Иқтисодиёт | 17:41 / 29.07.2021
6740
2 дақиқада ўқилади

Экспорт ҳажмининг 15 фоизи, бюджет даромадларининг 8 фоизини шу корхона таъминлайди – президент ОКМК ҳақида

Шавкат Мирзиёев 29 июль куни Олмалиқдаги «Ёшлик-1» конини ўзлаштириш лойиҳаси доирасидаги янги қувват — 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишига тамал тошини қўйишга бағишланган тадбирда нутқ сўзлади.

«Бу корхона Ўзбекистонда минерал ресурсларни кенг кўламда ўзлаштириш  ва металлургия саноатини ривожлантириш соҳасида кўп йиллардан буён етакчилардан бири бўлиб келмоқда.

Комбинат ташкил этилганидан буён ўтган 70 йиллик давр мобайнида бу ерда 1,5 миллиард тонна руда қазиб олиниб, 6 миллион тоннадан ортиқ мис, 3,5 минг тонна кумуш ва 850 тонна олтин ишлаб чиқарилгани унинг улкан салоҳиятини кўрсатади. 

Бугунги кунда  қарийб 40 минг нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилаётган Олмалиқ комбинати мамлакатимиз саноатининг чинакам локомотивларидан бирига айланган.

Республикамизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 7 фоизи, экспорт ҳажмининг 15 фоизи  комбинат ҳиссасига тўғри келади. Давлатимиз бюджетига тушадиган жами даромадларнинг 8 фоизини айнан ушбу корхона таъминлайди.

Айниқса, сўнгги йилларда комбинат фаолияти юксак даражага кўтарилиб, мис ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 баробарга кўпайгани ва 150 минг тоннага етказилгани таҳсинга сазовор. 

Эътиборли жиҳати, корхона пандемия шароитида оғир вазиятга қарамай бир кун ҳам ишни тўхтатмади ва барча режаларни бажарди», деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид