Дунё тарихида энг паст табақа бўлмиш қулликдан энг юқори даража — ҳукмдорликкача кўтарилган шахслар учраб туради. Шу билан бирга, ҳукмдор бўлмаса-да, иккинчи даражали шахс — бош вазир лавозимини эгаллаган қуллар ҳам анчагина. Шажаравий анъаналарга амал қилинувчи даврларда бундай улкан йўлни босиб ўтиш, шубҳасиз, анча машаққатли бўлган. Ўзбекистон тарихида ҳам қулликдан қушбегиликкача йўлни босиб ўтган бир қанча тарихий шахслар бор. Айниқса, Бухоро амирлигида.

Муҳаммад Давлат қушбеги

1756 йил Бухоро хонлигида расман манғитлар сулоласи ҳукмронлиги бошланади. Манғитлар Чингизхон авлоди бўлмагани боис, ўзларини «хон» эмас «амир» деб атайди ва Бухоро хонлиги Бухоро амирлигига айланади.

Шу йили манғитлар сулоласи ҳукмронлигига тамал тоши қўйган Муҳаммад Ҳакимбийнинг қулларидан бири, асли хуросонлик форс, туркманлар томонидан қул қилиниб, Бухорога олиб келиб сотилган Муҳаммад Давлат Бухоро ҳукмдори Раҳимбий буйруғи билан Бухоро қушбегиси этиб тайинланади. Қушбеги (парвоначи) — Бухоро амирлигида бош вазирга тенг лавозим бўлиб, у мамлакатда амирдан кейинги иккинчи даражали шахс эди. Амир ҳарбий юришга ёки сафарга кетган пайтларда давлатни қушбеги бошқарган ва у амир билан бирга Арк қўрғонида яшаган. Бухоронинг кўплаб қушбегилари таъсир доираси ва бойлик борасида бемалол амирлар билан беллаша олган.

Асли хуросонлик қул бўлган Муҳаммад Давлатнинг қушбегилик лавозимигача босган йўли ҳақида маълумотлар кўп эмас. Тарихчи ва олим Аҳмад Донишнинг «Манғитлар тарихи» асарида Муҳаммад Давлат амир Раҳимбий вафотидан сўнг тахтга келган Дониёлбий оталиқ ҳукмронлиги даврида жуда улкан ҳокимиятга эга бўлгани, бутун вазирлик ишларини ўз қўлига олгани айтилади. Аҳмад Дониш Муҳаммад Давлатга «ахлоқан бузуқ ва шафқатсиз қотил» дея таъриф берган.

Якунда Бухоронинг қулликдан қушбегиликка кўтарилган илк бош вазири амир Дониёлбийнинг ўғли амир Шоҳмурод буйруғи билан қатл этилади. Амир Шоҳмурод қушбегини лавозимидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш ва таниш-билишчиликни кучайтиришда айблаган.

Муҳаммад Давлат 1756 йилдан 1785 йилгача, деярли ўттиз йил давомида Бухоро амирлиги қушбегиси лавозимида ишлаган.

Муҳаммад Ёқуб

Муҳаммад Давлатдан фарқли ўлароқ, Муҳаммад Ёқуб қушбеги Бухоро амирлиги тарихида анча муҳим рол ўйнаган. У Россиянинг Бухоро амирлигига юриши даврида (1866-1868 йиллар) Бухоро қушбегиси ва амирлик қўшинлари бош қўмондони эди.