Иқтисодиёт | 17:36 / 08.08.2023
44317
12 дақиқада ўқилади

Тилла, фулс, оқ ва қора танга. Бухоро амирлиги пул тизими тарихи

Ўзбек халқи хонликлар даврида турли пул тизимларидан фойдаланган. Бироқ улар жуда кичик фарқларга эга бўлиб, бир хил металлардан зарб қилинган ва бир хил номларга эга бўлган. Хусусан, Бухоро амирлигида олтин, кумуш, мис ва ҳатто қоғоз пуллардан фойдаланилган.

Ўзбекистон пул тизими тарихи, шубҳасиз, жуда узун мавзу. Ўлкадаги деярли барча тарихий давлатлар ўз пулларини зарб қилдирган ва муомалага киритган.

Ўзбек нумизматикаси ривожланиб бориши билан ўзбек пул тизими тарихи ҳам тобора кўпроқ маълумотларга, топилмаларга эга бўлиб бормоқда. Янги давр, яъни ўзбек хонликлари даври пул тизими ҳақидаги маълумотлар нисбатан анча-мунча кўпроқ. Чунончи, улардан бири бўлган Бухоро амирлигининг пул тизими анча бой тарихга эга.

Аштархонийлар (Жонийлар) сулоласи ҳукмронлигининг сўнгги йилларида Бухоро хонлиги нафақат сиёсий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам таназзулга юз тутади. Маҳаллий беклар хондан деярли тўлиқ мустақилликка эришади ва ҳатто тангаларга ўз исмини ёздира бошлайди.

1756 йил ўзбекларнинг манғит уруғидан бўлган Муҳаммад Раҳимбий Бухорода янги сулола ҳукмронлигига асос солади ва сиёсий ислоҳотлар ўтказади. Аммо у пул тизимига етарлича эътибор қаратмайди. Раҳимбий ва унинг давомчиси Дониёлбий оталиқ даврида тартибсиз пул тизими сақланиб қолади.

Бухоро амирлигидаги пул ислоҳоти салтанатнинг учинчи ҳукмдори Шоҳмурод номи билан боғлиқ. «Амири маъсум» номи билан танилган бу ҳукмдор манғитлар орасида илк бор ўзини «амир» деб атайди ва тахтга чингизийлардан сохта хон ўтқазиш анъанасини тўхтатади. У амирликнинг халқаро савдоси ривожланиб бораётгани ва тартибсиз пул тизими унинг янада ривожланишига тўсқинлик қилаётганини ҳисобга олиб, кенг миқёсли пул ислоҳотини бошлайди.

Амир Шоҳмурод томонидан 1784-1785 йилларда жорий қилинган янги пул бирликлари олдингиларидан кўп ҳам фарқ қилмаган, яъни уч хил турдаги пул анъанаси сақланиб қолган. Булар, «тилла» ёхуд «Ашрафий» — олтин танга, «танга» — кумуш танга, «фулс» (кўпликда «фулус») — мис танга эди.

Халқ орасида кумуш тангалар «оқ пул», мис тангалар эса «қора пул» деб аталган. Тангалар соф олтин ва кумушдан қуйилган. Муомалада энг кўп кумуш тангадан фойдаланилган.

1 тилла танга 22 кумуш тангага, 1 кумуш танга 44-64 мис тангага тенг бўлган. Мис танганинг кумуш тангага нисбати тез-тез ўзгариб турган.

Олтин ва кумуш тангалар вазни улар зарб этилган зарбхоналарга қараб турлича бўлган. Олтин тангалар асосан 1 мисқол, яъни 4,5-5 грамм атрофида зарб этилган, кумуш тангалар вазни эса 2-3,25 грамм атрофида бўлган.

Бухоро амирлигида олтин ва кумуш тангалар ҳар йили зарб этилган. 1889-1892 йилларда Бухоро пул тизими келажагини муҳокама қилишда иштирок этган Туркистон ҳарбий округи қўшинлари қўмондони барон Александр Вревский ўша пайтдаги (1894 йил) Россия молия вазири Сергей Виттега ёзган мактубларида Бухорода танга зарб қилишга доир қуйидаги маълумотларни келтириб ўтган:

«Яқин вақтларгача Бухорода йилига 8-10 миллион танга зарб қилинган. Фақат сўнгги йилларда бу сон ўса бошлади. Амирликнинг бош закотчиси маълумотларига кўра, 1888 йил 27 августдан 1889 йил 15 августгача 10 миллион 254 минг 896 танга, 1889 йил 16 августдан 1890 йил 4 августга қадар эса 22 миллион 434 минг 820 танга, 1892 йил 14 июлдан 1893 йил 3 июлгача 16 миллион 948 минг 832 танга зарб этилган».

Бироқ Вревский, бош закотчи Бухоро ҳукумати танга зарб қилишдан катта даромад олишини кўрсатишга интилиб, бу сонларни анча кўпайтириб айтганини ҳам қўшимча қилган.

