Жамият | 16:47 / 03.01.2020
26871
2 дақиқада ўқилади

Андижонда қамалган блогер суд қарори устидан кассация тартибида шикоят берди

Шу кунларда Facebook ижтимоий тармоғида «Отабек Нуритдинов» тахаллуси остида воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатини билдириб келган фуқаро Абдуфатто Нуритдинов Андижон вилоят маъмурий судида туҳмат, ҳақорат ва безориликда айбланиб 15 сутка маъмурий қамоқ билан жазоланиши мавзуси кенг муҳокама қилинмоқда.

Олий суд матбуот хизмати Kun.uz’га ушбу иш бўйича янги маълумот берди. Унга кўра, блогер тайинланган жазо устидан кассация тартибида шикоят берган.

«2019 йил 30 декабрь куни Андижон вилоят маъмурий судининг очиқ суд мажлисида Асака туман ички ишлар бўлими томонидан фуқаро Абдуфатто Нуритдинов (блогер Отабек Нуритдинов) га оид Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси, 41-моддаси ва 183-моддаси билан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилган.

Суд қарорига кўра, А.Нуритдинов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси, 41-моддаси ва 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси тартибида узил-кесил ўташ учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

2020 йил 3 январь куни ҳуқуқбузар А.Нуритдинов томонидан Андижон вилоят маъмурий судига шу суднинг 2019 йил 30 декабрдаги қарори устидан кассация тартибида шикоят келтирилган бўлиб, ушбу шикоят асосида А.Нуритдиновга оид маъмурий иш вилоят судининг кассация инстанциясида кўриш учун расмийлаштирилди.

Мазкур маъмурий ишни кассация тартибида кўриб чиқиш бўйича очиқ суд мажлиси 2020 йил 4 январь куни соат 11:00га тайинланган», дейилади Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов томонидан тақдим этилган маълумотда.

Мавзуга оид