Намангандаги снос можароси: ким ён бериши керак — аросатда қолган хонадон эгаларими ёки қурувчи?
Наманган шаҳри Навоий кўчасида қад ростлаётган кўп қаватли уйлар бир кўринишда шаҳар кўркига кўрк қўшаётгандек. Қурилиш объектлари ортига ўтар экансиз, манзара бир оз ўзгаради. Ўша қурилишлар ортида қолиб кетаётган уй каби, бизга мурожаат қилган оиланинг муаммоси ҳам назардан тушиб қолмоқда.
Муяссар Неъматуллаева оиласи Тўрақўрғон кўчаси 8-ўртакўча 30-уйда истиқомат қилади. Уларнинг 12 хонали уйи кўп қаватли уйлар орасида қолиб кетган. Унинг сўзларига кўра, уйи эвазига бошқа уй берилиши бўйича қурувчи корхона «Муҳаммадсаид қурилиш савдо» МЧЖ билан келишув имзолашган.
Оила томонидан девелоперларга бир нечта уй кўрсатилган, лекин уйлар нархи қурувчиларга маъқул келмаган.
Биз бу борада қурилиш ташкилоти — «Муҳаммадсаид қурилиш савдо» корхонаси бошлиқ ўринбосари Муҳаммадсаид Абдуғаниев билан суҳбатлашдик.
У корхона уй эгаларига бир неча таклиф билдирганини айтиб ўтди. Биринчиси — ер олиб, устига уй қуриб бериш, иккинчиси — ўзлари уй топиб, ўша уйни сотиб олиб бериш, учинчиси — 60 минг долларгача бўлган нақд пул бериш таклифлари айтилган. Қурувчининг сўзларига кўра, хонадон эгалари бу таклифларнинг бирортасига кўнмаган.
Хонадон эгалари қурувчи кўрсатаётган уйлар шаҳар марказида эмаслиги, шароитлар йўқлигини таъкидлашмоқда.
Шаҳар қурилиш бўлими ушбу ҳолатга нисбатан муносабатини билдирди.
Наманган шаҳар қурилиш бўлими мутахассиси Муҳиддин Зокиров қурувчи корхонага бир неча бор оғзаки, бир марта ёзма тарзда огоҳлантириш билдирилгани, унда қурилиш ишларини олиб боришда атрофдаги аҳолини кўчириб, қурилиш майдони хавфсиз ҳолатга келганидан сўнг бошлаш кераклиги айтиб ўтилган. Лекин шунга қарамай, қурилиш ишлари давом этаверган.
Ўрганишлар давомида амин бўлдикки, фуқаро ва қурувчи корхонани келиштириш масаласи ҳал этилсагина муаммога ечим топилади. Ушбу ҳудудни обод қилиш учун ҳаракат бошлаган маҳаллий ҳокимият вакиллари масалага эътибор қаратишади, деган умиддамиз.
Тоҳиржон Турсунов, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси — Боймирза Халилов.
Мавзуга оид
07:34 / 23.12.2024
40 млн сўмлик пиротехника буюмларини сотаётган шахслар ушланди
14:40 / 22.12.2024
Эскроу тизими: у жорий этилса, мижозлар қурувчиларга алданмайдими?
10:11 / 18.12.2024
Уй-жой қурилишида янги тизим жорий этилиши мумкин
17:03 / 04.12.2024