Ўзбекистон | 18:21 / 05.06.2021
11841
2 дақиқада ўқилади

1 декабрдан кўчма савдо фаолияти янгича тартибда амалга оширилади - Президент қарори

“Кўчма савдо фаолиятига ахборот технологияларини жорий этиш ва савдо автомати орқали чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди

Адлия вазирлиги хабарига кўра, 2021 йил 1 декабрдан:

  • кўчма савдо фаолияти тадбиркорлар томонидан кўчма савдо объектларини электрон тарзда “K – SAVDO” автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади;
  • Рўйхатдан ўтказиш учун йиғим ундирилмайди;
  • кўчма савдо жойи (хусусий мулкдорларга тегишли жойлардан ташқари) кўчма савдо объектлари жойлашиш схемалари бўйича “K – SAVDO” орқали электрон аукционда сотилади.

Аукцион бошланғич нархи тегишли туман (шаҳар)даги ер участкасининг ер солиғи миқдорида белгиланади. Аукцион ғолиби томонидан кўчма савдо жойи қиймати тўлиқ тўланганидан сўнг унга “K – SAVDO” тизими орқали автоматик равишда QR-код қўйилган гувоҳнома берилади ҳамда у мазкур жойдан 36 ой муддатга фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда кўчма савдо жойидан фойдаланиш бўйича шартнома тузиш талаб этилмайди.

Шунингдек, ҳужжатга кўра:

  • савдо автоматларига нисбатан назорат-касса техникаларидан мажбурий фойдаланиш талаби татбиқ этилмайди;
  • сотадиган товарлари ва (ёки) кўрсатадиган хизматлари туридан қатъи назар бундай фаолият билан шуғулланувчи юридик шахслар чакана савдо соҳасидаги солиқ тўловчи деб эътироф этилади.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид