Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ҳаммани битта дорихонага юборишади» – САМПИда фарзандидан айрилган ота-оналар
Тошкентда юрак нуқсони сабаб операция қилинган 8 ойлик гўдак вафот этди. Она шифокорлар ҳаракатларини шубҳа остига олиб, хайриядан тушган пуллар фақат битта дорихонага бориб тушаётганини айтмоқда. Унинг гапларини бошқа ота-оналар ҳам тасдиқлаган. Шифокор боланинг ўлимига оғир ёндош касалликлар сабаб бўлганини маълум қилди.
Жиззах вилоятида яшовчи 8 ойлик Муҳаммадазиз Қўчқоров туғма юрак нуқсони билан Тошкент давлат тиббиёт университети болалар кўп тармоқли клиникаси (халқ тилида САМПИ) кардиохирургия бўлимида операция қилинган. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтгани айтилган, лекин орадан уч кун ўтиб боланинг аҳволи оғирлашиб, вафот этган.
“Дорихонага пул тўлаб, дорисиз кетасиз”
Ягона Қўчқорова, Муҳаммадазизнинг онаси:
— 26 феврал куни эрталаб шифокорлар келишди. Бола шишиб кетган, оёқчаларигача, ҳаммаёғи шишган, сиймай чиқди десам, битта укол қиламиз деб укол қилишди. Шундан кейин 2-3 маҳал сийди. Болани баданлари бошқача бўлиб ўзгарди, кўкаришлар бўлди. Фақат шу уколларни қилди, кейин олиб кириб кетиб комага солиб аппаратга қўйишган. Шу билан турмади болам...
19 ёшли ўғлим кирганида шифокор: “Болани касалхонадан тирик, оғир аҳволда олиб чиқиб кетяпмиз. Уйга етиб боргунча ўлиб қолса, шифокорларга даъвойимиз йўқ” деган тилхат ёздириб олиб, кейин боланинг ўлигини берган. Эртасига укаси кўмилгандан кейин нега ундай ёзиб берганини сўрасам: “Укангни бермаймиз, моргга топшириб юборамиз” дейишгани учун ёзганини айтяпти. Лекин у нима тилхат эканига ўғлимнинг ақлиям етмаган.
Менинг болам қайтиб келмайди, лекин бошқа оналар менга ўхшаб куймасин. У ерда ўша ҳафтанинг ўзида 12-11 нафар бола ўлиб чиқиб кетяпти. Касалхонада рўза ойида хайрия пуллари келганида касал болаларни олиб чиқиб видеога олдириб, телевидениеларга ёки ҳокимиятларга кўрсатиб, эртасига хайриядан олган пулларини олиб қўйишяпти. +5 деган аптекаси бор экан ўзларининг, беморнинг яқинларини ўша ерга жўнатяпти. У ерда пулни тўлайсиз, “кетаверинг, ўзимиз олиб бориб берамиз” дейди. Қўлингизга дори-дармон ҳам, ҳеч нарса бермайди.
Балки ҳамма операциялар давлат томонидан қилинаётгандир, лекин ҳамма ёнидан ҳам харажат қиляпти. Менинг ўғлимнинг операцияси учун фонддан 24 млн пул ўтказилди. Ўзим қилган харажатларим – 4,5–5 миллионга дори-дармонлар олиб келдим. Лекин 2000 долларлаб санаб берган оналар бор у ерда. Ҳамма ўша аптекага пулини санаб бериб, дорисиз кетяпти.
“Ота-оналар ҳеч нарса дейишолмайди – боласи уларнинг қўлида”
Kun.uz ихтиёрида бошқа ота-оналарнинг ҳам шундай мазмундаги иддаолари бор. Улар ҳам эҳсон пулларини битта дорихонага топширишгани ҳақида маълум қилишган.
Замира, Сирдарё вилояти:
— 6 ёшли қизим САМПИда юрак операциясидан кейин вафот этди. Операциямиз Муҳаммадазиз билан олдинма-кейин бўлганди. Бошқа жойда операция харажатларини суриштирсак, 30 млн кетади дейишганди. Лекин бу ерда 55 млн харажат кетади деб ёзиб беришди. Операция пулини “Меҳрли қўллар” фонди тўлаб берди.
Рамазон ойи бўлгани учун эҳсон қилиб берилган пулларни қўлимизга тутқазиб, кейин конвертни очтирмасдан йиғиб олишди: “дорилар учун керак бўлади” деб. Дорилар фақат битта аптекадан олинаркан, пулни ўша ерга ташлаб келасиз, керакли дориларни юборамиз дейишади. Лекин қанақа дори, нархи қанча, у дори бошқа аптекада қанчага сотиляпти – ҳеч нарса билмайсиз.