Тангалар турли зарбхоналар томонидан зарб этилган. Беклар ва саррофлар умумий қоидаларга риоя этган ҳолда хоҳлаганча танга зарб қилиши мумкин бўлган.

Манғитлар тангаларининг олд томонига эски тангалардаги каби ҳукмдорнинг номи, унвони ва ҳукмдорлик йиллар ёзилган (ҳижрий тақвим бўйича). Биргина фарқ — манғитлар тангалари сулоланинг вафот этган аъзолари номлари билан зарб қилинган. Чунки Шоҳмурод ўзи зарб қилдирган янги тангаларга отаси Дониёлбий номини туширган, унинг ўғли амир Ҳайдар бу анъанани давом эттирган ва бу сулолавий одатга айланган.

Қолаверса, манғитлар ўзларининг «амир ул-мўминийн», яъни «мўминлар амири» унвони ва пайғамбар авлодларига яқинлиги ҳақидаги даъвосидан келиб чиқиб, тангалардаги ўз номлари олдига «сайид» қўшимчасини ҳам ёздирган.

Мирзо Шамс Бухорийнинг ёзишича, Шоҳмурод янги тангаларга отаси номини ёздириб, ўз номини тангаларга ёзишни ҳам, хутбага қўшиб ўқишни ҳам тақиқлаган. У ўзини «сайид» деб ҳам атамаган. Унинг ўғли амир Ҳайдар ва невараси Насрулло даврида амир Шоҳмурод номи тангаларга «маъсум ғози» дея туширилган.

Шоҳмурод тангаларининг орқа томонига диний белгилар ўрнига, тангаларнинг зарб қилинган вақти ва зарбхонаси ёзила бошланган. Натижада манғитлар тангаларининг ҳар икки томонига ҳам саналар босилган. Бу манғит тангаларининг олдинги тангалардан фарқ қилувчи асосий жиҳатлардан бири эди.

Амир Ҳайдар давридаги Бухоро тилла тангаси

Шоҳмуроддан кейин амир Ҳайдар ҳам ўз олтин тангасини зарб қилдиради ва бу билан баробар отаси номига олтин танга зарб қилдиришни ҳам давом эттиради. Амир Ҳайдар олтин тангалари «ҳайдарий», Шоҳмурод тангалари эса «маъсумий» деб аталади.

Амир Ҳайдар даврига тегишли Бухоро кумуш тангаси

Амир Насрулло даврида олтин тангалар зарб қилиш ҳажми ортади. Насрулло амир Шоҳмурод ҳурматига олтин тангаларга унинг исмини ёздиришни давом эттиради ва отаси амир Ҳайдар номини кумуш тангаларга туширтиради. Шундай қилиб, Бухоро амирлиги пулларига амирлар исмини туширишнинг аниқ формуласи шаклланади: олтин тангаларга Шоҳмурод, кумуш тангаларга эса амир Ҳайдар исми ёзилади. Амир Насруллонинг исми эса ҳеч қайси тангада қайд этилмайди, чунки унинг авлодлари тангаларга юқоридаги икки амир ва ўз исмларини туширади.

Бухоро тилла тангаси. 1820-1826 йиллар
Бухоро тилла тангаси. 1827-1910 йиллар

Россия босқини ва пул зарб қилиш тўхтатилиши

Бухоро амирлиги амир Музаффар даврида (1860-1885) Россия империясига қарам бўлади, аммо пул тизимидаги мустақилликни бир қадар сақлаб қолади. Бироқ амир Абдулаҳад даврида (1885-1910) Россия империяси Молия вазирлиги амирлик пул тизимини бошқаришга ҳаракат қила бошлайди. Чор Россияси мудофаа вазирлиги ва ташқи ишлар вазирлиги амирни ўз тангаларини зарб этиш ҳуқуқидан маҳрум этиш мумкин эмас деб ҳисоблайди, молия вазирлиги эса бунинг аксини таъкидлайди. Натижада Бухоро пул тизими масаласининг кўп йиллик муҳокамаси бир неча марта боши берк кўчага кириб қолади.

Охир-оқибат, 1890 йил император Александр III «Туркистон ўлкасида муомалада бўлган маҳаллий кумуш тангаларни босқичма-босқич муомаладан чиқариш тўғрисида»ги фармонни имзолайди. Бунга қадар, Бухоро тангалари Россия империяси томонидан босиб олинган Туркистон ҳудудида ҳам эркин муомалада ишлатилар эди. Фармон ижроси 1893 йилгача амалга оширилади, Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудудига Бухоро тангаларини олиб кириш тақиқланади.

Туркистонда муомаладан чиқарилгач, Бухоро давлат ғазнасида ва оддий халқ қўлида кумуш тангалар кўпаяди, қолаверса амирликка ғарбдан арзон кумуш кириб келади. Бунинг ортидан эса унинг қиймати пасайиб кетади. Оқибатда Бухорода пул тизими инқирози бошланади ва Россия ҳукумати амирдан унинг курсини тартибга солиш учун танга зарб қилишни тўлиқ тўхтатишни талаб қилади. 1894 йил Туркистонга Бухоро тангаларини олиб киришга яна рухсат берилиши эвазига, амир пул зарб қилишни тўхтатади.

