқларда жамоатчиликнинг диққат марказида турган «01 202 VSG Tracker» автомобилининг 148 миллион сўм жаримаси бор деган маълумот ҳақиқатдан йироқ, нотўғри.
Чиндан ҳам бу машинада бартараф этилмаган қарздорлик мавжуд. Аммо маълумотда кўрсатилган сумма 3 баробар орттириб ёзилган.
Ҳолат юзасидан тайинланган хизмат текшируви давомида мавжуд қарздорликларнинг келиб чиқиш сабаблари тўлиқ ўрганиб чиқилади, деган у.
Мавзуга оид
16:13 / 09.03.2025
ЙҲХББ Рамазон ойи муносабати билан фуқароларга мурожаат қилди
20:00 / 20.07.2024
Чексиз қоидабузарлик ҳуқуқи, синовдаги Seagull ва тестдан йиқилган “ДТМ” — ҳафта дайжести
10:54 / 18.07.2024
Олим Саидов ЙҲХХ раҳбарлигидан кетди
10:43 / 29.01.2024