«Жигарбандимни қийнаб ўлдиришган!..» – Тўрт йил бурун қамоқхонада жони узилган маҳкумнинг онаси ҳамон ҳақиқий айбдорлар жазоланишидан умидвор
2016 йилнинг 30 июнида Навоий вилоятидаги 47-сонли жазони ижро этиш муассасасида фавқулодда воқеа рўй беради. Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ қилмишни содир этишда қатнашгани учун Жиноят кодексининг 28,182-моддаси билан озодликдан маҳрум қилинган Суннатилла Шермуҳаммедов сирли равишда вафот этади.
Табиийки, айни ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади. Дастлабки ва суд тергови жараёнларида жами етти марта суд-тиббий экспертизаси ўтказилади. Улардан биттасида, аниқроғи, тартиб бўйича олтинчисида Суннатилла ички ва ташқи жароҳатлар туфайли оламдан ўтгани таъкидланади. Қолганларида бу нохуш ҳодисага орттирилган сепсис, яъни, йиринг ҳосил қилувчи микробларнинг инфекция ўчоғидан қонга ўтиб, уни заҳарлаши оқибатида келиб чиқадиган оғир юқумли касаллик шаклланиши ва ўткир буйрак етишмовчилиги сабаб бўлгани кўрсатилган. Шунга кўра, муассасанинг тиббиёт бўлими бошлиғи жиноий жавобгарликка жалб этилади. Пировардида суд ҳукми билан айбдор деб топилиб, қонуний жазога тортилади. Аммо кейинчалик Бош прокуратура марҳумнинг яқинлари шикоятини ўрганиб чиқиш натижасида киритган протестга мувофиқ, бу хусусдаги ҳукм бекор қилинади. Жиноят иши биринчи инстанция судида янгидан кўриш учун дастлаб Навоий, сўнгра Тошкент шаҳар судига ўтказилади.
Хўш, кейин-чи?
Тошкент шаҳар суди 2019 йил 22 январдаги комиссион экспертиза хулосасига асосан чиқарган ажримга кўра, жиноят иши тегишли тартибда унга алоқадор бошқа айбдорларни аниқлаш учун прокурорга қайтарилди. Бу сафар тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан олиб борилди. Шу асно марҳумга хизмат кўрсатган тўрт нафар тиббиёт ходими ўз вазифаларини лозим даражада бажармагани туфайли у ўлимга юз тутган деган хулоса чиқарилди. Шифокорларнинг барчаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан айбланиб, иш пойтахт шаҳар судига қайтарилди. Суд томонидан уларга тегишли жазо тайинланди.
Бироқ, Суннатилланинг онаси Рихсихон Шермуҳаммедова ўғлининг ўлимига нотўғри тиббий ташхис қўйиш эмас, балки ЖИЭМдаги ички ишлар органлари ходимлари қўллаган жисмоний қийноқ ва азоблар сабаб бўлган деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, фарзандига нисбатан очилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг тергов бошқармаси томонидан олиб борилган. Тошкент шаҳар суди эса 2016 йил 13 апрелда С.Шермуҳаммедов Жиноят кодексининг 28,182-моддаси иккинчи қисми «а» бандида белгиланган жиноятга қўл урган деган тўхтамга келиб, уни 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига лойиқ кўрган. Ҳукм ўқилган пайтда Суннатилла жисмонан ва руҳан соғлом-бақувват бўлган, муқаддам мунтазам равишда спорт билан шуғуллангани боис унда бирор касаллик аломатлари аниқланмаган. Орадан 78 кун ўтгач эса, унга сепсис хасталиги асорати ўлароқ, ҳаётдан кўз юмган деган ташхис қўйилган.
Хўш, Навоий вилоятидаги 47-сонли жазони ижро этиш муассасасида кузатилган бу мудҳиш воқеага аслида нималар сабаб бўлган? У қамоқхонада қийноққа солинганми ёки йўқми? Акс ҳолда, не сабаб суд-тиббиёт экспертизаси хулосалари бир-бирига зид келмоқда? Умуман олганда, соппа-соғ ёшгина йигитнинг қамоқхонада сепсис касаллигини «орттириб», осонгина жон таслим қилиши ҳар қандай кишида шубҳа уйғотмайдими?
Яқинда Андижон шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари айбсиз навқирон йигитнинг умр хатига бемаврид нуқта қўйди. Бу фожиа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда, хусусан, ички ишлар идораларида шахсларга нисбатан жисмоний қийноқлар ва зўравонликлар ҳали-ҳамон давом этаётганини яна бир бор исботлади. Ўша ваҳшийлик қурбонининг сўнгги нафасидан аввал касалхонада олинган ва ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирлар эса Рихсихон Шермуҳаммедовага ўз ўғлининг ўлими арафасидаги ҳолатини эслатди. Дарвоқе, вафоти арафасида Суннатилладан оғзаки тушунтириш олинган ва бу жараён видеотасвирга туширилган. Унда маҳкум саволларга жуда қийналиб жавоб қайтараётгани акс этган...
Тунов куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев Андижон воқеасига ўз муносабатини билдирди. Шунинг баробарида қийноқлар бўйича мурожаатлар кўп бўлишини, аммо уларни исботлаш қийинлигини алоҳида уқтириб ўтди. Қолаверса, у жорий йилнинг 30 майида Бош прокуратурада бўлиб ўтган брифингда ҳам Ўзбекистонда қийноқлар олдиндан бўлиб келганини, фақат ҳукумат буни тан олмаганини эслатганди. Бу фикрлар айнан Суннатилла сингари ногоҳ ўлим топган инсонлар тақдирига ишора бўлса, ажабмас...
Қандайлигидан қатъи назар, эндиликда замон ўзгарди, муҳит ва талаб ўзгарди. Модомики, шундай экан, андижонлик ички ишлар ходимлар қўл урган ваҳшийлик марҳум С.Шермуҳаммедов ва унга ўхшаб тергов изоляторлари-ю қамоқхоналарда умри хазон бўлган инсонларнинг ўлими сабабларини яна бир бор чуқурроқ ўрганишни тақозо этмоқда.
Зеро, бу зайл ўта аянчли якун топган тақдирлар замирида уларнинг эгалари вафоти олдидан тортган қанчадан қанча жисмоний ва руҳий азоб-уқубатлар, мотамсаро оналарнинг «Болам!» деб бўзлашлари-ю аччиқ-аччиқ кўз ёшлари, етим қолган гўдакларнинг «Ота!» дея чеккан оҳ-нолалари мужассамлашган. Биз буни асло унутмаслигимиз, қонун устуворлигини оғизда эмас, амалда таъминлашимиз шарт!
Раҳматилло Исроилов
Нуриддин Нурсаидов
Мавзуга оид
18:18 / 03.01.2025
Навоийда “аризачи” Бош прокуратура департаменти ходимларини чув тушириб, тезкор тадбирдаги пулни олиб қочди
16:07 / 03.12.2024
Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармасига янги раҳбар тайинланди
19:25 / 02.12.2024
Навоийда пора олган ИИБ ходими озодликдан маҳрум қилинди
12:16 / 01.11.2024