Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда «қабр тоши ясаб бериш»ни ваъда қилиб бир неча кишини алдаган шахсга ҳукм ўқилди
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди судьяси Аббосхон Шомаҳмудов раислигида кўриб чиқилган суд маҳкамаси якунига кўра, айбланувчининг яқинлари барча зарарни қоплаганларига қарамай у қонун олдида жавоб берадиган бўлди.
«Ботир Улуғбеков (исм-шарифлар ўзгартирилган) пойтахтга тирикчилик илинжида келган минглаб фуқаролардан бири эди. Ҳалол касб юритиш ҳамма учун ҳам зарур. Тошкентнинг «Минор» қабристонига ишга жойлашиб, марҳумларни сўнгги йўлга кузатиш ишларида аралашиб юрган Ботир белни оғритмай осон пул топишнинг жуда антиқа усулини қўллайди.
Ўтганлар руҳини шод этиш, хотираларини абадийлаштиришда қабрлар устига тош қалаш динимизда қораланишига қарамай, кўпчилик ҳамон шу услубни афзал билади. Қабристонга ҳам бундай ниятда келувчиларнинг кети узилмайди. Ботир Улуғбеков ҳам ана шу ҳолатдан усталик билан фойдаланди ва муқаддам судлангани ҳам уни бу ҳаракатлардан қайтара олмади.
Дастлаб у турмуш ўртоғи вафот этган Мавлуда исмли аёлнинг ишончига кириб, ўзини «Минор» номли қабристонда қабрларга мармар тоши ясатиб, ўрнатиб берувчи уста сифатида кўрсатиб, 7,5 млн сўм, Фаррух Турдиевдан ҳам шу усулда 3,7 млн сўм, Жаҳонгир Тожиевдан 200 АҚШ доллари миқдорида пул олади ва ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Вақт ўтса-да, бу ишлар бажарилмайди ва чув тушганларини англаб етган жабрланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилади», дейилади суд матбуот хизмати хабарида.
Суд судланувчи Б.Улуғбековнинг жиноий ҳаракатлари юридик квалификациясига баҳо бериб, дастлабки тергов органи томонидан унинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «б» банди - фирибгарлик, яъни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни такроран, хавфли рецидивист томонидан қўлга киритиш квалификация белгилари билан тўғри квалификация қилинган деб топади.
Якуний ҳукм ўқилгунга қадар 85 кун ҳибсда сақланган Б.Улуғбековга суд узил-кесил ўташ учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 27,5 баравари, 6 миллион 132 минг 500 сўм миқдорида жарима ва иш ҳақининг 15 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.