Ўзбекистон | 16:58 / 26.05.2018
17145
2 дақиқада ўқилади

Олий ҳарбий божхона институтига қабул тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритилиши мумкин

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

“Олий ҳарбий божхона институтига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 3-бандининг олтинчи хатбошисига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги Давлат божхона қўмитаси қарори норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2015 йил 4 февралдаги 01-02/3-07-сон қарори (рўйхат рақами 2659, 2015 йил 5 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 9-сон, 107-модда) билан тасдиқланган Олий ҳарбий божхона институтига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-банди олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилиши назарда тутилган:

«Номзодларнинг бўйи 165 см дан (қиз болалар учун 160 см) паст бўлмаслиги лозим.».

Эслатиб ўтамиз, амалдаги низомга кўра институтга:

ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маълумотига эга бўлган;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 14 январдаги ПҚ-257-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом талабларига жавоб берадиган;

ҳарбий хизматни ўтамаган 17 ёшдан 21 ёшгача (қабул йилида 17 ёшга тўладиганлар) бўлган;

ҳарбий офицерлар таркиби унвонларига эга бўлмаган ҳарбий хизматчилар ёки ҳарбий хизматни ўтаган 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари танлов асосида қабул қилинадилар.

Шу пайтга қадар номзодларнинг бўйи 170 см дан (қиз болалар учун 165 см) паст бўлмаслиги лозим эди.

Мавзуга оид