«Ватанни даромад истайдиганларга ташлаб кетмаслик керак» — кимёнинг «чангини чиқарган» ака-сингиллар ҳикояси
Халқимизда бирор ишни кўп қилганидан қойиллатиб бажарадиган бўлиб қолган одамга нисбатан фалончи фалон ишнинг «чангини чиқарган» деган ибора ишлатилади. Бугунги суҳбатдошларимиз кимё фанининг чинакамига «чангини чиқарган».
Бир оиланинг уч фарзанди ҳали ёш бўлатуриб кимёдан дарс бермоқда. Улар – халқаро олимпиада ғолиблари, шогирдларини ҳам шундай маррага етаклаган. Бу илм шайдоларининг ҳикояси ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак.
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги қошидаги Aбу Aли ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатида 3 ака-сингил ўқитувчилар кимё фанидан дарс беради. Улар халқаро кимё олимпиадаларида ғолиб бўлгани, педагог дипломисиз қандай қилиб мактабда дарс бераётгани ва ўзлари ташкил қилган 12 соатлик ўқитиш тизими ҳақида сўзлаб беришди. Ишонинг, бу ака-сингилларнинг илмга интилиши, ёш бўлса-да, юрт келажагига бефарқ эмаслиги ҳавас қиларли даражада...
Беҳзод Болтаев Тошкент тиббиёт академияси умумий жарроҳлик йўналишининг магистратурасида ўқийди. Кимё фанидан Менделеев халқаро олимпиадасида 2 та кумуш, жаҳон олимпиадасида 2 та олтин медални қўлга киритган. «Шуҳрат» медали, «Мард ўғлон» мукофоти ва «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони соҳиби.
Бобур Болтаев Тошкент педиатрия тиббиёт институтини тамомлаган. Менделеев олимпиадасида бронза, жаҳон олимпиадасида 2 марта бронза медал олган. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиби.
Моҳира Болтаева Тошкент педиатрия тиббиёт институти 3-босқич талабаси. Менделеев олимпиадасида бронза ва жаҳон олимпиадасида кумуш медал олган. «Зулфия» мукофоти соҳиби. Aка-сингиллар 2019 йилдан буён Aбу Aли ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатида педагог-тарбиячи бўлиб ишлаб келмоқда.
Педагог дипломисиз дарс бериш
Беҳзод Болтаевнинг айтишича, ака-сингиллар иқтидорли талабаларни олимпиадага тайёрлаш мақсадида Aбу Aли ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб интернатига таклиф қилинган.
«2018 йил бу таклиф берилганда жамоамиз 3 кишидан иборат эди: мен Беҳзод Болтаев, укам Бобур Болтаев ва дўстимиз Жавлон Муҳсимов. Ҳозир синглимиз Моҳира Болтаева билан жамоамиз бир кишига кенгайди. У ҳам халқаро фан олимпиадаларида ютиб, қайсидир маънода ўз қобилиятини бизга исботлаб берди. Шундан кейин уни ҳам жамоага қабул қилдик. Ҳозирда 4 кишилик жамоа бўлиб ҳаракат қиляпмиз. Бу мактабда ишлашдан олдин ҳам жамоа бўлиб ишлаб келганмиз. Дастлаб асосий базамиз Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи эди. Яъни, бу 2013-14 йилларда ўзимиз тайёрланган пайтлар эди. Лицейни тамомлагач, унинг базасида шу лицей ва кўплаб вилоятлардан келган иқтидорли ёшларнинг халқаро фан олимпиадаларига тайёрланишига кўмак беряпмиз», дейди қаҳрамонимиз.
«Ўқиш тизимимиз деярли 12 соат давом этади»
Мактабда дарслар қандай ташкиллаштирилгани ҳақида Бобур Болтаев гапириб берди: «Бизда ўқиш деярли 12 соат давом этади. Бу вақт давомида фақат кимё билан шуғулланилади. Яъни, 5 соат маълум бир олимпиаданинг масаласи ишланади. Кейин биз ўзимиз болалар билан ишлаймиз. Ва яна 3 соат ўз устида ишлаш бўлади. Ўзбекистон жаҳон олимпиадасида умумий ҳисобда 24 та медал олган бўлса, шунинг 19 таси бизнинг ўқувчилар ва ўзимизга тегишли. Менделеев олимпиадасида 2015 йилдан ҳозиргача 30 га яқин натижани қўлга киритганмиз. Умумий ҳисобда халқаро олимпиадаларда 50 тача медал қўлга киритганмиз», дейди Бобур.
Моҳира Болтаеванинг айтишича, ўқувчилар билан ишлашнинг масъулияти катта: «Чунки уларга менинг ўқитувчиларим дарс беради. Уларнинг қаторида дарс бериб, ўқитувчиларим билан битта даражага келиб қолганман. Шунинг учун масъулият баъзида қийнайди. Лекин болаларга дарс ўтиш қийин эмас. Мен уларга ўзимнинг укам, синглимдек қарайман», дейди ака-сингил кимёчиларнинг кичиги.
