Ўзбекистон | 11:42 / 24.10.2022
31985
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё вилояти ҳокимининг қонунчиликка зид қарори бекор бўлди

Тўра Боболов томонидан ҳукумат қарорига зид равишда Бандихон туман ҳокимлигига “Skoda Kodiaq Ambition” русумли хизмат машинасини харид қилиш учун 429 млн сўм ўтказиш тўғрисида фармойиш имзоланган.

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий тармоқларда 2022 йил 18 октябр куни Сурхондарё вилояти ҳокими Бандихон туман ҳокимлигига “Skoda Kodiaq Ambition” русумли хизмат машинасини харид қилиш учун 429 млн сўм ўтказиш тўғрисида 23-8-0-Ф/22-сонли фармойишни имзолагани ҳақида хабарлар тарқалди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан мазкур фармойиш ўрганилган. Ўрганиш давомида Бандихон тумани ҳокимлигига сотиб олиниши режалаштирилган хизмат машинасининг нархи ҳукумат қарорида белгиланган меъёрларга зид бўлгани аниқланган. 

Шу муносабат билан Агентлик вилоят ҳокимлигига тегишли фармойишини бекор қилиш юзасидан тақдимнома киритилган ҳамда мазкур фармойиш бекор қилинган.

Аввалроқ, Қашқадарё вилояти ҳокимининг Чироқчи тумани ҳокимлиги моддий-техника базасини қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарори қабул қилинганди.

Қарорга кўра, вилоят ҳокимлиги балансидаги, 2018 йилда ишлаб чиқарилган Captiva-4 хизмат машинаси белгиланган тартибда вилоят ҳокимлиги балансидан Чироқчи тумани ҳокимлиги балансига беғараз тартибда ўтказиб берилганди.

Маълумот учун, ҳукумат қарори билан белгиланган меъёрларга кўра, туман ва шаҳар ҳокимликларининг раҳбарларига сотиб олишга рухсат этилган хизмат автотранспортининг энг юқори нархи БҲМга нисбатан 1000 баробари (300 млн сўм), раҳбар ўринбосарларига эса базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан 700 баробари (210 млн сўм) этиб белгиланган.

Мавзуга оид