1901-1902-йилларда Бухорода кумуш танга зарб қилиш қайта тикланади, аммо бу узоқ давом этмайди. 1905 йил кумуш танга зарб қилиш бутунлай тўхтатилади. Бунинг ўрнига мис тангалар (фулс) мунтазам зарб этила бошланади. Биринчи жаҳон уруши сабаб Россиядаги иқтисодий ҳолат оғирлашиши ортидан мис тангалар каттароқ номиналда зарб қилинади.

Амир Олимхон даврида 1/2, 1, 2, 3, 4, 5, 10, 20 танга қийматдаги мис пуллар зарб этилади. Бу пуллар халқ орасида «қора танга» деб аталган. 1/2, 1, 2, 3, 5 тангалар қизил мисдан ишланган ва олд томонига «фулус» деб ёзилган. Тангаларнинг орқа томонида одатдагидек зарб қилинган жой ва сана кўрсатилган.

Амир Олимхоннинг 3 тангалик мис фулси

10 тангалик фулус мураккаб нақшга эга бўлиб, юқоридаги номиналлардан фарқли ўлароқ, анча кенг ва юпқа шаклда, жездан зарб қилинган. 20 тангалик фулус ҳам жездан қуйилган, бироқ олдинги томонида «фулус» ёзуви бўлмаган.

20 тангалик фулус

Бунинг ўрнига унга олти қиррали юлдуз ва ярим ой тасвири туширилган. 1920 йилдан Бухорода танга зарб қилиш буткул тўхтайди.

Қоғоз пуллар

Россия империяси 1917 йилда қулагач, Бухоро унинг қоғоз пулларидан фойдаланишни тўхтатади ва ўз қоғоз пулларини босишга киришади. Шу тариқа, Ўзбекистон тарихида илк бор қоғоз пуллар зарб қилина бошланади.

Қоғоз пулларни қандай босиб чиқариш борасида Бухорода қарама-қаршилик пайдо бўлади ва мутаассиб уламоларнинг босими билан қоғоз пул машинада эмас, қўлда, муҳр босиш йўли билан зарб қилинадиган бўлади. Қоғоз пулларни босиш учун «қоғозхона» ташкил этилади. Унга наққош, заргар, «мирзо хушхат» (ҳаттот) каби 20 уста жалб қилинади. Пул учун сифатли қоғоз ишлаб чиқариш мақсадида Бухоро шаҳрининг Дилкушо боғида қоғоз фабрикаси очилади, бу фабрика 1923 йилгача фаолият юритади. Пул учун ишлаб чиқарилган қоғоз «қоғози ақча» деб аталган.

Бухоро қоғоз пули. 100 танга

Бухоро қоғоз пуллари 50, 100, 200, 500, 1000, 5000, 10 000, 20 000 танга номиналларида босилган. Улар учун муҳрлар ҳам қўлда тайёрланган.

Бухоро қоғоз пули. 10 000 танга

Пулларга унинг номинали сонлар билан ёки ҳарфлар билан араб ёзувида ёки рус тилида ёзилган, баъзида эса ҳар икки тилда ҳам ёзилган. Араб ёзувида пулга у босилган жой ва сана туширилган. Шунингдек, қоғоз пулларга қалбакилаштириш учун жазо ҳақида огоҳлантирувчи ёзув ҳамда серия рақами ёзила бошланган.

Пулда шунингдек, Бухоро амирлиги белгиси ҳисобланган ярим ой ва юлдуз, ҳамда хазиначининг имзоси ҳам бўлган.

Бухоро амирлиги қулаганидан кейин Бухоро халқ совет республикаси (БХСР) айнан шу қоғозхонада пул босишни давом эттирган. БХСР пуллари собиқ амирлик пулларидан рубл деб аталгани, ярим ой ва юлдуз ўрнига советлар белгиси ўроқ, болға ва жўхори дастаси туширилгани билан фарқ қилган.

БХСРнинг қоғоз пули. 2500 рубль

БХСР 1923 йилгача қоғоз пуллар зарб қилдирган. 1924 йил БХСР тугатилиши арафасида Бухоро қоғоз пулларини босиб чиқариш ҳам тўхтатилган. Шу билан Бухоро амирлиги пул тизими тарихи ҳам якун топган.

Амир Абдулаҳад давридаги Бухоро кумуш тангаси

Бухоро амирлиги тангалари ва қоғоз пуллари анча кўп миқдорда сақланиб қолган. Улар Бухоро давлат музейи, Эрмитаж музейи ва баъзи хусусий коллекцияларга мавжуд. Бу пуллар ўша давр тарихи ва сиёсатини ўрганиш учун муҳим артефакт ҳисобланади. Қолаверса, давлат рамзларига эга бўлган ушбу номиналлар Ўзбекистон давлатчилик ва пул тизими тарихининг муҳим қисмидир.

Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади.

Мавзуга оид