«Шу услуб ўзини оқлаганини кўрдик»
Беҳзод ўқитиш давомида дуч келган муаммолари ҳақида гапирар экан таълимда эластиклик муҳим эканини айтди: «Яъни ўқитувчининг ғояси бор, ғояни амалга ошириш методи ҳам бор. Лекин уни амалга ошириш учун бюрократик тўсиқлар шунчалик кўпки, уни амалга ошириш эҳтимоли баъзан нолга тенг бўлиб қолади. Дастлаб ўз услубимизни таклиф қилганда, бу бизнинг таълим тизимимизга мос келмаслигини айтишди. Лекин биз учун алоҳида иқтидорли ёшлардан иборат гуруҳ учун алтернатив шароит қилиб берамиз, дейишди. Икки йил кўз юмиб беришди ҳам, раҳмат. Биз баъзи фанларни ўқиш пайтида ҳам кимёни ўқитишга мажбур бўлдик. Бу услуб яқинда ўзини оқлади. Шу мактабда ўзимизнинг эластик таълим услубимизни ишлатиб кўрдик. Халқаро даражада тан олинган, бу йил 55-марта ўтказилган халқаро Менделеев кимё олимпиадасида ўқувчиларимизнинг 2 нафари кумуш ва 1 нафари бронза медалини қўлга киритди.
Умуман олганда, Ўзбекистон терма жамоаси бу олимпиадада 1 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди. Ушбу олимпиадада Россия, Руминиядан кейин 3-ўринда бизнинг жамоа олтин медаллари турибди», дейди ёш педагог.
«Ўқитиш учун диплом шартмас»
Беҳзоднинг фикрларини Бобур ҳам қўллаб-қувватлади. Унинг айтишича, диплом ҳозир ҳеч нимани ҳал қилмайди: «Ўқитиш дипломга эга бўлиш дегани эмас. Илми бор одам исталган одамга ниманидир ўргатиши мумкин. Биз ўзимиз ўқиб туриб кимларгадир ўқитганмиз. Масалан, мен лицейда олимпиадада ютганимдан кейин 3-курслигимда акамга ёрдамчи бўлганман. Aкам мени ўқитган, мен унга ёрдамчи сифатида маълум бир дарсларни биргаликда давом эттирганмиз», дейди Бобур.
«Биз иқтидорларни ҳар куни йўқотяпмиз…»
Беҳзод ўзбекистонлик ўқувчилар салоҳиятини юқори баҳолайди. Унинг фикрича, бу иқтидорларни эътиборсизлик туфайли йўқотиб боряпмиз: «2019 йилги Жаҳон олимпиадасида кимё фанидан Франция терма жамоаси 2 та кумуш, 2 та бронза медал олди. Худди шу олимпиадада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам 2 та кумуш, 2 та бронза медал олди. Бу Ўзбекистон билан Франция тенг дегани эмас. Лекин имкониятлар тенг дегани. Иқтисодий нуқтайи назардан ёки илмий салоҳиятни олсак, Франция билан Ўзбекистонни солиштириб бўлмайди. Демак, биз иқтидорларни ҳар куни йўқотарканмиз. Улар орамизда юраверади, лекин қўлидан нималар келишини жамият ҳам, унинг ўзи ҳам тасаввур қила олмайди ва биз шундай катта бойлигимизни кундан кунга бой бериб бормоқдамиз».
«Дунё қаёққа қараб кетаётганини билиш керак»
Беҳзод Ўзбекистонда таълим тизимидаги фикрларига қўшимча қилиб, бу соҳада журъатлироқ ўзгаришлар қилиш керак деб ҳисоблашини айтди: «Ҳозир олимпиада учун алоҳида ташкилот тузилди. Иқтидорли ёшлар билан ишловчи алоҳида департамент бор. Энди олимпиадалар билан ишлайдиган одамларда дарс бериш учун диплом керакмас экан, деган тасаввур пайдо бўлди. Иккинчидан, бугунги замон педагоги ва ўқитувчиси дунё тажрибасини ўзлаштиришга иштиёқманд бўлиши керак. Биз янгилик қилмоқчимиз, учинчи ренессанс ҳақида гапиряпмиз. Бу учун эса аввал дунё қаёққа қараб кетганини билиш керак. Aвтобус бекатдан кетган бўлса, уни қувиб етиш учун олдин у қаерда эканини билиш керак».
«Киши ишлаётган соҳасидан қачон кетишини билиши керак»
Бобур ўзлари яратган олимпиадачилар тайёрлаш системаси каби тизимни қолган соҳаларда ҳам яратиш ниятида эканини айтди: «Қандайдир тизим бошласангиз, уни имкониятингиз етгунича олиб бориш, пайти келганда эса уни давом эттирувчиларига бера олиш керак. Масалан, кимдир тизим яратади, шу даражага олиб чиқди. Лекин қачондир у кетиши, тизимни ёшларга – шу нарсанинг издошларига бериши керак. Одам бир қийин жойга тушиб қолса, унинг ечимини чиқаролмаса, атрофида айланаверади. Унинг ечимини чиқариш учун бошқа бир фикр керак бўлади. Системага янги ғоялар керак. Шу пайтда сиз кетишингиз керак бўлади. Шунда бу тизим барҳаёт бўлади».
