Жамият | 09:00 / 16.10.2025
10787
4 дақиқада ўқилади

Ярми кукун, лимит кам, омбор узоқ — попликлар кўмир таъминотидан норози

Кунлар совиб, уй иситиш яна долзарб масалага айланди. Табиий газ етиб бормаган ҳудудларда кўмир ва ўтинга талаб кундан кун ортиб бормоқда. Kun.uz мухбири Наманган вилояти Поп туманидаги Гулистон қишлоғида бўлиб, одамлардан уйларини иситиш учун баҳоргача қанча маблағ сарфлашлари, тарқатилаётган кўмир сифати ҳақида сўради.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Сўровдан маълум бўлдики, одамларда тарқатилаётган кўмир сифатига эътирозлар бор. Ноиложликдан кукун кўмирга гўнг аралаштириб, қўлбола брикет ясашга мажбур бўляпмиз, дейди Гулистон қишлоғи аҳолиси.

Сифатлиси сотувга, кукуни халққа...

“Қишлоғимизда табиий газ йўқ. 30 кунда берилиши керак бўлган газбаллон баъзан 45-55 кунда келади. Қиш мавсуми учун икки тонна кўмир оламан. Бир тонна кўмирнинг давлат нархи 310 минг сўм. Қишлоққа етиб келиши билан 600-700 минг сўмгача тушади-да. Етиб келиш харажати жуда қиммат.

Кўмирнинг ўзи етмайди. Рўзғор катта. Бир мавсумда бўлмаганда 5-6 миллион сўмлик ўтин ва кўмир сотиб оламан. Ҳар бир оила учун бир тоннадан кўмир тарқатиляпти. Бу энди урпоғам бўлмайди-да. Битта Labo'даги арзимаган ўтин ҳеч қанча чиқмайди, 1 миллион сўмгача сотиб оламиз. 15 кунга етмайди.

Табиий газ бўлмагандан кейин, ҳеч бўлмаса кўмир билан таъминлаб қўйишса, хурсанд бўламиз. Кўмир келса тўполон, милициябозлик бўлиб кетади. Кўмир келганини олдиндан билиб қолиб, кечалари омборхонага пойлаб бориб, вагонни кўз олдимизда очасан, деб қатъий турсак, шундагина сифатлироқ кўмир олишимиз мумкин. Бехабар қолсак, сифатли кўмир чеккага чиқиб кетади, бизга чиқиндиси келади. Кўмир сақланадиган омборхона ишчиларига инсоф берсин”, дейди Гулистон қишлоғида яшовчи Омонхон Саидов.

Кўмирдан кўра йўл ҳақи қиммат

“Кўмир масаласи жуда қийин. Газбаллон ҳам вақтида келмайди. Қийин бўляпти. Қишлоқчилик. Чекка жойдамиз. Халққа қийин бўляпти. Авваллари 20-23 кунда келарди.

Ўзи кўмир арзон, йўлкираси қимматга тушяпти жуда ҳам. Бир мавсумда 2 тоннадан кўп кўмир ёқаман. 2-3 Labo ўтин ҳам кетади. Бераётган кўмирининг тупроғи кўп. Тўғрисини айтган яхши-да. Устига озроқ пул берсангиз, сараланганини беряпти. Арзон нархда тарқатилган кўмир шубҳасиз етмайди. Кейин қўлдан қимматга сотиб олиб амаллаб қишни чиқарамиз. Иложи йўқ. Қишлоғимиз “тупик” жойда-да...”, дейди фуқаролардан яна бири.

Кўмирдан таппи қиламиз...

“Қишлоққа кўмир тарқатиляпти. Энди битта муаммоки, лимит жуда кам. Битта хонадонда камида иккита-учта печка ёнади-да. Энди буни ҳисоблаб чиқсангиз, 6 ойга бир тонна кўмир ҳеч нарса эмас-да. Мана, ҳозир давлат нархи бўлгани билан, 309 минг сўмлик кўмир етиб келиши билан 600 минг сўмдан тушяпти-да. Йўлкираси биланд. Устига устак, берган кўмири тупроқдан иборат. Кўмир тупроғини йиғиб олиб, қўлбола брикет қилиб ҳам ёқамиз борига шукур деб”, дейди Валихон Тўраев.

Гулистон қишлоғи аҳолиси қишлоққа қўшимча трансформатор ўрнатилиши лозимлиги, айниқса қиш фаслида юкламалар ортиб, кунни светсиз ўтказишга мажбур бўлаётганликларини ҳам маълум қилишди.

Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz

Муаллиф:  Сарвар Зияев

Мавзуга оид