Ўзбекистон | 11:57 / 27.07.2023
39345
2 дақиқада ўқилади

Озодбек Назарбеков маданият вазири лавозимига тасдиқланди, туризм соҳаси Абдуҳакимовга қайтган

У бунгача маданият ва туризм вазири ҳисобланарди.

Фото: Қонунчилик палатаси

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан Озодбек Назарбеков Ўзбекистон Республикаси маданият вазири лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўз телеграм-каналида хабар берган.

Шу тариқа, энди у туризм соҳасига жавоб бермайди.

Озодбек Назарбековнинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган.

«Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси маданият вазири лавозимига Озодбек Назарбеков номзодини кўриб чиқдилар. 

Мажлисда О.Назарбеков маданият соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида келгусида амалга ошириладиган ишлари бўйича ўз Ҳаракатлар дастури ҳақида ахборот берди.

Депутатлар О.Назарбеков номзодини Ўзбекистон Республикаси маданият вазири лавозимига маъқулладилар», дейилади хабарда.

Озодбек Назарбеков 2020 йил январида маданият вазири лавозимини эгаллаганди.

2022 йил охиридаги маъмурий ислоҳотлар пайтида Маданият ва туризм вазирлиги ташкил этилган ва Назарбеков маданият ва туризм вазири лавозимига тайинлаган эди.

Kun.uz манбасига кўра, туризм соҳаси яна айни вақтда экология ва иқлим вазири бўлиб турган Азиз Абдуҳакимовга қайтмоқда.

Мавзуга оид