«Энг йирик ҳаво ҳужумларидан бири». РФ қўшини Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар уюштирди
120 ракета ва 90 дрон учирилган.
РФ қўшини 17 ноябр тонгида Украина ҳудудлари бўйлаб ёппасига қўшма зарбалар йўллади. Президент Володимир Зеленский маълум қилишича, жами 120 ракета ҳамда 90 дрон учирилган. РФ қўшини турли дронлар, «Циркон», «Искандер» ва «Кинжал» каби қанотли ва баллистик ракеталардан фойдаланди, деб ёзади Зеленский телеграм-каналида. Унинг маълумотига кўра, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ҳаводаги 140 дан ортиқ нишонни йўқ қилган.
«Душманнинг нишони бутун Украина бўйлаб энергетика инфратузилмалари бўлган», — деб хабар беради Зеленский. Зарбалар электр энергия ишлаб чиқариш ҳамда узатиш объектларига йўлланганини энергетика вазири Герман Галушченко ҳам тасдиқлаган.
Россия ракеталари ва дронлари Киев, Одесса, Кривиҳ Риҳ, Днипро ва Ривнега ҳужум қилган. Зарбалар Лвив ва Миколайив областларига ҳам берилган. Лвив областининг Червоноград районида ракета парчалари тушиши оқибатида гараж ва автомобил ёниб кетган, деб хабар берган ҳудуд раҳбари Максим Козицкий.
Миколайивда турар жой биносига дрон зарбаси келиб тушиши оқибатида икки аёл ҳалок бўлган, тўрт нафар катта ёшли кишилар ва икки бола яраланган, деб хабар берган област раҳбари Виталий Ким. Лвив областининг Шептицкий районида Россия ракетаси парчалари тушиши оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, икки киши жароҳат олган, деб хабар бермоқда «Суспильне» нашри район маъмуриятига асосланиб.
Володимир Зеленский қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган.
«Ҳозирга келиб электр таъминоти ўчган ҳудудлар бор, оқибатларни бартараф этиш ва тиклаш ишлари учун барча зарур кучлар жалб этилган», — дея ёзган Зеленский. ДТЭК энергетика компанияси ҳам Киев, Донецк ва Днипропетровск областларида Россия зарбалари туфайли электр таъминотида профилактик узилишлар жорий этилгани ҳақида хабар қилган. «Имкони бор жойда қутқарувчилар ва энергетиклар аллақачон оқибатларни бартараф этиш устида ишламоқда», — деган энергетика вазири Герман Галушченко.
Одессада Россия зарбаси туфайли электр транспорт фаолияти бутунлай тўхтаб қолган. Шаҳардаги шифохоналар ва қозонхоналар генераторларга ўтказилган, деб хабар қилган мэр Геннадий Трухнов ва генераторлар барча қозонхоналар учун етарли эмаслигини қўшимча қилган.
«РБК-Украина» ёзишича, дрон ва ракета зарбалари туфайли бир неча йўловчи поездлар, жумладан Запорижжя — Одесса ҳамда Харкив — Одесса йўналишларида ҳаракатланувчи поездлар жадвалларида бузилишлар юзага келган.
Украина ташқи ишлар вазири Ондрий Сибига Россия 17 ноябр тонгида ракета ва дронлар орқали йўллаган зарбаларини кенг кўламли босқин бошланганидан буён «энг йирик ҳаво ҳужумларидан бири» деб атаган.
«Бу ҳарбий жиноятчи Путиндан сўнгги вақтларда унга қўнғироқ қилган ва зиёрат қилган ҳар бир кишига қаратилган жавобдир», — дея ёзган Сибига X ижтимоий тармоғида. Украина ТИВ раҳбари қандай қўнғироқ ва ташрифларни назарда тутганини очиқламаган. 15 ноябр куни ГФР канцлери Олаф Шолц сўнгги икки йил ичида илк бор Владимир Путинга қўнғироқ қилган, октябр ойи охирида эса БРИКС саммитида қатнашиш учун БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Россияга ташриф буюрганди.
РФ мудофаа вазирлиги Украина бўйлаб ёпирилма зарбаларга изоҳ бераркан, «Украина ҳарбий саноат комплекси фаолиятини таъминлаб турган ўта муҳим энергетика инфратузилма объектлари юқори аниқликдаги қуроллар билан нишонга олингани»ни маълум қилган. Шунингдек, вазирлик «ҳарбий мақсадли маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётган корхоналарга зарба берилгани» маълум қилинган.
Мавзуга оид
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024
Зеленский бир қатор украиналик дипломатларни ишдан олди
15:13 / 21.12.2024