Ўзбекистон | 22:20 / 25.06.2020
20683
3 дақиқада ўқилади

«Мажбурий обунага жуда қаршиман». Шуҳрат Ғаниев – маддоҳлик, пора ва мажбурий обуна ҳақида

Бугун, 25 июнь куни Фарғона шаҳрида журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди ва унинг доирасида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев билан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Фарғонанинг тадбиркори – Фарғонанинг ислоҳотчиси» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида вилоят ҳокими кириш нутқи сўзлаб, сўнг журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

– Қуйи лавозимда ишлайдиганларнинг юқори лавозимдаги шахсларга маддоҳлик қилишига ўз муносабатингизни билдирсангиз.

– Тўғри савол. Менинг тушунчам бўйича, маддоҳлик – бажармаган ишини гапириш. Масалан, раҳбар сифатида менинг ўз принципим бор, буни вилоятимиздаги кўпчилик билади: кам гапириб кўп иш қилиш керак.

Маддоҳлар ҳақида... Ваъда берган одам, сўзга чиқиб, қайсидир вазифаларни бажариб ташлайман, деб қоп-қоп ваъдаларни берган раҳбар у ваъдани беришдан олдин ўйлаб кўриши керак: шу ваъдани беряпман-у, у бажариладими ёки бажарилмайдими? Шунинг учун очиғини айтиш керак.

– Вилоят ҳокими сифатида ишлаган даврингизда сизга пора таклиф қилишганми, ҳа бўлса қайси масалада?

– Агар менга пора таклиф қилишган бўлганида, мен пора берадиган раҳбарлар билан ишлаган бўлганимда шунча муддат бу лавозимда ишламаган бўлар эдим.

  • Маълумот учун, 2011 йилдан буён Фарғона вилоятини бошқариб келаётган Шуҳрат Ғаниев амалдаги вилоят ҳокимлари орасида энг узоқ вақт ўз лавозимида қолаётган раҳбар саналади.

– Мажбурий обунага қандай қарайсиз?

– Мен очиқ айтай, мен бюджет ташкилотлари ёки тадбиркорларни мажбуран обуна қилинишига жуда қаршиман. Сабаби – воқеликни тўғри тасвирлаб берадиган рўзнома кимнингдир обунага ёрдам беришига муҳтож бўлиб қолмайди.

Воқеликлар акс эттириладиган бўлса, қизиқиш катта бўлса, албатта, биз ҳам имконият даражасида тарғибот қилишга ёрдам берамиз. Тарғибот ва обуна қилишнинг фарқи бор.

Матбуот анжуманида вилоят ҳокими Сўх туманига оид савол бермасликни, бу туманга оид саволларга ёзма равишда жавоб бериши мумкинлигини айтди.

«Кечирасиз, узр сўрайман, — дея Сўх ҳақида савол бермоқчи бўлган журналистнинг гапларини бўлди Шуҳрат Ғаниев. — Сўх туманида 85 минг аҳоли яшайди, Фарғона вилоятининг аҳолиси 4 миллион. Сўх – Фарғона вилоятида энг кичкина туман, қолган туманларимизда 250-300 мингдан аҳоли яшайди.

Агар Сўх тумани бўйича саволлар бўлса, сизларнинг саволларингизга ёзма равишда ҳам ҳар қанча жавоб беришга тайёрман. Келинглар, Сўх тумани бўйича мулоҳазаларни... бошқа томонга олайлик».

Мавзуга оид