16:07 / 25.12.2020
32306

Гроссмейстер Гулрухбегим Тоҳиржонова АҚШ номидан дона суради, Нафиса ва Ҳулкар терма жамоадан чиқарилган

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонлик халқаро гроссмейстер Гулрухбегим Тоҳиржонова АҚШ Шахмат федерацияси аъзосига айланганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Гулрухбегим Тоҳиржонова / Фото: Оилавий архив

Kun.uz’нинг Фарғонадаги мухбири Файзулло Султонов шахматчи қиз Гулрухбегим Тоҳиржонованинг отаси Алишер Мўминов билан боғланди. Алишер Мўминов айни кунларда бетоблиги сабабли, даволаниш муолажасида эканлиги, қандай маълумот керак бўлса телефон орқали бериши мумкинлигини билдирди.

Гроссмейстер қизларнинг отасидан интернетдаги гап-сўзлар қанчалик даражада хақиқатга яқинлиги сўралди.

«Бу қарор қизимнинг ўзидан чиқди. У 21 ёшга тўлди. Мустақил фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қиладиган ёшга етиб келди. Мен ота сифатида унинг қарорини қўллаб-қувватладим. Эндиликда қизим [Гулрухбегим Тоҳиржонова] АҚШнинг Миссури университети жамоаси сафида дона суради ва бундан кейин халқаро мусобақаларда Америка Қўшма Штатлари шарафини ҳимоя қилади.

Бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиман, қизим фуқаролигини ўзгартиргани йўқ. У — Ўзбекистон фуқароси. Фақатгина шахмат бўйича мусобақаларда Қўшма Штатлар номидан қатнашади», — деди шахматчи қизнинг отаси Алишер Мўминов.

Отасининг айтишича, Гулрухбегим Тоҳиржонова ҳозир Миссури университетида таҳсил олмоқда. Бунинг учун унга барча шароитлар яратиб берилган.

«Америка давлати қизимнинг олти ойлик ўқиши учун 150 минг доллар маблағ ажратган. Малакали мураббийлар билан таъминланган. Унинг мусобақаларга бориш харажатлари ҳам тўлиқ шу давлат томонидан қопланади», — деди А.Мўминов.

Биз суҳбатдошимиз Алишер Мўминовдан қолган икки қизи — Гулрухбегимнинг опалари Нафиса Мўминова, Ҳулкар Тоҳиржонованинг келгусидаги фаолияти хақида ҳам сўрадик.

Нафиса Мўминова / Фото: Uzreport.news

«Нафиса қизим айни кунларда Европада, шахмат клубларидан бирида ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Улар ҳам ҳозир Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари эмас. Ўзбекистон Шахмат федерацияси Нафисани ҳам, Ҳулкарни ҳам терма жамоадан чиқариб ташлаган. Қизларимдан бири туғруқ таътилидан сўнг терма жамоага қайтмоқчи бўлди. Бироқ федерация бунга унамади», — деди Алишер Мўминов.

Ота ўзи ва қизлари Ўзбекистон спортидаги коррупция ва таниш-билишчиликдан безиб қолишганини таъкидлаб ўтди.

«Биласизми, минг иқтидорингиз бўлса-да, кимгадир яхши гапиришга, кимнингдир қош-қовоғига қарашга мажбурсиз. Федерациядагилар мени ёмон кўради. Буни биламан, чунки мен уларга бор ҳақиқатларни очиқ айта оламан. Балки буларни ёзиш шарт эмасдир. Ўзгаришлар бўлиб қолар, секин-аста ўзгаришлар бўляпти-ку?» — деди Алишер Мўминов.

Ҳулкар Тоҳиржонова / Olamsport

Алишер Мўминов билан суҳбатимиз якунида қизи Гулрухбегим Тоҳиржонованинг Ўзбекистонга қайтиши ҳақида қизиқдик.

«Юқорида таъкидлаганимдек, у ҳамон Ўзбекистон фуқароси ва албатта, Ўзбекистонга қайтади. Гулрухбегим агар Ўзбекистон Шахмат федерациясига керак бўлса бунинг учун федерациянинг ўзи харакат қилиши лозим», — деди Тоҳиржоноваларнинг отаси Алишер Мўминов.

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида истиқомат қилувчи Алишер Мўминовнинг уч қизи: Нафиса Мўминова, Ҳулкар Тоҳиржонова, Гулрухбегим Тоҳиржоновалар профессионал шахматчи ҳисобланади. Қизларнинг каттаси Нафиса Мўминова 2013 йилда халқаро гроссмейстер мақомини олган Ўзбекистондаги илк аёлдир.

Top