Жаҳон | 07:46 / 29.05.2024
2593
3 дақиқада ўқилади

Нидерландияда махсус хизмат собиқ бошлиғи Дик Схоф янги бош вазир бўлди

Нидерландияда ҳукмрон коалицияни тузган тўрт партия бош вазир номзоди бўйича қарор қабул қилди. У адлия ва хавфсизлик вазирлигининг бош котиби бўлди.

Фото: Ramon Van Flymen/ANP/dpa/picture alliance

Аввалроқ Нидерландия адлия ва хавфсизлик вазирлиги бош котиби лавозимини эгаллаб келган, бундан аввал қиролликдаги AIVD разведка хизматини бошқарган Дик Схоф мамлакатнинг янги бош вазири бўлди, деб хабар берди Голландиянинг NOS телеканали 28 май, сешанба куни кечқурун.

Аввалроқ, май ойи ўрталарида Нидерландияда тўртта ўнг қанот партияси ҳукмрон коалиция тузишга муваффақ бўлганди. Энди бу сиёсий кучлар Схофга вазирлар маҳкамасини тузишни топширдилар. 

Дик Схоф Нидерландия бош вазири сифатидаги вазифалари ҳақида 

28 май куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Дик Схоф «барча нидерландлар учун бош вазир» бўлишни ният қилганини айтди. Унинг қўшимча қилишича, у одамлар муаммоларига «жиддий» ёндашиш ва уларни ҳал қилиш йўлларини излаш ниятида. 

NOS таъкидлашича, Схоф буни аниқ қандай қилишни режалаштираётганини ҳали айтмади. «Менинг Нидерландия бўйича режам, бу - фракциялар (ҳукмрон «Озодлик партияси» (PVV), Озодлик ва демократия учун халқ партияси (VVD), Фермерлар-фуқаролар ҳаракати ва «Янги ижтимоий келишув» партияси) раҳбарлари келишиб олган нарса», - дея янги ҳукумат раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтиради телеканал. 

Таъкидланишича, Схоф энди вазирлар ва давлат котибларини танлаши керак. Шундан сўнг қироллик парламенти кўрсатилган номзодлар юзасидан эшитувлар ўтказиши керак бўлади. Янги вазирлар маҳкамаси 26 июнгача ишга киришиши режалаштирилган. 

«67 ёшли Схоф ҳозирда адлия ва хавфсизлик вазирлигининг энг юқори лавозимли ходими, - деб эслатади NOS. - У аввал AIVD разведка хизматини бошқарган, терроризмга қарши кураш ва хавфсизлик масалалари бўйича миллий координатор (NCTV) ва Иммиграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати (IND) директори бўлган».

Сиёсатчи Меҳнат партиясининг аъзоси эди, лекин 2021 йилда уни тарк этди, чунки у «унга алоқадорлигини ҳис қилмаган». 

Марк Рюттенинг вазирлар маҳкамасини истеъфога чиқариш қарори 

2023 йил июл ойида Нидерландиянинг ўша пайтдаги бош вазири Марк Рютте вазирлар маҳкамаси истеъфога чиқишини эълон қилди, бу эса муддатидан олдинги сайловларга олиб келди. Истеъфога Рюттенинг мамлакат миграция сиёсатини қатъийлаштириш таклифи сабаб бўлди, уни ҳукумат коалициясида иштирок этаётган тўрт партиядан иккитаси қўллаб-қувватламади. 

Нидерландияда 2023 йил 22 ноябрда навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтди ва 150 ўриндан 37 тасини олган ўнг қанот популистларининг ғалабаси билан якунланди. 

Вилдерснинг коалиция тузишдаги биринчи уриниши PVV музокарачисининг истеъфоси туфайли муваффақиятсизликка учради. Март ойида томонлар янги вазирлар маҳкамаси аъзоларининг қарийб ярми сиёсат билан боғлиқ бўлмаган, аммо маълум бир масала бўйича эксперт ҳисобланган шахслардан иборат бўлишига келишиб олдилар. 

Мавзуга оид