Ўзбекистон | 17:05 / 15.08.2024
25650
2 дақиқада ўқилади

Собиқ вазир 7 йилга қамалгани маълум бўлди

Собиқ Уй-жой коммунал хўжалиги вазири ва Нурафшон шаҳар ҳокими лавозимларида ишлаган Музаффар Солиев 7 йилга қамалди. У давлат мулкини талон-торож қилиш ва мансаб сохтакорлиги жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 2017 йилдан 2021 йилгача Уй-жой коммунал хўжалиги вазири, 2021 йилдан 2023 йилгача Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган Музаффар Солиевга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Солиевга нисбатан иш жорий йил 13 март куни ЖИБ Шайхонтоҳур туман судида кўриб чиқилган. Биринчи инстанция судининг ҳукмига кўра, собиқ вазир Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) «а» ва «в» бандлари ҳамда 209-модда (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисмининг «а», «б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган. Суд ҳукмига кўра, собиқ ҳоким ва вазир 3 йил мансабдор ва моддий жавобгар шахс лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва узил-кесил 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўтаттириш белгиланган.

Аппеляция инстанцияси шу йил 30 июлдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.

Музаффар Солиев 2017 йил 5 июлдан 2021 йил январигача уй-жой коммунал хизматлар вазири лавозимида ишлаган. У Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган танқидий йиғилишдан кейин ишдан олинган эди. У 2023 йил бошида вазир лавозимидаги фаолияти билан боғлиқ иш юзасидан терговга жалб этилгани хабар берилган эди.

2021 йил 15 январда эса Нурафшон шаҳри ҳокими лавозимига тайинлаган. Солиев, шунингдек, фаолияти давомида мудофаа вазирининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.

Мавзуга оид