«Битта ноёб соҳа мутахассиси чиқиб кетиши шу соҳада ҳамма нарсани йўқотиш билан тенг»
«Бугун таланти бўлиб туриб, бюрократик тўсиқлар сабаб босимдан чиқиб кетиш учун чет элга кетадиганлар кўп. Чет элга чиққандан кейин жуда кам одам Ўзбекистонга қайтади. Тасаввур қилайлик, Ўзбекистонда битта зўр трансплантолог бор эди. Унга ишлашга беришмади ва у кетиб қолди. Бунда Ўзбекистон нима йўқотади биласизми? Бутун бошли трансплантология соҳасини йўқотади», дейди Беҳзод.
«Нега Ватанни қайсидир эгоист, журъати қолганлардан ортиқроқ бўлгани учун кўпроқ даромад қиладиганларга қолдириш керак?»
Беҳзод ёшларнинг чет элга чиқиб кетишига сабаб уларнинг журъатсизлиги, мағлубиятни осон тан олиши, курашувчанликнинг йўқлигида деб ҳисоблайди: «Кимдир иқтидорини рўёбга чиқаролмади, бош олиб кетди. Бу мағлубиятни тан олиш бўлади. Ёшлар иродали бўлиши керак. Нега энди кимгадир ютқазиб кетиб қоларкансиз? Ёшларда жанговар руҳ бўлиши керак. 1-раундда ютқаздингми, демак, кучинг етмади. Куч тўплагин-да, 2-раундга чиқ. Яна кучинг етмадими, ўйланма, ҳали раундлар кўп-ку?! Худо берган умри бўлса, карьераси, ҳаёт йўли узоқ бўлса, бу унинг ютуғи. Кучи етмадими, куч тўплаш керак. Ёшлар асосан билим ва касб ўрганиши керак. Ўзбекистонда ўрганилмаётган соҳани четга бориб ўрганиш керак, бироқ ватанда қолиб кетган қарзини унутмаслиги керак. У бу ёқда ютқазиб чиқиб кетганди, у ютмас экан бу соҳа ўзгармайди».
«Билим ҳамма нарсани ҳал қилганда эди…»
«Бу Ватан оталардан бизга мерос бўлган, биздан фарзандларга мерос қолади. Нега бу Ватанни қайсидир эгоист, журъати қолганлардан ортиқроқ бўлгани учун кўпроқ даромад қиладиган инсонларга қолдириш керак? Билим ҳамма нарсани ҳал қилганда эди, бугунги кундаги жамиятнинг энг юқори қатлами билимлилар бўларди. Баъзиларнинг билими, касби жуда яхши, лекин жамиятда позицияси жуда паст. Демак, у жамиятда ютиб чиқолмаяпти. Унда бошқа сифатларни ҳам тарбиялаш керакки, токи жанговар, иродали, қайтмас бўлсин. Ўзининг ҳақиқати бўлса, шу ҳақиқати учун курашадиган инсон ҳам бўлиш керак-да! Бугун ёшларда шу хусусият сал пастроқ. Кетиб, қайтиб келмадими, демак у ютқазди. Қийинчилик кўргани учун кетди. Энди у юртда ана шу қийинчиликни бошқа одам кўрмаслигини хоҳлаши керак», дейди Беҳзод.
Ака-сингил кимёгарларнинг кичиги Моҳира саратонни эрта аниқлаш бўйича чуқур илм олиб, бу соҳани чет элда ўрганиб келиб Ўзбекистонда ривожлантирмоқчи эканини айтди. Очиғи, ҳали мустақил ҳаётга энди қадам қўяётган ёш қиз ўз илми билан ватандошларига ёрдам беришни истаётгани бизни жуда таъсирлантирди. Қанчадан қанча соҳа масъуллари ватандошларнинг саломатлигига бефарқ бўлаётган бир вақтда ҳали қўлида дипломи ҳам бўлмаган ёшларнинг юрт учун бу қадар жон куйдириши келажакдан яхшиликлар кутишга умид берди.
Истагимиз илмни қадрлайдиган мана шундай ёшлар кўпайсин. Зеро, илмдан ўзга нажот йўқ…
Зуҳра Aбдуҳалимова,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Aбдусалим Aбдувоҳидов
Мавзуга оид
15:21 / 19.12.2024
Хитойда ўғлининг уй вазифаларига ёрдамлашаётган ота инфарктга чалинди
16:56 / 13.12.2024
Андижонда ҳоким ўқувчиларни армияга юборди, ИИБ бошлиғи “қизил тоифа”га ажратди. Бу тўғрими? — мутахассислар билан суҳбат
09:30 / 04.12.2024
Дунёдаги энг қиммат 10 та мактаб-интернат: уларда йиллик ўқиш нархи 100 минг доллардан ошади
14:33 / 21.11.2024