11:43 / 16.06.2022
24786

Зеленский Рамштайн-3 учрашувидан сўнг «яхши янгиликлар» ҳақида эълон қилди 

Украина мамлакатга ҳарбий ёрдам доимий бўлиб қолиши ҳақида аниқ сигнал олди, деди Зеленский. У АҚШ президентига янги қурол-яроғ етказиб берилгани учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Фото: Getty Images

Украина президенти Володимир Зеленский 50 га яқин давлат мудофаа вазирларининг Брюсселда бўлиб ўтган «Рамштайн формати»да Украинага ҳарбий ёрдам масаласи муҳокама қилинган учрашувидан сўнг «ҳақиқатан ҳам яхши янгиликлар» ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда Зеленский 15 июнь, чоршанба куни эълон қилинган кундалик видеомурожаатида айтиб ўтди.

«Биз қўллаб-қувватлаш ҳажми ортишини кутмоқдамиз. Украинага мудофаа ёрдами доимий бўлиши ҳақида аниқ сигнал бор», - деди Зеленский. У Копенҳагенда 14 давлат иштирокида Буюк Британия ва Дания томонидан ташкил этилаётган донорлар конференциясини ҳам эслаб ўтди.

Зеленский АҚШ президенти Жо Байденга «барча ҳамкорлар ёрдамини сафарбар этишдаги етакчилиги учун», Киевга янги 1 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам ва 225 миллион долларлик гуманитар ёрдам пакети учун алоҳида миннатдорчилик билдирди. Янги пакетга киритилган артиллерия ва ракета мосламалари Донбассдаги жангда Украина учун айниқса муҳимдир, деди Зеленский. 

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остиннинг сўзларига кўра, янги пакетга 18 та M777 гаубицалари ва уларни олиб юриш учун мўлжалланган транспорт воситалари, шунингдек, улар учун 46 минг дона 155 миллиметрли снарядлар киради. Украина ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун бошқариладиган снарядларни ҳам олади. Ушбу пакетнинг 650 миллион доллари алоҳида фондга йўналтирилади, у Украинага яна иккита Harpoon соҳилбўйи мудофаа тизимини, шунингдек, минглаб хавфсиз рациялар, тунги кўриш мосламалари, тепловизорлар ва оптик нишонга олиш ускуналарини олиш имконини беради. 

Германия мудофаа вазири Кристине Ламбреҳт Украинага учта MARS II ялпи ўт очиш тизими, «юзлаб» ракеталар ва улар учун эҳтиёт қисмлар ажратилганини маълум қилди. 

«Биз президент Байден билан жанг майдонидаги тактик вазият ва ғалабамизни қандай яқинлаштиришни муҳокама қилдик: санкциялар, сиёсат, иқтисодий ҳамкорлик», - деди Украина президенти. Зеленский Германияда 26-28 июнь кунлари бўлиб ўтадиган «катта еттилик» саммити ва 28-30 июнь кунлари Мадридда ўтказиладиган НАТО саммитида иштирок этиш таклифини қабул қилганини қўшимча қилди. 

Зеленский шунингдек, Черногория ва Албания бош вазирлари Дритан Абазович ва Эди Раманинг Киевга ташрифи ҳамда Шимолий Македония бош вазири Димитар Ковачевски билан видеомулоқоти ҳақида маълумот берди. Уч мамлакат етакчилари Украинани Европа иттифоқига номзод давлат бўлиш борасидаги ташаббусида қўллаб-қувватлашига ишонтирди, деди Зеленский. «Барча халқаро алоқаларда мен ҳимоячиларимизнинг ҳаракатларидан ҳайратдаман», - деди Украина президенти. 

Аввалроқ Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Киевда Украинанинг ЕИга аъзо бўлиш учун номзод мақомини олиши бўйича музокаралар ўтказган, натижада Еврокомиссияга шу ҳафта охиригача тавсиянома тақдим этишга ваъда берганди. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top