«Ходимларнинг кадастр ҳужжатларини қилинглар деб уйларга кириш ваколати йўқ» – «Ергеодезкадастр» қўмитаси
Парламентнинг юқори палатаси аъзолари “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.
Сўзга чиққанлар қонуннинг мақсади аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат эканлигини қайд этдилар. Аҳолини рўйхатга олиш бу – Ўзбекистон Республикасининг аҳолиси тўғрисида ишончли ва холис ахборот йиғишдир. Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: даврийлик; умумийлик ва бир пайтдалик; рўйхатга олишнинг якка тартибдалиги (номма-номлиги); шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги; аҳолини рўйхатга олишнинг марказлашганлиги.
Муҳокамалар давомида сенатор Эргаш Солиев Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раисига савол билан мурожаат қилди.
Сенатор “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида ободончилик, қурилиш ишлари амалга оширилгани, янги кўчалар пайдо бўлгани, кўп қаватли бинолар қурилганини айтиб, фуқароларнинг кўпчилиги турар-жойлари учун кадастр ҳужжатларини қилмагани – ана шу масалалар аҳоли тўғрисида холисона ахборот олишда муаммолар туғдирмаслиги, бу борада Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида сўради.
Бунга жавобан Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаев қуйидагича жавоб берди:
“Қонун қабул қилиниши билан боғлиқ бевосита ва билвосита ишлар бор. Бевосита боғлиқ бўлган ишимиз – маҳалла, турар-жой, туманларнинг чегараларини белгилаб олиш. Бир-бирига кириб кетган жойлари бор. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 299-қарори билан ўтган йилдан бери ишлар бошлаб юборилган.
Ҳозирги кунда биздаги рўйхат бўйича республикада 7 миллион 2 юз мингдан ортиқ турар, нотурар-жойлар бўлса, улар кадастр ҳужжатларининг қилинганлик даражаси 82 фоизни ташкил этади. Лекин қолганлари бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилган.
Ходимларнинг кадастр ҳужжатларини қилинглар деб уйларга кириш ваколати йўқ. Буни яқинда ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда иш бошлаганмиз.
Мана шу 82 фоизда [кадастр ҳужжатлари] бор дейилгани билан буларнинг ичига кириб кўриладиган бўлса, аксариятининг кадастр ҳужжатлари бобоси, отаси – шуларда қолиб кетган. Ўзига мулк ҳуқуқи эътироф этилмаган. Бу бўйича ҳам бизда режали ишлар бошланган”, - деди Абдушукур Абдуллаев.
У бўйича жорий йилда кадастр ҳужжатларини тайёрлаш ва расмийлаштириш катта ишлар амалга оширилаётгани ва 2021 йилда тўлиқ охирига етказилишини айтди.
Қонун сенаторлар томонидан қабул қилинди.
Мавзуга оид
14:55
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024
Сенат 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджетини маъқуллади
15:48 / 20.11.2024