Андижонда ҳоким ўқувчиларни армияга юборди, ИИБ бошлиғи “қизил тоифага” ажратди. Бу тўғрими? — мутахассислар билан суҳбат
Педагог Шокир Турсуннинг айтишича, таълим мазмунига ҳокимият ҳамда кучишлатар тизимнинг аралашувини оқлаб бўлмайди, бу болалар психологиясига салбий таъсир кўрсатади. Сиёсий таҳлилчи Ҳамид Содиққа кўра, муаммонинг асоси бошқарувчиларнинг ваколати тўғри тақсимланмагани билан боғлиқ. “Кучишлатар тизимлар кучли бўлгани учун уларга ўзи билан тенг ҳокимият керак. Кучли парламент бўлмайдиган бўлса, “погон”лиларни тийиб бўлмайди”, дейди у Kun.uz'га берган интервюсида.
Ўтган ҳафталарда Андижон мактабларида қизиқ воқеалар бўлиб ўтди. Аввалига вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ташаббуси билан 20 га яқин мактаб битирувчилари дарс ҳисобидан 3 кунлик армияга юборилди. Кейинроқ Хўжаобод туманида “қизил тоифада” деб эълон қилинган мактаб ўқувчилари ИИБ бошлиғи билан “суҳбат”га олиб борилди.
Ҳар иккала ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Шулардан келиб чиқиб, Kun.uz таълим соҳасининг бугунги ҳолати билан боғлиқ айрим масалаларни муҳокама қилиш учун таълим соҳаси эксперти, педагог Шокир Турсун ва сиёсий таҳлилчи Ҳамид Содиқ билан суҳбатлашди.
– Дастлаб Хўжаободда ўқувчиларнинг “қизил тоифа”га ажратилгани бўйича муносабатингизни сўрамоқчиман. Шокир ака, ўқувчилар “қизил тоифа”га ажратилганини болалар омбудсмани қоралаб чиқди. Сиз таълим соҳаси эксперти сифатида вазиятга қандай қарайсиз, мактаб ўқувчилари билан ИИБ бошлиғи ҳузурида суҳбат ўтказилиши қанчалик тўғри?
Шокир Турсун: Олдиндан айтишим керак, нима бўлган тақдирда ҳам [бунинг] таълим жараёнига таъсири салбий. Энди салбийлигининг даражасини ўлчаш мумкин. Буни ўлчаш учун вазиятнинг баъзи бир тафсилотлари керак бўлади. Бунинг учун саволлар беришимиз керак. Ўзи бу учрашув қачон содир бўлди, яъни куннинг қайси қисмида? Болалар дарсдан олиндими ёки олинмадими? Болалар дарсдан олинган бўлса, қайси дарсдан олинди-ю, улар нима билимдан қолиб кетди? Уларга бу қоплаб бериладими?
Иккинчиси – бу айтилаётган “қизил тоифа” нима ўзи? Яна қандай тоифалар бор: сариқ, қизил, қора борми? Бу “қизил тоифа” охиргисими ёки ундан кейин яна борми? Кейин биринчи болаларнинг юзи очиқ ҳолатда тарқатилди, Болалар омбудсманининг талаби билан кейин ёпиб қўйишди. Унгача [сурат] тарқаладиган жойларга тарқалиб улгурди: бу битирувчи ёки юқори синф ўқувчилари экани кўриниб турибди. Энди уларнинг ўртоқлари, маҳалладошлари ёки қариндошлари “қизил тоифа”да эканига қандай муносабатда бўлишяпти? Мана шу саволларимизга аниқ жавоблар бўлса, биз унинг салбийлик даражасини ўлчаб беришимиз мумкин.
Ўзи охирги пайт таълим тизимига педагогикани билмайдиганлар, педагогика соҳасига яқин йўламаганларнинг аралашиши жуда кўпайиб кетди. Билмайман, нега таълим (Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги) бунга йўл қўйиб беряпти. Ҳаттоки, ўша вазиятга ҳам қаттиқ муносабат билдирмади, гўёки бошқаларнинг аралашувига хайрихоҳдек тутяпти ўзини. Ўзининг вазифаларини бошқаларга бериб қўйишдан хурсанд бўлаётгандек кўриняпти.
Қўпол қилиб айтганда, давлатимизда ички ишлар тизими барибир кучишлатар тизим сифатида кўрилади. Уларнинг қўлида ҳокимият бор, буйруқ беролади ва берган буйруғини бажартира олади. Бу болаларнинг психологиясига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, расмларда кўрган бўлсангиз, раҳбар ўтирибди, у ўқувчи эса туриб суҳбатлашяпти. Бу дегани у ердаги суҳбат босим остида бўляпти. Агар дўстона суҳбат бўлганида ҳамма ўтирган бўларди: жавоб бераётган ҳам, савол бераётганлар ҳам. Биринчи кўргандаёқ нега бу бола тик туриб жавоб бераётгани эътиборимни тортганди. Ўзи бу суҳбат неччида бўлди, нима гапларни гаплашишди, “қизил тоифа”даги ўқувчиларга тааллуқли эмас, бу менинг ишим дейишяпти, лекин унинг иши бўлгани учун ўқувчиларни йиғиб олиб, алоҳида-алоҳида муаммони ҳал қилиш нимага керак? Боланинг психологияси, уларда қоладиган травмалар ҳақида кам ўйлаймиз. Умуман таълим тизимимизнинг ўзида боланинг психологияси билан ишлаш жуда оқсайди. Мактабларда психологлар етишмайди, малакали психологларимиз бўлганида балки ички ишларга ўрин қолдирмасди, рухсат бермасди. Ўзи рухсат бермаслиги керак деб ҳисоблайман.
Агар ҳукм сифатида айтадиган бўлсак, менинг, умуман педагогиканинг қараши бўйича бирор кучишлатар тизими маълум бир ўқувчиларни хонага йиғиб олиб, ўзи тўрига чиқиб олган ҳолатда болалар билан босимли суҳбат ўтказиши нотўғри ва буни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
– Ҳамид ака, расмий хабарда бу болалар қайси хусусиятига кўра “қизил тоифа”га ажратилганига изоҳ берилмаган. Сиз нима деб ўйлайсиз, бу воқеада қайси жиҳатлар сиёсий таҳлилчи сифатида сизнинг эътиборингизни тортди?
Ҳамид Содиқ: Ўзи биз учун бу қандайдир янгилик бўлмаслиги мумкин, чунки илдизларини пайпаслаб кўриш имкониятимиз бор. Бу ҳокимият ваколатларининг тубдан нотўғри тақсимланганидан вужудга келади. Яъни бунинг бошидан мана шундай муаммолар ётади, сайловдаги камчиликлар билан. Агар ҳокимият қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимияти конкрет Конституцияда кўрсатилганидек тақсимланмас экан, мана шундай муаммолар келиб чиқаверади. Бу ёндош ёки ёнбош муаммолар дейилади. Яъни бу қандай келиб чиқади?
Дейлик, секторларга бўлиш бор. Секторларга бўлинган вақтда бу қайсидир маънода ўша ҳудуддаги қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимиятлари вазифасини 4 та секторга бўлиб беришдек гап. Бу ерда ваколатлар аралашиб кетади. Ҳаттоки, сиз ўша вазиятни бориб ўрганиб, ички ишлар ходимлари билан гаплашадиган бўлсангиз, у битта мактабда бир йилда 50 дан ортиқ жиноят содир бўлганини айтади, шундай жиноятларни ҳатто келтиради, сиз тўғри қилаётганини билдирасиз. Электрон сигаретдан наркотик моддаларини чекишдан тортиб, жинсий зўравонликкача бўлган “дело”ларни тахлаб ташлайди.
Лекин бу оқлаш эмас. Бу бошидан ҳокимият ваколатларининг аралашиб кетгани сабаб бўлади. Яъни бу масалани кучли парламент ҳал қилади. Ҳозир ички ишлар идоралари ходимлари билан бундай воқеалар кўп бўлади ва уларга таъсир кўрсатиш имконияти йўқ. Халқ тўғридан тўғри ички ишлар ходимларига таъсир ўтказа олмайди, у ўзининг вакилига таъсир кўрсатолади. Депутатига айтадики, бизда шундай муаммо бор, сен шу муаммони ҳокимиятга олиб чиқ дейди. Кучишлатар тизимлар кучли бўлгани учун уларга ўзи билан тенг ҳокимият керак. Тасаввур қилинг, ҳозир Вазирлар Маҳкамаси билан парламентни мутлақо тенглаштириб бўлмайди. Вазирлар Маҳкамасида бутун ресурслар қўлида: кучишлатиш, пул, инсон ресурсларининг ҳаммаси уларда.
Кучли парламент бўлмайдиган бўлса, “погон”лиларни тийиб бўлмайди. У исботлаб қўяди нима учун бундай қилаётганини. Демак, бу – биринчи масала. Иккинчи масала шундаки, қонун нима учун керак деган савол бор?
Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди,
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси Шоҳрузбек Абдурайимов.
Мавзуга оид
10:25 / 12.12.2024
Мактабларда қишки таътил 29 декабрдан бошланади
07:50 / 10.12.2024
Андижонда Lacetti 12 ёшли болани уриб юборди
18:07 / 09.12.2024
Андижонда Lacetti ёниб кетди
16:59 / 04.12.2024