АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) Украина қуролли кучлари Владимир Путиннинг Валдайдаги қароргоҳига дронлар ёрдамида ҳужум қилишга уринмаган, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда The Wall Street Journal манбаларга таяниб хабар берди.
АҚШ разведкасидагилар фикрича, Украина қуролли кучлари Новгород областида, аммо Путин қароргоҳидан узоқда жойлашган ҳарбий объектга ҳужум қилишга уринган.
WSJ Америка разведкаси Россия ҳаво ҳудудини, шунингдек, унинг ҳудуди бўйлаб ҳужумларни сунъий йўлдошлар ва радарлар ёрдамида кузатиши мумкинлигини таъкидлаган.
МРБ директори Жон Рэтклифф разведка хулосалари ҳақида АҚШ президенти Доналд Трампга маълум қилди. Кўп ўтмай, Трамп ўзининг ижтимоий тармоғида New York Post газетасининг таҳририй мақоласига ҳавола эълон қилди, унда Украина катта эҳтимол билан Путиннинг қароргоҳига зарба бермагани айтилган. Трамп ҳаволани «Путиннинг «ҳужум» ҳақидаги баландпарвоз баёнотлари айнан Россия тинчликка тўсқинлик қилаётганини кўрсатмоқда» сарлавҳаси билан келтирган.
МРБ бу ҳақда расмий изоҳ бермади.
Москван томони Украинанинг 91 та дрони Путиннинг Валдайдаги қароргоҳига ҳужум қилишга урингани ҳақида хабар тарқатган. Бу ҳақда Россия президенти Доналд Трампга 29 декабр куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида маълум қилган. Шундан сўнг Трамп журналистларга «жуда ғазаблангани», ҳозир эса «ҳужумнинг мавриди эмаслиги»ни айтган эди.
Украина Путиннинг қароргоҳига ҳужум қилишга уринганини рад этди. Украина Ташқи ишлар вазирлиги Украина Қуролли кучлари «фақат Россия ҳудудидаги қонуний ҳарбий объектларга – Россиянинг Украинага берган зарбаларига жавобан» зарба бераётганини маълум қилди.
WSJ нашри материалидан сўнг, Россия мудофаа вазирлиги уриб туширилган дронлардан бирининг парвоз топшириғини ўқиганини маълум қилди. «Маълумотлар расшифровкасини таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, 2025 йил 29 декабрда Украина учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумининг якуний мақсади – Россия президентининг Новгород областидаги қароргоҳи объектларидан бири бўлган», – дейилади РФ мудофаа вазирлиги хабарида.
Россия мудофаа вазирлиги 1 январ куни АҚШ элчихонасига Украина 29 декабрга ўтар кечаси Путиннинг Валдайдаги қароргоҳига дронлар билан ҳужум қилганига исбот сифатида Украина дрони контроллерини намойишкорона топширди.










