Ўзбекистон | 20:49 / 18.11.2025
1993
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда кўмир қазиб чиқариш яна 15 фоизга ошади

Ўзбекистонда 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумида 10 млн тонна кўмир ишлаб чиқариш режа қилинган. Бу – бир йил олдингидан 15 фоизга кўп. Президент Шавкат Мирзиёев мавсум давомида аҳолини кўмир билан кафолатли таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 18 ноябр куни кўмир қазиб чиқаришда эришилган натижалар ва келгуси вазифалар юзасидан тақдимот билан танишди.

Таъкидланишича, куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида энергетиканинг барча тармоқлари қатори кўмир саноатида ҳам янги лойиҳалар амалга оширилмоқда, ишлаб чиқариш қувватлари ва ҳажмлари кўпайтирилмоқда.

2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумида қарийб 8,7 миллион тонна кўмир қазиб олиниб, иссиқлик электр станциялари, бюджет ташкилотлари ва аҳолига етказиб берилди.

Тақдимотда 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумида 10 миллион тонна кўмир ишлаб чиқариш режалаштирилгани маълум қилинди. Бунинг учун “Ўзбеккўмир” АЖ корхоналарининг моддий-техник базаси кучайтирилди, соҳада қўшимча ишлаб чиқарувчиларнинг фаолияти учун шароитлар яратилди.

Президент мавсум давомида аҳолини кўмир билан кафолатли таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди. Корхоналарни модернизация қилиш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, соҳада бозор тамойиллари ҳамда рақобатни ривожлантириб, маҳсулот таннархини тушириш муҳимлиги қайд этилди.

Тақдимотда уран йўналишидаги янги инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, геология-қидирув ишларининг кўламини кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда кўмир қазиб олишнинг ошиши

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, охирги 5 йилликда Ўзбекистонда йирик корхоналар томонидан кўмир ишлаб чиқариш динамикаси қуйидагича бўлган:

2025 йилнинг дастлабки 9 ойидаги ишлаб чиқариш кўрсаткичи – ўтган йилнинг шу давридан (5,3 минг тонна) 5,7 фоизга, икки йил олдингидан (4,5 минг тонна) 24,4 фоизга кўп.

Кўмир импорти кўрсаткичлари эса қиймат жиҳатидан қуйидагича

  • 2021 йил: 70,8 млн доллар
  • 2022 йил: 121,8 млн доллар
  • 2023 йил: 204,4 млн доллар
  • 2024 йил: 180,2 млн доллар
  • 2025 йил январ-сентябр ойларида: 146,8 млн доллар (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26,6 фоизга кўп).

2023 йил бошида қабул қилинган қарор асосида, республика бўйлаб боғчалар, мактаблар ва шифохоналарнинг иситиш тизимлари кўмирга ўтказилган.

2025 йил октябр ойида Экология вазирлиги Тошкент шаҳридаги ҳаво сифатини яхшилаш бўйича таклифларни ишлаб чиққан эди. Таклифлардан бири – пойтахт ва унинг атрофидаги иссиқхона ва саноат объектларида кўмир ишлатмасдан, уларни “бошқа муқобил энергия манбаларига ўтказиш”дан иборат.

Мавзуга оид