Маъмур, Тошкент вилояти:
— 3 йил фарзанд кутиб топган ўғлимизда юрак нуқсони аниқланган эди. Бир нечта шифохоналарда текширтирдик. Доктор Ибрагимов тезроқ операция қилдирмасак бўлмаслигини айтди. Чақалоқларниям операция қилишаётгани, натижа яхшилигини гапирди. Биз ҳам ишониб, тезда операцияга тайёрландик. Афсуски, операциядан кейин фарзандимдан айрилиб қолдик. Боламизга берилган умр шунчадир балки деб, ўзимга таскин беряпман, лекин бу ердаги ғалати ишларни тушунмадим.
Эҳсон қилувчилар келиб, муҳтож оилаларга атаганларини бериб кетишади. Сёмка қилинади, кейин “ҳаммасига болага керакли дорилар олиб келинади” деб, +5 аптекасига юборишади. У ерда шунчаки пулни берасиз ва болангизга нима олиб келишларини билмайсиз. Қизиғи, нега айнан бу аптека, бу қанақа дори, ҳеч ким билмайди.
Болам билан битта палатада ётган жиззахлик боланинг онаси шу пулни эрига бериб юборган экан, шифокорнинг қаттиқ жаҳли чиқиб кетди. Қайтариб олиб келиб аптекага топширишди. Аптека кимга тегишли билмайман, лекин бу ишниям тўғри деб бўлмайди. Бу ердаги ота-оналар ҳеч нарса дейишолмайди, чунки боласи шу шифокорларнинг қўлида.
“Уларни тилхат ёзишга ҳеч ким мажбур қилмади”
Kun.uz мухбири Тошкент давлат тиббиёт университети болалар кўп тармоқли клиникасида бўлиб, кардиохирургия бўлими раҳбари Нодир Ибрагимов билан суҳбатлашди. У Муҳаммадазизнинг ўлимига ёндош касалликлар сабаб бўлганини айтди.
“Бизга олиб келишганида бу боламизда Даун синдроми бўлган. Бу синдромда ўзи оғир нуқсонлар билан туғилади 80 фоизи. Бу болада иккита юрак қоринчалари ўртасида тешик бўлган. Юракнинг иккита клапани битта бўлиб кетган. Бунда юрак битта камерали бўлиб қолади. Бу битта оғир нуқсон, ундан ташқари болада яна қўшимча нуқсон – аорта билан ўпка қон томири юракнинг ўнг томонидан чиққан. Ота-онаси генетик текширтиришмаган болани. Бизда ҳам генетик текширувга шароит йўқ, лекин генетик текширувдан кейин бу ташхис тасдиқланади.
Боланинг давленияси жуда паст, юрак уриши ҳам жуда паст ҳолатда бўлган. Бунақа ҳолатдан кейин биз моргга бериш кераклигини айтамиз. Бола ўлса моргга берилади. Булар «йўқ, моргга бермаймиз» дейишди. Бизда ҳали биологик ўлим қайд қилинмаган, фақат клиник ўлим қайд қилинганди. Булар ҳаммаси минутма-минут боланинг картасида ёзилади. Юрак тўхтаган ва юргизиб юборганмиз, лекин юрак уриши жуда паст бўлган. Ўша ҳолатда олиб чиқиб кетамиз дейишди ва тилхат ёзиб кетишди. Уларни ҳеч ким мажбур қилмади тилхат ёзишга.
Бизда операция текин, ётиш текин. Лекин операцияга кетадиган нарсаларимиз кўп. «Меҳрли қўллар» фонди ва Ижтимоий ҳимоя агентлиги ёрдамида йилига 300 дан ортиқ болаларни операция қиламиз. Болани ётқизамиз, шароити оғир бўлса операцияга етишмаган нарсаларни ёзиб берамиз олиб келишлари учун. Расман бош врач, аптека бошлиғи ва мен имзо чекаман. Фонд ва агентлик агар имкони бўлса олиб беришади, улар олиб бермайдиган ҳолатларда эҳсон қилиш истагида бўлган одамлар билан учраштирамиз. Биз қўлимизга пул ушламаймиз. Аптека ҳисоблаб берган дориларни олиб келиб беришади».
Шифокордан бу вазиятда ота-она, дорихона, касалхона ўртасида шаффофликни таъминлаш механизми ҳақида сўраганимизда, бундай тизим йўқлигини тан олди. Бу ҳолат тиббий хизмат сифати, бемор ҳуқуқлари ва шаффофлик масалаларини яна бир бор кун тартибига чиқаради.
Вазият чуқур текширув ва таҳлилларни талаб қилади. Жиззахлик она бунинг учун фарзандининг қабрини очишларига ҳам рози.
Мавзуга оид
14:01 / 19.03.2026
ЮНИСЕФ: болалар ўлимига қарши курашдаги тараққиёт секинлашди
20:22 / 07.09.2024
Британияда чақалоқлар ва ёш болаларнинг оммавий қабри топилди
14:41 / 19.11.2021
2021 йилда Андижон ва Навоий вилоятларида болалар ўлими кўрсаткичлари ўсгани маълум қилинди
22:07 / 27.11.2020