Дуда Украинани ўзига ёрдам бермоқчи бўлган қутқарувчини чўктираётган одамга қиёслади
Полша Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб киришга тақиқни узайтирди, шу билан бирга, ғалла транзитига рухсат берди. Бунга жавобан Киев Жаҳон савдо ташкилотига шикоят қилган.
Украина ва бир қатор Шарқий Европа давлатлари ўртасида Украина ғалласини олиб киришга қўйилган тақиқнинг узайтирилиши сабабли юзага келган можаро фонида Полша президенти Анжей Дуда Украинани ўзига ёрдам бермоқчи бўлган қутқарувчини чўктираётган одамга қиёслади. «Мен буни чўкиб кетаётган одамга ўхшаш нарсага қиёслаган бўлардим. Чўкаётган одам ўта хавфли, чунки у сизни чуқурликка тортиб кетади. У қутқарувчини чўктириб юбориши мумкин», деди Дуда чоршанба, 20 сентябр куни Ню-Йоркда бўлиб ўтган брифингда.
«Бу Полша ва Украина ўртасидаги вазиятга ўхшайди. Украина Россия ҳужуми остида, шубҳасиз, жуда оғир аҳволда, қўлидан келган ҳамма нарсага тирмашяпти. Биз бундан хафа бўлишимиз мумкинми? Албатта, ғазабланишимиз мумкин. Чўкаётган одамдан зарар кўрмаслик учун ўзимизни ҳимоя қиладиган тарзда ҳаракат қилишимиз керакми? Ҳа, биз чўкаётган зарар етказмаслиги учун ҳимояланишимиз лозим, сабаби у шикаст етказиб, чўктириб юборса, ёрдам ололмайди. Шунинг учун биз ўз манфаатларимизни кўзлашимиз керак ҳамда буни самарали ва қатъият билан қиламиз», деди Полша президенти Киевнинг норозилигини изоҳлар экан.
Анжей Дуда Украинани Полшадан ёрдам олаётганини унутмасликка чақирди. Унинг таъкидлашича, тақиқ Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари транзитига эмас, балки импортига тегишли.
Дуда ва Зеленский ўртасидаги учрашувнинг бекор қилиниши
Дуда, шунингдек, айни кунларда Ню-Йоркда бўлган Украина президенти Володимир Зеленский билан «ташкилий сабабларга кўра» учраша олмаганини тасдиқлади.
Учрашувнинг бекор қилиниши расман БМТ Бош ассамблеясидаги давлат раҳбарларининг «нутқлари жадвалидаги ўзгариш» билан изоҳланди. Шу билан бирга, Полша президенти Зеленский билан учрашув ҳали бошқа вақтда бўлиб ўтишини истисно этмади.
Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти билан боғлиқ зиддият
Апрел ойида Полша Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, жумладан, ғаллани импорт қилишни тақиқлади. Варшавадан кейин яна тўртта Европа Иттифоқи давлати: Венгрия, Словакия, Руминия ва Болгария буни амалга оширди, аммо ғалла транзити учун рухсатнома ўз кучида қолди. Бу мамлакатлар импорт тақиқини фермерларнинг банкротликка олиб келиши мумкин бўлган йўқотишлар ҳақидаги шикоятлари билан изоҳлади.
Шарқий Европа бешта давлатининг қарори Европа комиссияси томонидан ҳам маъқулланди, бироқ 15 сентябр куни у эмбарго муддатини узайтиришдан бош тортди, чунки «Украина билан чегарадош беш аъзо давлатда бозор бузилишлари йўқолди». Бироқ, Полша, Венгрия ва Словакия бу хулосаларга рози бўлмади ва тақиқни узайтирди, Варшава уни муддатсиз қилди.
Украина эмбарго юзасидан Жаҳон савдо ташкилотига шикоят қилди. Бунга жавобан Полша Украина ғалласи масаласи ҳал этилмаса, Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилишига рози бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирди.
Мавзуга оид
16:28 / 17.11.2024
Фронтдаги вазият: Украина қуролли кучлари мудофааси кўплаб участкаларда қуламоқда
14:24 / 17.11.2024
«Энг йирик ҳаво ҳужумларидан бири». РФ қўшини Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар уюштирди
10:05 / 17.11.2024
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
14:00 / 16.11.2024