Жаҳон | 12:10 / 20.09.2024
5439
3 дақиқада ўқилади

Германиядаги қатор портлашларда Нидерландия наркомафияси гумон қилинмоқда

Сўнгги ҳафталарда Германиянинг ғарбий қисмида 11 та портлаш, шунингдек, бир қатор ўт қўйиш ва отишмалар содир бўлган. Немис терговчилари бунинг ортида мафия турганини тахмин қилмоқда.

Фото: Stephane NitschkeREUTERS

Терговчилар Германиянинг ғарбий қисмидаги қатор портлашлар, ўт қўйиш ва отишмалар ортида Нидерландия мафияси турган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Нидерландиядаги уюшган жиноятчиликка алоқадорлик «аниқ-равшан» ва буни исботлаш мумкин, деди пайшанба куни Кёлндаги жиноят қидирув бўлими бошлиғи Михаэл Эссер. Муваффақият ҳақида гапиришга ҳали эрта бўлса-да, «тергов қизғин паллада», деди Эссер.

Тергов доирасида бир неча киши ушланган бўлса-да, жиноят қидирув бўлими бошлиғи журналистлар билан суҳбатда иш тафсилотларини маълум қилмаган ва буни гумонланувчилар, шунингдек, жабрланувчиларнинг шахси сир қолиши билан изоҳлаган. Михаэл Эссернинг сўзларига кўра, ҳужум қурбонлари «карталарини очиқ кўрсатишдан манфаатдор эмас». «Ён-атрофда тўланмаган тўловлар борлиги аниқ, улар ҳозир ундирилмоқда», деди у.

16 ва 18 сентябр кунлари Кёлн марказида портлашлар содир бўлди, бундан ташқари, ёнаётган машина остидан граната топилди. Сўнгги 12 ҳафта ичида Кёлн жойлашган Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ерида 11 та портлаш содир бўлди. Золингенда эҳтимолий жиноятчи портловчи мосламани нотўғри ишлатиш натижасида ҳалок бўлди, Дуйсбургда ҳам портлаш кузатилди. Ушбу жиноятларнинг барчаси бир-бирига боғлиқ деб тахмин қилинади.

Германия полицияси нидерланд мафиясини қидирмоқда

Ушбу жиноятларнинг барчаси мокромафия томонидан содир этилган деб ишонилади, бу атама Нидерландия ва Германия оммавий ахборот воситаларида 1990-йилларда нидерланд Марокаш жамоасидан пайдо бўлган бир нечта мафия гуруҳларини тасвирлаш учун ишлатилган. Улар Германиядаги уюшган жиноий гуруҳларга қараганда зўравонликка кўпроқ мойил. Терговчилар сўнгги ҳафталарда нидерланд ва немис жиноий гуруҳлари ўртасида «мафия урушлари» бошланганини тахмин қилмоқда.

Германия полицияси мокромафия Кёлнда ўғирлаш ва қийноқлар ишига алоқадор экани аниқланганидан кейин Нидерландиядан уюшган жиноятчиликнинг кириб келиши ҳақида огоҳлантирди. Август ойи бошида немис уюшган жиноий гуруҳига аъзо бўлган эркак ва аёл полициянинг Кёлнда ўтказган операцияси натижасида озод этилган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид