Жаҳон | 20:35 / 05.08.2025
9076
2 дақиқада ўқилади

АҚШ 5 минг доллардан 15 минг долларгача гаров эвазига виза бериш дастурини ишга туширади

Ушбу дастур виза муддатини ўтказиб юборадиган сайёҳларга қарши курашишга қаратилган.

Фото: Getty images

АҚШ баъзи мамлакатлардан келган сайёҳлар ва ишбилармон саёҳатчилар виза расмийлаштирганда 5 минг доллардан 15 минг долларгача гаров тўлаши керак бўладиган синов дастурини ишга туширмоқда. Бу ҳақда Reuters Давлат департаменти хабарига таяниб ёзди.

Ушбу дастур виза муддатини ўтказиб юборадиган сайёҳларга қарши курашишга қаратилган.

Дастур АҚШ консуллик ходимларига ўз хоҳишига кўра муддати ўтган визалар даражаси юқори бўлган мамлакатлардан келганлардан гаров ундириш ҳуқуқини беради. Гаров, шунингдек, текширув ва скрининг маълумотлари етарли эмас деб ҳисобланган мамлакатлардан келганларга нисбатан ҳам қўлланиши мумкин.

Таъкидланишича, 20 августдан кучга кирадиган янги виза дастури тахминан бир йил давом этади. Консуллик ходимларига виза талабгорлари олдига учта шартдан бирини қўйиш имконияти берилади: 5 минг, 10 минг ёки 15 минг АҚШ доллари, аммо одатда камида 10 минг АҚШ доллари талаб қилиниши кутилмоқда.

Агар саёҳатчилар виза шартларига мувофиқ ватанига вақтида қайтиб кетса, маблағлар уларга қайтарилади.

Шунга ўхшаш тажриба 2020 йил ноябр ойида Трампнинг биринчи президентлик муддатининг сўнгги ойларида бошланган, бироқ пандемия туфайли дунё бўйлаб саёҳатлар қисқаргани сабабли тўлиқ амалга оширилмаган эди.

Республикачилар назорати остидаги АҚШ Конгресси томонидан июл ойида қабул қилинган чорага кўра, ноиммиграция визаси маъқулланганлар учун 250 АҚШ доллари миқдорида «виза йиғими» жорий этилади. Ушбу йиғим виза қоидаларига риоя қилганларга эҳтимол қоплаб берилиши мумкин. 250 АҚШ доллари миқдоридаги йиғим 1 октябрдан кучга киради.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид