Ўзбекистон | 20:00 / 20.07.2024
15470
14 дақиқада ўқилади

Чексиз қоидабузарлик ҳуқуқи, синовдаги Seagull ва тестдан йиқилган “ДТМ” — ҳафта дайжести

“Республика ГАИ” бошлиғи ишдан олинди: у истеъфосидан аввал соҳада баҳсли ўзгаришга қўл урди. “Ўзавтосаноат” BYD'нинг энг арзон моделларини ишлаб чиқармоқчи: ваъдага вафо қилинса, нарх 13 минг доллардан ошмаслиги керак. Рақобат қўмитаси йирик компаниялар билан судлашишга тайёр: “Лукойл” ва “Корзинка”га расман айбловлар эълон қилинди. Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

ЙҲХХ бошлиғи алмашди

Автоҳалокатларга оид танқидлар фонида, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбари алмашди. Олим Саидов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига вазирликда Жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган полковник Шерзод Ибрагимов тайинланди.

Олим Саидов йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини 4,5 йил бошқарди, яъни унда аянчли аҳволдаги тизимни буткул ислоҳ қилиш, йўлларда росмана хавфсизликни таъминлаш учун етарлича вақт бор эди. Шунга қарамай, йўллардаги беҳисоб аварияларга қарши тайинли чоралар кўрилмади, энг прогрессив ислоҳотлар кечиктирилди, ҳатто қоидабузар ҳайдовчилар имтиёзларга кўмилди.

Саидов кетиши олдидан тизимда қилган охирги ўзгаришларидан бири унинг 4,5 йиллик фаолиятига рамзий ҳайкал бўлди дейиш мумкин. Бу ўзгаришга кўра, энди қоидабузар ҳайдовчилар миллион марта тезликни оширса ҳам, фақат ва фақат жарима билан қутулаверади, устига-устак жарима тўлашда миллион марта чегирмадан ҳам фойдалана олади. Вазиятга қоидабузарлар кўзи билан қараганда, йўлларда хоҳлаганча тезликда юрса бўлади, фақат бунинг учун Ички ишлар вазирлигининг тегишли фондига тўлов қилинса бўлди.

Гап шундаки, Олим Саидов ишдан олинишидан бир кун олдин, 17 июлда имзоланган ҳукумат қарори билан, йўл ҳаракати соҳасида қатор янгиликлар белгиланди. Бу янгиликлардан бирига кўра, тезлик қоидабузарлиги кўчма радарлар, халқ тилида айтганда “Нексия-3” ёки “учоёқ” орқали қайд этилганида, ҳайдовчилар ЙПХ ходимидан радар кўрсаткичи билан таништиришни ва қурилманинг сертификатини кўрсатишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Айни шу ҳуқуқ мобил радарга тушган қоидабузар ҳайдовчиларга бу масалада судлашиш имконини бераётган эди.

Қонунчиликка киритилган ўзгаришга асосан, энди кўчма радарлар орқали қайд этилган қоидабузарликлар бўйича жарима расмийлаштириш ҳам худди стационар радарлардек бўлади, яъни бу жараёнда ҳайдовчи иштирок этмайди ва энг асосийси, ҳуқуқбузарликнинг такрорийлиги инобатга олинмайди. Бу дегани, бундан буён тезликни оширганлик учун ҳеч кимга оширилган ставкаларда жарима қўлланмайди.

Шу тариқа, такроран содир этилган тезлик қоидабузарлигига оид маъмурий кодексдаги қоидалар амалда ўз кучини йўқотди. Бу қоидалар амалиётда камдан кам ишлаётган бўлса ҳам, ҳар ҳолда, бугунга қадар бир йил ичида 2 мартадан 4 мартагача мобил радарга тушган ҳайдовчилар 2 йилга гувоҳномасидан айриларди. Энди шу ҳам йўқ. Шундай экан, жарималарини коллекция қиладиган қоидабузар ҳайдовчилар радар кўп деб шикоят қилишдан олдин ўзига ўзи савол бериши керак: йилига минг-минглаб одамни ўлдираётган фуқароларига бунчалик меҳрибонлик, бунчалик истиснолар, бунчалик чегирмалар яна қайси давлатда бор? Жиддий айтганда эса, бунақа қарор – “автотеррористлар”ни тийиш кераклигини айтиб бонг ураётган жамоатчиликни масхара қилишдан бошқа нарса эмас.

Йўл ҳаракати қоидаларидаги бошқа ўзгаришлар

Ҳукумат қарорида белгиланган бошқа янгиликларни ҳам қисқача санаб ўтсак. 1 августдан бошлаб, аукцион орқали олинмаган, стандарт нархдаги давлат рақамлари ҳозиргидек ўсиб борувчи кетма-кетлик асосида эмас, тасодифий танлаш йўли билан берилади. 1 декабрдан бошлаб эса автомобилларни рўйхатдан ўтказиш ва рақам бериш бўйича мурожаатларни онлайн юбориш имконияти яратилиши керак.

Бундан ташқари, электромотоцикл, мопед ва скутерлар учун алоҳида давлат рақам белгилари жорий этилади. Бундай майда транспорт воситаларини бошқариш вақтида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Шаҳарларда тобора кўпайиб бораётган электросамокат, электр скейтборд ва сегвейларда тезликни 10 км/соатдан ошириш тақиқланди, улар фақат йўлнинг автомобил қатнов қисмида тезликни 20 км/соатгача ошириши мумкин.

Техник кўрик бўйича ҳам айрим ўзгаришлар бор. Ҳозирда енгил автомобиллар асосан хусусий марказларда “техосмотр”дан ўтяпти, эндиликда тадбиркорларга Damas, микроавтобус, автобус ва юк машиналарини ҳам техник кўрикдан ўтказишга рухсат берилмоқда. Техник кўрикдан ўтиш бўйича мурожаатни ҳам онлайн юбориш мумкин бўлади, бунда ҳайдовчига кўрикдан ўтказиш вақти ва жойи ҳақида онлайн хабарнома жўнатилади.

Ботир Зокиров қурилиш вазири лавозимидан кетди

Яна бир истеъфо Қурилиш вазирлигида рўй берди. Вазир Ботир Зокиров 5 йил давомида эгаллаб келган курсисини тарк этди. Президент ҳузуридаги йиғилишда эълон қилинган бу истеъфо унинг соғлиги билан изоҳланди. Бу ўринда, бир неча ойдан кейин “Манфаатлар тўқнашуви” тўғрисидаги қонун кучга киришини эслаб ўтиш мақсад мувофиқ. Чунки Ботир Зокиров йирик қурилишлар бўйича триллионлаб сўмлик давлат буюртмаларини тендерсиз олиб келган “12-трест” номли компания билан аффилланган эди. Унинг ўрнига қурилиш вазири вазифасини бажариш вазирнинг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятовга топширилди.

Йиғилишда таъкидланишича, халқ тилида “ГАСН” дейиладиган қурилиш инспекцияси ҳукумат таркибига ўтказилиб, ваколатлари кенгайтирилади, инспекторлар дронлардан фойдалана бошлайди. Рухсатсиз ёки лойиҳадан четга чиқиб қилинаётган қурилишлар бўйича жазо чоралари кучайтирилиши кутиляпти.

Бу хабарлар фонида, Ўзбекистон архитектура ва қурилиш соҳаси фахрийлари кенгаши номли ташкилот очилаётгани маълум бўлди. Ҳукумат қарорига кўра, фахрийлар кенгаши шаҳарсозлик соҳасидаги дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этади. Кенгаш раиси вазир ўринбосарига тенглаштирилади, бу ташкилотга зарур шароитлар қилиб берилади, хусусан “Малибу” русумли 2 та хизмат машинаси ажратилади.

BYD'нинг энг арзон моделлари маҳаллийлаштирилиши мумкин

Ўзбекистонда Seagull вa E2 электромобилларини ишлаб чиқариш бошланади. BYD'нинг энг арзон бу иккита модели ҳозир маҳаллий лабораторияда синовдан ўтказиляпти. Бу ҳақда хабар берган “Ўзавтосаноат” матбуот хизмати синов жараёнидан айрим лавҳаларни намойиш этди.

Маълумот учун, ҳозир, электромобиллар учун бож ўрнатилмаган шароитда, Ўзбекистон бозорида E2 15 200 – 16 500 доллар атрофида, Seagull эса 13 500 – 14 500 доллардан сотилмоқда. Аввалроқ Жиззахдаги BYD заводи директори Шафқатбек Алимов Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган BYD'лар четдан олиб келинадиганларидан арзон бўлишига ваъда берганди.

“Ўзавтосаноат”нинг 15 июл кунги ахборотида айтилишича, BYD'нинг бюджет моделларини синовдан ўтказиш билан параллел равишда, Ўзбекистон бозорида сотиладиган автомобиллар учун янги стандартлар ҳам ишлаб чиқиляпти. Бу стандартлар хизмат кўрсатиш ва кафолат шартлари, экологик меъёрлар, аккумуляторларни қайта ишлаш ва утилизацияга оид талабларни ўз ичига олади. Бу янгиликдан кейин, маҳаллий стандартлар маҳаллий ишлаб чиқарувчини ҳимоя қилиш учун нотариф тўсиққа айланиши мумкинлигига оид хавотирлар пайдо бўлди. Бу ҳолатда, Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик ҳам ташқи савдони нотариф тўсиқлардан тозалашга ёрдам бермайди.

Автомобил импортига нотариф тўсиқлар масаласи айни кунларда Қирғизистонда ҳам актуал бўлиб турибди. Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон билан биргаликда ташкил этилган мамлакатдаги биринчи автомобил заводи – Tulpor Motors'ни рақобатдан ҳимоя қилиш учун утилизация йиғимини жорий этмоқчи. Қирғизистон иқтисодиёт вазири ўринбосари Айнура Усенбекованинг сўзларига кўра, ҳозирда йиғим миқдори қанча бўлиши ҳисоблаб чиқиляпти.

Чуй вилоятидаги завод фаолиятининг биринчи босқичида Chevrolet Tracker, Onix ва Cobalt автомобиллари йирик узелли йиғиш усулида ишлаб чиқарилади. Шу ҳафта Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи вақтида завод фаолиятига расман старт берилди. Давлат раҳбарлари, шунингдек, Фарғона ва Наманган вилоятларида умумий қуввати 400 MWлик иккита қуёш электр станцияси қурилишини ҳам бошлаб берди, бу станцияларда ишлаб чиқариладиган электр энергияси Қирғизистонга етказиб берилади.

Рақобат қўмитаси “Лукойл” ва “Корзинка”га чора кўрмоқчи

“Лукойл”нинг Ўзбекистондаги шўъбаси монопол мавқейидан фойдаланган ҳолда қўлга киритган асоссиз даромадини қайтариши керак. Компанияга нисбатан суриштирув ўтказган Рақобат қўмитаси шундай қарорга келди. Қўмитага кўра, “Лукойл” техник олтингугурт маҳсулотини биржага камроқ миқдорда чиқариб, 10 фоиздан 50 фоизгача нарх ошишига эришган. Антимонопол орган қайтаришни талаб қилаётган сумма ҳозирча маълум эмас. Шунингдек, айбловга “Лукойл”нинг ҳам муносабати номаълум. Компания бу талабни асоссиз деб ҳисобласа, масала судда ҳал бўлади.

Айни пайтда Рақобат қўмитаси бошқа бир йирик компания билан судлашиши аниқ бўлиб улгурди. Қўмита “Корзинка” супермаркетлар тармоғини реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор деб топди ва жарима қўллаш бўйича судга ариза киритишини эълон қилди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органига кўра, супермаркетлардаги “энг арзон нарх” деб эълон қилинган маҳсулотларнинг алоҳида турлари бўйича нархлари бошқа супермаркетлар ва деҳқон бозорларида сотилаётган худди шундай маҳсулотлар нархларидан фарқ қилмайди.

“Корзинка” асосчиси Зафар Ҳошимовнинг изоҳлашича, “Кундалик харидларга энг арзон нарх” дастури бу реклама эмас, тармоқнинг янги нарх сиёсати шундай номланади. Бу дастур доирасида энг харидоргир маҳсулотлар нархига супермаркет қўядиган устамалар пасайтирилгани, чакана савдода ҳеч қайси сотувчи кундалик товарлар учун “Корзинка”чалик кенг қамровли ва доимий паст нархларни бермаётгани айтилмоқда. Маълумот учун, икки ўртада суд бўлиб, давлат органининг қўли баланд келган тақдирда, ритейлер 17 млн сўмдан 24 млн сўмгача жаримага тортилиши мумкин. Бу ҳолатда “Корзинка” “Энг арзон нархлар” деган лозунгидан воз кечишига тўғри келади.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Давлат олийгоҳларига кириш имтиҳонлари бошланди. Тестларда 800 мингдан ошиқ абитуриент қатнашади. Қабулнинг илк кунларида маълум бўлишича, собиқ Давлат тест маркази, ҳозирда Билимни баҳолаш агентлиги деб аталувчи ташкилот ҳуқуқшунослик бўйича тестларни тузишда қўпол хатоларга йўл қўйган. Абитуриентлардан мадҳияга ҳурматсизлик ёки метродаги қоидабузарлик учун қанақа жазо белгилангани сўралмоқда. Агентлик ўзини оқлашга уринди, лекин расмий изоҳ, қабул масалалари бўйича эксперт Хушнудбек Худойбердиев айтганидек, ёлғон ва сафсафатадан иборат бўлди.

Таиланд Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режимни жорий этди. 15 июлдан бошлаб, ўзбекистонликлар бу давлатда 60 кунгача визасиз қолишлари мумкин. Ўтган ҳафта эълон қилинган Ҳенли индексида Ўзбекистон фуқаролари 64 та мамлакатга олдиндан виза олмасдан бориши мумкинлиги қайд этилганди. Таққослаш учун, қозоғистонликлар 79 та, қирғизистонликлар 65 та давлатга визасиз бориш ҳуқуқига эга. 40 дан ортиқ давлат фуқароларида эса виза деган ташвишнинг ўзи йўқ: улар деярли ҳамма мамлакатга визасиз бораверишади.

“Бахти Ташкентский” номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев 20 йилга озодликдан маҳрум этилди. 53 ёшли судланувчи уюшган жиноий гуруҳ тузиш, зўравонлик, товламачилик ва бошқа моддаларда айбланиб, ўта хавфли рецидивист деб топилди ва қамоқхонада гиёҳвандликдан мажбурий даволаниши белгиланди. Қудратуллаевнинг ўғилларидан бирига 9 йил, яна бирига 11 йил берилди, акаси эса 10,5 йилга қамалди. Иш доирасида жами 37 киши ҳукм қилиниб, улардан 6 нафари ўта хавфли рецидивист деб топилди. Судланувчилардан бири ҳукм чиққан куннинг эртасига вафот этгани айтилмоқда.

Россия томонида туриб Украинада жанг қилиш учун ёлланган бир неча ўзбекистонликка ҳукм ўқилди. Жиноятчилар Россиядаги қамоқдан қутулиш учун “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясига ёлланган. Ҳарбий ҳаракатларда бевосита қатнашган наманганлик эркак 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Жангларда қатнашмай, фақат истеҳком қурилишида иштирок этганини айтган оҳангаронлик фуқаро эса 2,5 йил ахлоқ тузатиш ишларига сафарбар қилинди. Яна бир эркак жанг қилмасдан, ҳарбий лагердан қочиб кетганини айтиб, Амударё туман судидан 3 йилга озодликни чеклаш жазосини олди.

Ўзбекистон 2024 йилги Халқаро биология олимпиадасидан четлатилди. Жиззахдаги лицей ўқитувчиси Остонада ўтган олимпиадада ўқувчига ёрдам бергани учун, 4 нафар ўқувчидан иборат бутун жамоанинг натижалари бекор қилинган ва ўзбек делегацияси мусобақадан четлаштирилган. Айни пайтда Ўзбекистоннинг кейинги биология олимпиадаларидаги иштироки ҳам сўроқ остида қолмоқда. Қўшимча қилиб ўтамиз, футбол бўйича Ўзбекистон жамоасининг Олимпиададаги илк ўйини 24 июл, чоршанба Испанияга қарши бўлиб ўтади.

Мавзуга оид