Ўзбекистон | 22:32 / 26.01.2021
21565
5 дақиқада ўқилади

Аслида ундай эмас: Аёлларнинг ўзбек жамиятидаги роли ҳақидаги учта нотўғри қараш

«Жамоатчилик фикрини ўзгартириш қийин; лекин нолиш эмас, уриниб кўриш керак», – дейди жамоатчилик фаоли Азиза Умарова.

Фото: SelfMama Uzbekistan

SelfMama Uzbekistan лойиҳаси Ўзбекистонда илк бор аёллар карьера форумини (Uzbekistan Women Career Forum – 2021) ўтказди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Форум аёлларнинг ижтимоий ўсишига кўмаклашиш, касбий кўникмалар ва малакалар билан таништириш, ҳозирги ва бўлажак оналарга мотивация беришни мақсад қилади.

Форумда оналик ва оиладаги аёллик вазифалари билан бирга турли жабҳаларда муваффақиятли карьера олиб бораётган фаол аёллар қатнашиб, қиз-аёллар учун тавсиялар беришди.

Жумладан, «SmartGov» консалтинг компанияси раҳбари, жамоатчилик фаоли Азиза Умарова «Аёллар етакчилиги – жамият трансформацияси калити сифатида» мавзусида чиқиш қилди.

У ўзбек жамиятида аёлларнинг роли борасида шаклланган учта нотўғри қараш хусусида сўз юритди.

1-нотўғри қараш: Аёл ҳуқуқлари тушунчаси бизга яқинда ғарбдан кириб келган

— Аслида аёллар ҳуқуқлари ҳақида биринчилардан бўлиб жадидлар сўз оча бошлашган. Хусусан, жадидларнинг таниқли вакилларидан бири Тавалло қизларнинг ўз отасига билим олишга рухсат сўраш мазмунидаги мактуби шаклида шеър ёзади. Шундан сўнг янги усул мактабларида қизлар учун ҳам синфлар ташкил қилинади.

1927 йилда паранжини ташлаш ва ёқиш ҳаракатлари бошланди. СССРда шарқ аёлларининг паранжи ташлаши большевикларнинг энг асосий модернизация лойиҳаларидан бири бўлди. Улар қаторида Бухоро амирининг собиқ канизаги Жаҳон Обидова ҳам бор эди, у кейинчалик ЎзССРнинг вице-президенти бўлди, аммо 30-йилларда қатағон қилинади ва унинг номи барча манбалардан ўчириб ташланади.

СССРда кўплаб аёллар вазир, судья, ҳоким лавозимларида фаолият кўрсатишган, ҳатто Москвада республика номидан иш олиб боришган. Аёлларни раҳбар лавозимларига тайинлаш давлат сиёсати даражасига чиққан. 1991 йилдан бошлаб бу масала яна ортга кета бошлади.

2-нотўғри қараш: Ўзбекларнинг менталитети ўзига хос, аёлларга бўлган муносабат ҳам мана шу менталитет билан боғлиқ

— Янги Зеландия, Грузия, Сингапур, Эстония, Дания, Греция, Бангладеш, Непал, Исландия, Аргентина, Литва, Коста-Рика, Бразилия, Финландия, Германия, Эфиопия, Сербия, Молдова. Булар – давлат ёки ҳукумат раҳбари аёллар бўлган давлатлар.

Парламентда аёллар улуши энг кўп мамлакат эса Африканинг Руанда давлати. Бу борада иккинчи ва учинчи ўринларни Куба ва Боливия эгаллаб турибди. Бундан кўринадики, ҳеч қандай менталитет ёки муайян ҳудудга хос қарашлар жамиятнинг аёлларга муносабатини изоҳлай олмайди. Аёллар етакчи бўлган давлатларнинг умумий жиҳати ҳам йўқ, улар диний, миллий ва ҳудудий жиҳатдан ўта ранг-баранг.

Бутун дунёда аҳолининг нақ ярми – аёлларнинг барча жабҳаларда ўз салоҳиятини намойиш қилиши учун кўмаклашиш жараёни кечмоқда. 2016 йилдан бошлаб бу борада бизда ҳам силжишлар бўла бошлади. Бироқ аёлларнинг номига қилинаётган тайинловларидан чекинган ҳолда бу муаммони ҳал қилишда жиддий қадамларни ташлаш керак.

Мансаб эгаси бўлган аёллар репрезентатив бўлиши учун улар давлат бюджети тақсимотида қандай бўлса ҳам таъсирга эга бўлиши керак.

3-нотўғри қараш: Ўзгариш қилиш имконсиз

— Тўғри, жамоатчилик фикрини ўзгартириш ҳар доим қийин кечади. Аммо нолиш эмас, балки уриниб кўриш керак.

2015 йилдан бошлаб Women Empowerment Club Tashkent пабликини юритиб келаман. Ўша пайтда у ягона эди, деса ҳам бўлади. Жамики муҳит Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ишғол қилинган эди. Биз ўзимиз мустақил равишда муҳим мавзуларни муҳокама қила бошладик, учрашувлар ташкил қилдик. Бир гал ҳатто 9 млн сўм жарима солишган. Шунчаки даун синдроми бўлган болаларни меҳрибонлик уйига бермасдан уйда тарбиялаш муҳокамасига йиғилганимиз учун.

Аммо замон ўзгарди. Ҳозир бу каби пабликлар талайгина. Ва мен аёллар ўз экомуҳитини яратаётганидан, биргаликда ривожланаётганини кўришдан фахрланаман. Муаммони кўрдингизми? Биринчи қадамни ташланг. Сизнинг ҳаракатингизда моҳият кўра бошлашса, бошқалар ҳам сизга эргаша бошлашади.

Тўғри, бизнинг жамиятда аёллар эркаклар билан баравар муваффақиятга эришиши учун икки карра тезроқ югуриши, уч карра баландроқ сакраши керак. Бир-бирингизни қўллаб-қувватланг, оилангиздаги аёлларга елкадош бўлинг. Таълим олишга илҳомлантиринг. Қанотларни синдирманг, балки қанот бўлинг. Атрофингиздагиларни илҳомлантиринг. Яратувчи бўлинг. Ўзингиз яшамоқчи бўлган ва фарзандларингиз яшайдиган жамиятни ўз қўлингиз билан яратинг.

***

Маълумот учун, SelfMama Uzbekistan – икки архетипни, яъни она ва self-made woman (ўз интилиши билан ютуқларга эришган аёл)ни бирлаштирувчи лойиҳадир.

Лойиҳа оналик ва профессионал соҳада ижтимоий ўсишни муваффақиятли бирлаштиришга интилаётган аёллар учун қулай муҳит ва касбий ўсишни ривожлантиришга қаратилган. Аёлларга оила ва иш ўртасидаги мувозанатни сақлаш, касбий қадр-қимматини яхшилаш, ҳар бир аёл учун энг яхши мартаба стратегиясини танлашга ёрдам беради.

Мавзуга оид