Мактаб-пансионлар ёки интернатлар тарихан Буюк Британияда кенг тарқалган, аммо бугунги кунда бу модел бошқа мамлакатларда ҳам қўлланади. Дастлаб бундай таълим муассасаларида эркаклар ва аёллар алоҳида ўқитилган, лекин бугунги кунда аралаш тур устунлик қилади, деб ёзмоқда Forbes.

Одатда, интернат кампусида ўқувчилар учун ётоқхоналар бўлади: айрим мактабларда ўқувчилар дам олиш кунларида уйга борса, бошқаларида эса фақат таътилда кетади. Агар дастур болалар боғчаси ёки бошланғич синфлардан бошланадиган бўлса, тахминан 10 ёшгача бўлган болалар ётоқхонада тунамайди, балки оддий мактаблар сингари интернатга қатнаб ўқийди. Бадавлат инфратузилмадан доимий фойдаланиш ўқувчиларнинг имкониятларини кенгайтириб, уларнинг ривожланишини рағбатлантиради.

Нафақат ўқиш, балки яшаш харажатлари қўшилгани туфайли таълимнинг бу тури анча қиммат. Бироқ бу сарф-харажатлар ўзини тўла оқлайди, деб ишонилади. TABS мактаб-пансионлар уюшмаси ўтказган халқаро тадқиқот натижаларига кўра, таълим муассасаси ўқувчида етакчилик қобилиятларини ривожлантиришга ёрдам бергани ҳақидаги фикрга давлат мактаблари битирувчиларининг 52 фоизи, хусусий мактаблар битирувчиларининг 60 фоизи, пансионлар битирувчиларининг эса 77 фоизи қўшилган.

Давлат таълим муассасалари, хусусий мактаблар ва пансионларни тугатган респондентларнинг мос равишда 39, 71 ва 87 фоизи мактаб уларни олий ўқув юртларига тайёрлаганини таъкидлаган. Битирувчиларнинг 23, 36 ва 78 фоизи жамиятдаги мустақил ҳаётга яхши мослашганини айтади. Ўқиш давомида ўз вақтини режалаштириш кўникмасини эгаллаганлар улуши ҳам худди шунча.

Энг қиммат интернатлар рўйхатидан Forbes ва бошқа нашрлар, рейтингларига киритилган ҳамда ота-оналар ва бошқа манфаатдор шахслардан ижобий фикрлар олган мактаблар жой олди. Барча ўқув муассасалари Швейцарияда, гўзал Алп тоғлари, водийлари ва кўллари қўйнида жойлашган. Пансионларнинг деярли барчаси 50 йилдан 150 йилгача тарихга эга бўлиб, кўпларининг раҳбарлари ўн йиллар давомида ўзгармай келмоқда.

Дарслар инглиз тилида олиб борилса-да, ҳар бир пансион ўқувчиларга бошқа хорижий тилларни ўрганиш имкониятини тақдим этади. Бу мактабларда одатда бир мамлакатнинг элликдан ортиқ фуқаролари таълим олади, бироқ айрим мактабларда битта мамлакатдан келган болалар сони 10 фоиздан ошмаслиги белгиланган. Ўқув режасида одатда турли таълим тизимларининг талаблари инобатга олинади. Ҳар бир пансион дунёнинг турли мамлакатларидаги олий ўқув юртларига кириш учун зарур бўлган халқаро ва минтақавий имтиҳонлар ўтказади.

Барча мактаблар халқаро бакалавриат дастури асосида фаолият юритади. Уларда юзлаб ихтиёрий курслар, ўнлаб спорт турлари мавжуд. Айниқса, қишки ва тоғ спорт турларига алоҳида эътибор қаратилади. Пансионатлар бутун дунё бўйлаб сайёр тадбирлар ўтказиб, ўқувчиларга турли фаолият соҳаларида ўзларини синаб кўриш имкониятини беради. Таътил вақтида ёзги оромгоҳлар уюштирилади. Битирувчилар клубларга бирлашади ва баъзан янги авлод ўқувчилари билан дарс ўтказиш учун ўз мактабларига қайтиб келади.